Ўзбекистон | 07:27 / 06.04.2019
51182
5 дақиқада ўқилади

Президент кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар бўйича янги қарор имзолади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги, Марказий банк ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг:

давлат нотариал идоралари томонидан – кўчмас мулкка оид битимларни тасдиқлаш ишларини амалга оширишда, кўчмас мулкнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, чекланган (юкланган) ва бекор бўлган ҳоллар бундан мустасно;

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан – “E-IJRO AUKSION” Ягона электрон савдо майдончасида кўчмас мулкни (давлат активлари қисмида) аукцион орқали сотишда;

риэлторлик ташкилотлари томонидан – нотурар кўчмас мулк бўйича риэлторлик хизматларини кўрсатишда;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги ПҚ-2639-сонли қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этаётган тижорат банклари томонидан – қурилиши тугалланган уй-жойни расмийлаштиришда “ягона дарча” тамойили асосида Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма бериш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Белгиланишича:

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб нотариал ҳаракатлар асосида вужудга келадиган Тошкент шаҳрида жойлашган кўчмас мулкка, 2020 йил 1 январдан бошлаб эса Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотлар Реестрга фақат давлат нотариал идорасининг талабномасига асосан электрон шаклдаги кадастр паспорти тайёрланганидан кейин нотариуслар томонидан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқ эгасини ўзгартириш шаклида киритилади ва бир вақтнинг ўзида Реестрдан кўчирма берилади;

2020 йилнинг 1 январидан бошлаб уй-жойга мулк ҳуқуқини ҳамда қонун асосидаги ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш учун уй-жойни фойдаланишга қабул қилиб олиш далолатномаси ва бошқа зарур ҳужжатлар тижорат банклари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар) филиалларига ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юборилади;

2020 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулк объектини “E-IJRO AUKSION” Ягона электрон савдо майдончасида аукцион орқали сотиш (давлат активлари қисмида) ва риэлторлик хизматлари кўрсатиш натижасида вужудга келадиган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган маълумотлар тегишлича Давлат активларини бошқариш агентлиги ва риэлторлик ташкилотлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларга ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юборилади;

Реестрдан кўчирма Давлат активларини бошқариш агентлиги, риэлторлик ташкилотлари ва тижорат банклари томонидан мулкдорнинг хоҳишига кўра электрон ва (ёки) қоғоз шаклида кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар ва қонун асосидаги ипотека давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин ушбу бандда назарда тутилган муддатларда берилади.

Белгилаб қўйилишича:

а) ташкилотларнинг маълумотлари асосида мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ариза талаб этилмайди;

б) кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни, шунингдек, қонун асосидаги ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш учун ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган рўйхатга олиш йиғимлари ундирилади ва улар қуйидаги тартибда тақсимланади:

10 фоизи Адлия вазирлиги ёки Давлат активларини бошқариш агентлиги (кўчмас мулкни “E-IJRO AUKSION” Ягона электрон савдо майдончасида аукцион орқали сотишда ва риэлторлик хизматлари кўрсатишда) бюджетдан ташқари жамғармаларининг шахсий ҳисобварақларига ёхуд тижорат банкларнинг банк ҳисоб рақамига;

қолган маблағлар давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларнинг банк ҳисоб рақамига ўтказилади;

в) 2020 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулкнинг янги эгалари тўғрисидаги маълумотлар уларга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин тегишлича давлат нотариал идоралари ва давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар томонидан коммунал хизматларнинг ахборот тизимларига автоматик тарзда юборилади. Бунда коммунал хизматлар кўчмас мулкнинг янги эгаларидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид