Жамият | 21:36 / 09.04.2019
23937
6 дақиқада ўқилади

IELTS ва СЕFR сертификатларини сохталаштириш мумкинми?

Дунё бўйича 57 миллион бола мактабдаги таълим тили туфайли таълим олишга қийналади. GPE маълумотига кўра, ўзга тилда ўқувчилар ўзлаштириши паст бўлиши кўп кузатилган. Шунга қарамай, сифатли таълим ва юқори малакага эга бўлиш учун ўзга тилда таълим бериладиган, нуфузли хорижий олий таълим муассасаларига йўл олаётган ўзбекистонлик ёшлар кам эмас. 

Улар тил билиш даражасини акс эттирувчи халқаро тил сертификатларига эга бўлишга ҳаракат қилишади. IELTS ва CEFR сертификати шу мақсадда изланаётган ёшларга хорижий таълим эшикларини очувчи восита ҳисобланади. Лекин, афсуски, уни сохталаштириш орқали мўмай даромад қилувчилар ҳам пайдо бўлган. 

Халқаро тил сертификатларини маҳаллий университетларга қабул қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланган. Ҳужжат қабул қилинса, тил сертификатларини сохталаштириш ҳақиқатан даромадли ишга айланади. 

Хўш, қарор лойиҳасида юзага келиши мумкин бўлган вазиятларга олдиндан тайёргарлик кўрилганми? Мавжуд жараёнга ҳар томонлама ёндашиб баҳо бериш лозим.

Давлат тест маркази чет тилларни билиш ва баҳолаш бошқармаси «Чет тиллар» бўлим мудири Эльвира Ураеванинг айтишича, маҳаллий олий таълим муассасаларига ўқиш учун ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида CEFR сертификатининг ҳақиқийлигини текшириш учун махсус механизм ишлаб чиқилган. 

«Бунда чет тилларни билиш ва баҳолаш бошқармасининг расмий nsfla.uz сайтига ташриф буюриб «Сертификат назорати» бўлимини танлаш ва сертификат рақамини теришнинг ўзи кифоя», — дейди у. 

Шу ўринда Ураевадан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ва халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси (2018 йилнинг 28 ноябридан 11 декабригача кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган) ҳақида сўралганда, тез орада ушбу ҳужжат қабул қилиниши мумкинлиги истисно этилмади. Шу боис мутахассис CEFRдан бошқа халқаро сертификатларнинг ҳақиқийлигини текшириш бўйича механизм қарор қабул қилинганидан сўнг аниқ бўлишини қўшимча қилди.

IELTS инструктор Бекзод Мираҳмедов эса айни вақтда IELTS сертификатини сохталаштириб, ундан турли мақсадларда ишлатиш ҳолатлари кўпайиб қолганини билдирди. 

«Айниқса, сохта ҳужжат асосида ўқувчиларга таълим беришаётганлиги ачинарли ҳолатдир. Ўз тажрибамда бу каби вазиятларнинг кўпига дуч келганман. Ижтимоий тармоқларда юқори балли IELTS сертификати рекламаларига кўзингиз тушади. Ушбу усул ўқувчиларни ўзига жалб қилади, албатта. Ҳозирги вақтда талабгорлар сони ортгани сайин бу йўналиш алоҳида бизнес турига айланди. Бу таълим бизнеси. Шундай экан, маблағдан муҳимроқ жиҳат билим ҳисобланади», — дейди у.

Инструкторнинг айтишича, ота-оналар, абитуриентлар инглиз тили ўқитувчисини танлаётганда, унинг тил сертификатини, албатта, текшириб кўриш лозим. 

«Ҳақиқийсини сохтасидан ажратиш қийин. Лекин сиз эътибор берадиган жиҳат – муҳр, имзо ва номзоднинг махсус коди бўлиши керак. Уларнинг рангига алоҳида аҳамият беришни унутманг», —дея қайд этган у.

Edu-Action IELTS тест маркази раҳбари Акмал Аҳрорхўжаевнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқдаги сохта тил сертификати эгаларига чора кўриш қийин масала. Энг аввало, IELTS сертификатини шу шахснинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштирганми ёки бошқа фойдаланувчи томонидан эканлигини аниқлаб олиш керак. 

«Бизнинг тест марказимиз сохта сертификатлар бўйича чора кўрадиган ваколатли ташкилот эмас. Вазифамиз ҳужжатни сохталаштирганлиги тўғрисида IELTS имтиҳонларига масъул орган - Cambridge Assesment Englishга ўша шахснинг сертификати сохталиги бўйича расмий ҳисобот бериш билан чекланади. Юборилган ҳисоботдан сўнг текширув ўтказилади ва фирибгарлик аниқланса, номзоднинг сертификати бекор қилинади ва 2 йилгача ёки бутунлай IELTS имтиҳонини топшириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бор: сертификатни айнан ким сохталаштирганлиги бизга қоронғи. Кимдир сертификат эгасига қасддан бу ишни амалга оширган бўлиши ҳам мумкин», — дея фикр билдирди Аҳрорхўжаев.

Маълум қилинишича, IELTS сертификати ҳақиқийлигини текшириш учун ielts.ucles.org.uk сайтидан рўйхатдан ўтиш керак. Кейин сертификатнинг пастки ўнг томонида берилган рақам ва ҳарфлардан иборат штрих код юборилади ва номзоднинг ҳақиқий кўрсаткичлари намоён бўлади. Рўйхатдан ўтиш фақат юридик шахс томонидан (ташкилот ёки таълим муассасаси номи билан) амалга оширилади. Жисмоний шахс сўрови кўриб чиқилмайди. 

Шу ўринда бир қизиқ фактга эътиборингизни қаратмоқчимиз: Ўзбекистонда атиги 15 та юридик шахс IELTS сертификати ҳақиқийлигини текшириш ҳуқуқига эга. Улар орасида таълим муассасаларидан Ўзбекистонда аккредитацияда ўтган олий таълим муассасалари (Турин, Инҳа, Сингапур, Вестминстер университетлари), Самарқанд Давлат чет тиллари институти бор. Республикадаги бошқа ҳеч қайси ОТМ бундай рўйхатдан ўтмаган. 

Айрим маҳаллий ОТМларнинг магистратура ва ҳаттоки бакалавриат босқичларига IELTS сертификатлари қабул қилинаётганлиги ва уларнинг ҳақиқийлиги қай усулда текширилаётганлиги шаффоф эмас.

Ўйлайманки, вакиллик органлари вазиятни тўғри баҳолаб, мавзуга ўз муносабатларини билдиришади. 

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид