Иқтисодиёт | 18:52 / 06.04.2019
45943
9 дақиқада ўқилади

Жалақудуқлик қирқ қиз ва хитойлик инвестор ҳасрати: «Биз ишлашни хоҳлаймиз!» 

 Kun.uz сайтига кунига турли масалаларда мурожаат қилишади. Бироқ, Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани, Ойим қишлоғидаги чет эл корхонасида фаолият юритаётган қиз-жувонларнинг арзи аввалгиларидан бошқачароқ эди.

Жалақудуқнинг Ойим қишлоғи, шоира Нодирабегим (Моҳларойим) шарафига шундай номланган. Қарангки, шу қишлоқдаги мумтоз шоирамиз авлодлари мушкул ҳолатга тушиб қолишибди.

Муаммо нимада?

2018 йили туман марказидан 25 километр узоқдаги (водийда бу узоқ ҳудуд деб номланади) Ойим қишлоғининг Кўкалам маҳалласида хитойлик инвесторларга қарашли JIA EN корхонаси иш бошлайди. Аёллар учун оёқ кийимлари тайёрлашга ихтисослашган фабриканинг очилиши маҳаллий қиз-аёллар учун яхши янгилик эди. Бунгача бу атрофда аёллар ишлаши учун бирорта корхона йўқ эди.

Бир вақтлар фаолият юритган ва қўлдан-қўлга ўтиб банкрот бўлган сочиқ фабрикаси биноси ўрнида иш бошлаган янги корхона сабабли қишлоқдаги 40 нафар қиз-жувон ишли бўлишади.

Қишлоқ аёллари маҳсулот тайёрлаш, тикишни тез ўрганишди. Ва улар чиқараётган шиппаклар бозоргир товарга айланди.

Қарангки, эндигина ишли бўлиб, жамоага аралашиб, кўнгли тўлган қиз-аёлларга корхона туман марказига кўчиши айтилади. Улар севимли ишларидан айрилишни истамаганлари учун турли жойларга мурожаат қила бошлайди.

Юқорида айтганимиздек, бир пайтлар сочиқ ишлаб чиқариб инсонларни иш билан таъминлаган 1 гектар жойда беш-ўн биноларга эга корхона, «ишбилармонлар» ўртасида қўлма-қўл бўлавериб, охири «Ипак йўли» банки тасарруфига ўтиб кетган. Бунга корхонани охирги бўлиб юритган раҳбарлари «Ипак йўл» банкидан кредит олгани сабаб бўлган, кредит эвазига бинолар гаровга қўйилган. Шундай қилиб, айни пайтда ҳудуд эгаси - банк.

Биз Ойимдаги корхонага етиб бориб, ичкарига кирмоқчи бўлганимизда рухсат беришмади. Ўзини, қўриқчилар бошлиғи деб таништирган йигит, «Тошкентдан, «Ипак йўли» банкидан қўнғироқ бўлиб, мухбирларни киргизмайсан», дейишганини билдирди.

Шундан кейин, биноларда ишлаётган аёллар биз билан суҳбатлашиш учун ташқарига чиқадиган бўлишди.

 «Қисинди» инвестор ва ишчи аёллар

Кўп вақт ўтмасдан ичкаридан 40 нафарга яқин қиз-аёллар чиқиб келишди. Улар бирин-кетин биз мухбирларга ва ҳамроҳимиз Жалақудуқ туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Зокиржон Давроновга саволлар ёмғирини ёғдиришди.

«Қишлоғимиз ва унинг атрофида нафақат аёллар балки эркаклар учун иш жойининг ўзи йўқ. Эрларимиз Россияга бориб ишлайди. Мана шу шиппак цехи очилиб, 50га яқин аёлларга иш ўрни очилганидан қанчалик хурсанд бўлгандик. Қарангки, энди ўрганганимизда цех эгаларига бинони бўшатиб, туман марказига кўчиш кераклигини айтишган. Ахир қишлоқ жойлар бўлса. 25 километр йўл босиб, ишга бориб кела олмаймиз. Ўзи маошимиз 400 мингдан 600 минг сўмгача атрофида, ахир! Илтимос, корхона кўчмасин», дейди ишчилардан бири Соҳиба Раҳмонова.

Кўриб турганингиздек, шу кунгача эри билан Россияга бориб ишлаган аёл ўз юртида нима қилиб бўлса ҳам озгина ойликка шукр қилиб яшашга рози.

Аёллар бири қўймай, иккинчиси гапирар эди. Уларнинг айтишича, корхона эгаларига яна қўшимча 50 нафар ишчи керак, лекин кўчишлари сабабли янги ишчиларни ишга олишмаяпти.

Қизиғи, ишчи аёллар фабрика ҳудудида эркин юра олмас экан. «Ипак йўли» банки томонидан қўйилган қўриқчилар улар исталган вақтда корхона ҳудудига кириб чиқишига рухсат беришмас экан. Бу ҳолатга ўша ерда турганимизда ўзимиз гувоҳ бўлдик.

Инвестор ҳатто, маҳсулот олиш учун келган мижозларнинг автомашиналарини ҳам банк томонидан тайинланган қўриқчилар ҳайдаб юбораётганини айтди.

Аёлларнинг дардини эшитгач, воқеани таҳлил қила бошладик. Бироқ вазият бироз чигал ва ечим топиш учун туман, вилоят ҳокими аралашиши кераклиги аниқланди.

Муаммо илдизи

Доимгидек, жуда кўп учрайдиган ҳодиса. Турли «ишбилармонлар» ўртасида қўлдан-қўлга ўтган бир пайтлар сочиқ фабрикаси бўлган корхона, охир-оқибат яна бир ношуднинг қўлига қолиб, банкдан олинган кредит тўланмагач, банк мулкига айланиб кетган. Туман ҳокими ўринбосари Зокиржон Давронов бино ва иншоотлар юзасидан банк билан судда иштирок этганини айтиб ўтди.

Ҳоким ўринбосари шу билан биргаликда, инвесторларга бошқа жой берилаётганини тушунтирди.

Банк бу жойни хитойлик инвесторга фойдаланиш учун бир ярим йил муддатга берган экан. Бу муддатнинг бир йилу икки ойи ўтиб бўлган. Энди чиқиб кетишини талаб қилмоқда. Бунга бўйсуниш керак. Чунки мулк эгаси банк.

Бундай ҳолатлар деярли барча туманларда учрайди. Бир пайтлар гуллаб-яшнаган бинолар ҳозир ташландиқ ҳолатда ётибди.

«Ипак йўли» банки Ойим қишлоғидаги корхонани 6-7 миллиард сўм атрофидаги нарх билан сотувга қўйган. Шунинг учун, биз ҳозир ишлаб турган хитойлик инвесторларни бошқа жойга кўчиришга мажбурмиз. Қизларга бошқа иш жойи топиб берамиз», дейди Зокиржон Давронов.

Лекин чекка туманнинг чекка бир қишлоғидаги корхонани 6-7 миллиард сўмга сотиб олувчи харидор топилиши қийин масала бўлса керак, назаримизда.

400 минг сўм ойликка кўниб ишлаётган аёлларнинг туман марказига кунига пул сарфлаб бориб келиши эса бундан-да қийин ҳолат.

Инвестор нима дейди?

Жалақудуқ туманига 5 миллион доллар инвестиция олиб киришни ният қилиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўяётган хитойлик тадбиркор, JIA EN корхонаси раҳбари Лин Ен Жу билан суҳбатлашдик.

"Менга туман ҳокимлиги Ойим қишлоғидаги мана шу жойни бўш дегани учун келиб иш бошладим. Туманга 5 миллион АҚШ долларида инвестиция киритмоқчимиз. Ташландиқ жойни эпақага келтиришнинг ўзи бўлгани йўқ. Ишчиларнинг ишлаши учун шароит яратдик. Бунга 50 минг долларга яқин маблағ кетди. Аёллар, қизлар маҳсулот тайёрлашни тез ўрганишди. Жуда кўп мижозлар орттирдик. Вақт ўтгач билсак, бу жой банкка қарашли экан. Мен ҳам ишчиларимга ўрганиб қолганман. Янги жойда яна янги ишчилар олиш ва уларга ҳам иш ўргатиш керак. Ахир бу ўзига хос муаммо. Шароитларга ҳам кўникдим. Қиш бўйи электрда кўп узилишлар бўлиб турди. Ўчади-ёнади, ўчади-ёнади. Кечқурунлари беш соатча берилар экан. Қани эди Ойимда қолсак. Бироқ, бизга тааллуқли бўлмаган муаммо сабаб, туман марказига бино қуриб ишни ўша ерда бошлайдиган бўлиб турибмиз. Бундан ташқари, ҳудуд эгаси «Ипак йўли» банки қўриқчилари ҳам қийнаб юборди. Маҳсулот сотиб олгани келган мижозларнинг автомашиналарини атайлаб киргизмайди. Ишчи аёлларимизга тинимсиз равишда «Бу сенларнинг жойинг эмас», дея зуғум ўтказишади.

Шундай бўлса ҳам шароитлар яратилса, Ойимда корхонани сақлаб қолган бўлардик. Чунки, малакали ишчиларга эгамиз», дейди Лин Ен Жу.

 Ойим муаммоси барча қишлоқ аёллари муаммосидир

Ўзбекистон аҳолисининг нисбатан кўпроқ қисми қишлоқларда яшайди. Охирги йилларда чет элга кетаётган эркаклар ортидан аёлларнинг хорижга кетиши кўрсаткичлари ҳам сезиларли даражада кўпайган. Сабаб эса аниқ - ишсизлик.

Қишлоқда саноатни юргизиш учун эса турли тўсиқларни енгиш лозим. Энг аввало, электр энергияси ва табиий газ йўқлиги. Йўллар масаласи ҳам бор.

Аёл кишининг ҳам ишлагиси, рўзғорига ёрдам бергиси келади. Жамият, жамоа ичида фаолият юритиши унинг оиласи фаровонлиги ва болалар тарбиясига ижобий таъсир қилиши бор гап.

Қани эди, қишлоқларда ҳам кичик бизнес ва тадбиркорлик гуркираб ривожланса... «Россияда ўзбек ишчиси томдан тушиб ҳалок бўлди», «Туркияда ўзбек мигрант аёли қўлга тушди», деган хабарлар озайган, қишлоқ аҳолиси ҳаёти фаровонлиги ошган бўлар эди.

Қисқача хулоса қиладиган бўлсак, шундай ҳолат юзага келишига «Ипак йўли» банки сабабчи эмас, асл муаммо туман ҳокимлигининг инвестор учун низоли бўлган бинодан жой ажратиб берганида бўлмоқда. Умид қиламизки, ҳар қандай муаммога бефарқ бўлмаган Андижон вилояти ҳокими ҳамда Жалақудуқ туман ҳокимлиги Ойим қишлоғидаги қиз-жувонларнинг муаммосини жиддий кўриб чиқиб, чекка бир қишлоқдаги қора қозонларнинг қайнаб туришига оз бўлса-да сабабчи бўлаётган корхона айнан шу ҳудуднинг ўзида сақлаб қолинишига ва шунинг баробарида инвестор ҳам ўз бизнесини хотиржам давом эттиришига зарур барча имкониятларни яратиб беради.

Тез кунларда ойимқишлоқлик қирқ қиз ва инвестор учун яхши янгилик бўлиб қолса ажаб эмас.

(Иш жараёни акс этган суратлар мурожаат қилган аёллар томонидан тақдим қилинган)

Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид