Жаҳон | 20:48 / 09.04.2019
71623
4 дақиқада ўқилади

Қайси давлатларда очлик ҳукм сурмоқда?

Фан-техника юксак тараққиётга эришган йигирма биринчи асрга келиб ҳам инсониятнинг бу элементар муаммодан қутула олмаганига қатор сабаблар бор, албатта. Қурғоқчилик, табиий офатлар камлик қилгандай одамзод айнан энг оғир ҳудудларда узлуксиз урушлар, коррупция, саводсизлик каби муаммоларни қориштириб, ўзини баттар мураккаб аҳволга солаверади. Эътиборингизга очлик мунтазам ҳукм сураётган 7 давлатни келтириб ўтамиз.

Маълум бўлишича:

* БМТ 1948 йилдаёқ Инсон ҳуқуқларига оид Бутунжаҳон Декларациясида ҳар бир шахс муносиб овқатланиш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисида банд битилган;

* БМТ Озиқ-овқат ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, сайёрамизнинг ҳар еттинчи вакили тўйиб овқат емайди;

* Ҳисоб-китобларга кўра ҳар 3,6 сонияда бир инсон айнан очлик туфайли вафот этмоқда.

7. Эритрея

6 миллион аҳолининг 80 фоизи қишлоқ хўжалигида жон куйдирса-да, бу соҳа ЯИМнинг 10 фоизини ҳам бермайди. Эритреяликларнинг 70 фоизидан ортиғи қашшоқлик гирдобида яшайди ва очлик бу ҳудудда мустаҳкам ўрнашиб олган муаммодир. Сўнгги маълумотларга қараганда, аҳоли жон бошига ЯИМ 482 АҚШ долларига қадар тушган ва бу ўтган йиллардагидан ҳам ёмон кўрсаткич.

Фото: БМТ

6. Судан

Шарқий Африкадаги бу давлатнинг аҳволига ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Давлатлар, қабилалар, гуруҳлар ва қишлоқлар ўртасидаги мунтазам урушлар халқнинг тинкасини қуритган. Террорчилик хуружлари вазиятни янада мураккаблаштиради. Бу ҳолатларнинг ҳаммаси очлик муаммосини йилдан-йилга чуқурлаштириб бормоқда.

5. Замбия

Жанубий Африкадаги бу давлатнинг катта ёшли (15—49 ёш)  аҳолисининг 15 фоизга яқини ОИТСнинг оғир шаклига дучор бўлишган ва даволаниш имкониятига эга эмас. Замбияликларнинг 82 фоизи қашшоқликда кун кечираётгани ҳисоблаб чиқилган ва бу ҳолат табиийки, очликнинг кучайишига замин яратган. Мунтазам зиддиятлар ҳам вазиятни оғирлаштиради.

Фото: REUTERS

4. Яман

Африка давлатлари орасида араб давлати аралашиб қолиши бежизга эмас. Сўнгги йилларда мафкуравий зиддиятлар, қўшни давлатлар қўшини киритилиб олиб борилаётган очиқ урушлар, кундан-кунга қулоч ёзаётган вабо эпидемияси одамларнинг силласини қуритган. Аҳолининг мутлақ кўпчилиги очлик гирдобида, бу ҳолатлар бирлашиб гўдаклар ўлимининг кескин ортишига сабаб бўлган.

3. Сьерра-Леоне республикаси

Ғарбий Африкадаги Сьерра-Леоне Республикаси Атлантика океани қирғоғида жойлашган. Қулай жойлашуви, табиий ресурсларга бойлигига қарамай энг қашшоқ, энг оч одамлар шу давлатда яшайди, дейилса муболаға эмас. Сабаби кўпчилик давлатлар бу рўйхатга турли сабабларга кўра охирги йилларда кириб қолишган ва уларнинг ўрни алмашиб туради. Аммо Сьерра-Леонедаги очлик асрий тарихга эга ва охири кўринай демайди.

Фото: REUTERS

2. Марказий Африка Республикаси

Бу давлатда олтин, олмос, нефть каби фойдали қазилмалар, катта майдонларда ўрмонлар бор. Бироқ сиёсий беқарорлик, коррупция, узлуксиз урушлар, ўта юқори жиноятчилик иқтисодни издан чиқарган. МАР фақат халқаро ташкилотлар кўмагига таяниб яшайди. Ҳар 1000 чақалоқдан 105 нафари нобуд бўлади. Аҳолининг мутлақ кўпчилиги очликдан қийналади.

1. Чад

Марказий Африкадаги бу давлатда муаммолар қалашиб ётибди. Соғлиқни сақлаш издан чиққан, инфекцион касалликлар авжида, элементар гигиена унутилган, ўлим кўрсаткичи жуда юқори.  Ичимлик суви ва оддий егуликлар етишмаслиги натижасида аҳолининг ўртача ёши 45 ёш атрофида.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Мавзуга оид