Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Канада провинциясида ўқитувчиларга диний атрибутлар тақиқланиши мумкин
7 апрель, якшанба куни Канаданинг иккинчи энг йирик шаҳри Монреалда «Давлатнинг дунёвийлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасига қарши тинч норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Ушбу оммавий акция ҳужжат лойиҳаси эълон қилинганидан буён ўтказилган намойишларнинг энг йириги бўлди.
Ҳудудий жиҳатдан Канададаги энг йирик провинция ҳисобланувчи Квебекда 21-сонли қонун лойиҳаси (Bill 21) 28 мартда муҳокамага қўйилди ва у катта эҳтимол билан ёзгача тасдиқдан ўтиб, амал қила бошлаши кутилмоқда. Қонун белгиланган тоифадаги давлат хизматчиларига, жумладан мактаб ўқитувчиларига ҳам иш вақтида диний либосда бўлиш ва диний мансубликни билдирувчи атрибутлар тақишни тақиқлайди.
Кимга ва нимани ман этишмоқчи?
Квебек Иммиграция вазирлиги раҳбари, қонун лойиҳасининг асосий ташаббускорларидан бири Симон Жолин-Барреттнинг сўзларига кўра, агар қонун кучга кирса, диний атрибутларнинг барча турлари – мусулмон аёлларнинг ниқоб ва ҳижоблари, насронийлар учун хочлар, сикхларнинг дасторлари (салла) ва шу кабилар – уларнинг ўлчамидан қатъи назар, маълум тоифа вакиллари учун ман этилади. Унинг қўшимча қилишича, таклиф этилаётган чекловлар соч турмаклари ва татуировкаларга дахлдор эмас.
Фото: Jacques Boissinot/Canadian Press
Ҳужжатда тақиқ тегишли бўлган касб ходимларининг қуйидагича рўйхати келтирилган:
– қуролланган давлат хизматчиларининг барча тоифалари, хусусан полиция офицерлари, суд констебллари, тансоқчилар, қамоқхона соқчилари ва ёввойи табиат қўриқчилари;
– прокурорлар, ҳукумат юристлари ва судьялар;
– мактаб директорлари, уларнинг ўринбосарлари ва ўқитувчилар.
Нега мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилар?
Рўйхатнинг сўнгги банди энг кўп эътирозларга сабаб бўлмоқда, минглаб намойишчилар ҳам айни шу банд туфайли кўчаларга чиқишган. Қонунда илгари сурилаётган тақиқлов тарафдорларининг фикрича, бу ерда гап эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги устида кетяпти. Ғоя муаллифлари: «Барча динларда ҳам аёллар эркаклар билан тенг кўрилавермайди, ўқитувчи аёлда ана шундай диний мансубликни кўрган болалар эса гендер тенгсизлиги тушунчаси билан улғаядилар. Масалан, бола устозидаги ниқоб ёки ҳижобни аёлларнинг эркаклардан пастроқ даражада туришини англатувчи рамз сифатида қабул қилиши мумкин», деб ҳисоблашмоқда. Жумладан, Квебек бош вазири Франсуа Лего ҳам шундай фикрда:
Фото: The Canadian Press Images/Ghyslain Bergeron
«Бу аёллар эркаклар билан тенг ҳуқуқли эмас, деган ғояни болалар онгига сингдириши мумкин. Буни ўқувчилар баъзи динлар бошқаларидан устун туради, деб тушунишлари ҳам мумкин. Мен Квебекдаги ҳозирги даврда бу қарор асосли ва адолатли қабул қилинмоқда, деб ҳисоблайман.
Биз фарзандларимиз учун энг яхшисини танлашимиз керак. Одатда 5, 6 ёки 7 ёшли қизча учун унинг ўқитувчиси намуна бўлиб кўринади. Биз давлат ва динни ажратиш тўғрисида қарорлар қабул қилдик, энди бу қарорлар лавозимдаги шахсларда ҳам ўз аксини топиши керак», – деган провинция ҳукумати раҳбари.
Франсуа Легонинг қўшимча қилишича, қонун амал қила бошлаган вақтда ўз лавозимида ишлаб турган баъзи тоифа вакилларига ҳужжатда кўзда тутилган мажбуриятлар дахлдор бўлмайди. Бу тоифада мактаб ўқитувчилари ҳам бор, яъни улар бошқа мактабга ишга ўтмагунларига қадар ёки лавозимлари ўзгармагунча диний либос ва атрибутларда ишга келишлари мумкин. Бошқача айтганда, қонун талаблари фақат янги ишга жойлашаётган ўқитувчиларга тааллуқлидир. Бу эса муаллима ёки яна айрим турдаги касблардан бирининг эгаси бўлишни истаётган фуқароларни танлов олдида қолдиради: улар ё диний эътиқодини, ёки севимли касбини танлашга мажбур бўладилар.
Суд ва Канада федерал ҳукумати нима дейди?
21-сонли қонун лойиҳаси – Квебекда секуляр жамиятни қарор топтириш йўлидаги ҳуқуқий чораларнинг дастлабкиси эмас. Провинцияда ўн йилдан кўпроқ вақтдан буён мусулмон аёлларнинг ниқоб ва ҳижоби масаласи доимий муҳокамалар мавзусига айланган.
2017 йил октябрь ойида Квебекда давлат хизматларидан фойдаланаётган фуқаролар ва бу хизматларни тақдим этаётган ходимлар жараён вақтида юзлари тўла ёпилган ҳолда бўлишларини тақиқловчи қонун (Bill 62, «Диний нейтраллик тўғрисида») қабул қилинганди, аммо орадан икки ой ўтгач, мазкур қонун устидан шикоят қилган Канада мусулмонлари миллий кенгаши ва Канада инсон ҳуқуқлари ассоциацияси судда ютиб чиқди. Суд қонунда кўзда тутилган тақиқларни Канада Ҳуқуқ ва эркинликлар хартиясига зид, деб топди ва унинг маълум қисмларини амалдан тўхтатиб қўйди.
2018 йил октябрида Квебекда Миллий Ассамблеяга сайлов бўлиб ўтди ва унда «Квебек келажаги учун коалиция» партияси илк марта парламентдаги кўпчилик ўрин билан ғалаба қозонди ҳамда ҳукуматни шакллантириш ҳуқуқини қўлга киритди – партия асосчиси Франсуа Лего бош вазирга айланди. Бундан аввалги ҳукумат тепасида туриб, икки йил олдинги 62-сонли қонун ташаббускори бўлган Квебек либерал партияси эса 2018 йилги сайловда Легонинг тарафдорларидан икки баробарга кам ўринга эга бўлди ва парламентда расмий мухолифатчига айланди.
Шундай бўлса-да, ҳар иккала партиянинг ижтимоий-диний соҳадаги сиёсати бир-биридан айтарли фарқ қилмайди. Аксинча, «Квебек келажаги учун коалиция» секуляризм ўрнатишда ўзидан аввалги ҳукуматдан-да қатъийроқ курашга киришди. 2017 йилдаги «Диний нейтраллик тўғрисида»ги қонундан фарқли ўлароқ, 28 мартда эълон қилинган «Давлатнинг дунёвийлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини суд орқали тўхтатиб қўйишнинг имкони йўқ. Боиси Франсуа Лего тарафдорлари қонунни ишлаб чиқишда Канада юрисдикциясида камдан кам ҳолларда қўлланувчи, Ҳуқуқ ва эркинликлар хартиясини вақтинча четлаб ўтиш имконини берадиган ҳуқуқий банддан (notwithstanding clause) фойдаланганлар. Канада Ҳуқуқ ва эркинликлар хартиясига биноан, мамлакат федерал парламенти ва провинцияларнинг қонун чиқарувчи ҳокимиятлари хартиянинг муайян бандларига (улар орасида виждон эркинлиги банди ҳам бор) зид келувчи қонунларни беш йилгача муддатга вақтинча амал қилиш учун қабул қилиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолатда парламент тасдиқлаган қонунни суд ҳокимияти чеклаб қўя олмайди.
Дарвоқе, таклиф этилаётган қонун (Bill 21) қабул қилинган тақдирда (Лего июнь ойигача бунга эришиш ниятида эканини маълум қилган), унга асосан Квебек Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари хартиясига ҳам ўзгартириш киритилади. Ҳужжатдаги: «Шахс ўзининг энг асосий ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланар экан, демократик қадриятлар, жамоат тартиби ва Квебек фуқароларининг умумий фаровонлигига нисбатан ҳурмат сақлаши лозим», жумласида «демократик қадриятлар» сўзларидан кейин «давлатнинг дунёвийлиги» бирикмаси қўшилади.
Шунга мувофиқ, парламент мажлислар залида спикернинг ўриндиғи («тахти») юқорисига илинган улкан хоч рамзи ҳам бошқа жойга кўчирилиши кутилмоқда. У 1936 йилда ўрнатилган.
Эътиборлиси, қонун лойиҳасига қарши чиқаётганлар қаторида Канада бош вазири Жастин Трюдо ҳам бор. У лойиҳа эълон қилинган куниёқ: «Мен эркин жамиятда фуқаролар қонун асосида диний эътиқодига қараб ажратилишини тасаввур ҳам қила олмайман», дея муносабат билдирганди.
Маълумот учун, Квебек – майдони жиҳатидан Канаданинг энг йирик ҳудудий бирлигидир. Канада конституциясига асосан, ушбу провинция кўплаб соҳаларда қонунларни мустақил тарзда қабул қилади. Вақти-вақти билан сепаратистлар мустақиллик даъвоси билан чиқиб туришади, бу масала икки маротаба референдумда овозга ҳам қўйилган.
Нега айнан Квебекда шундай бўлмоқда?
Диний либос масаласи мамлакатнинг айни шу қисмида энг кўп муҳокама қилинишига бир қатор сабаблар бор.
Биринчидан, провинцияга келаётган мигрантларнинг аксарияти Шимолий Африка мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Иккинчидан, Квебек аҳолисининг 80 фоиздан ортиғи провинциянинг расмий тили – французчада сўзлашади. Шу боисдан ҳам Франция 2004 йилда мактабга диний рамзлар таққан ҳолда келишни, 2010 йилда эса барча жамоат жойларида мусулмон аёлларнинг юзни деярли тўлиқ тўсиб турувчи ниқобида бўлишни қонун билан тақиқлагани квебекликларга таъсир ўтказмай қолмаган. Учинчидан эса, ҳудудда исломофобия даражаси юқори. 2017 йилда Квебек шаҳридаги Ислом маданият марказига намоз вақтида рўй берган қуролли ҳужум оқибатида 6 киши ҳалок бўлган, 19 киши жароҳатланган эди. Ўша йили бошқа шахсга унинг ўзгача эътиқоди ёки тана ранги сабабли содир этилган жиноятлар (hate crimes) сони ҳам рекорд даражаги юқори кўрсаткични қайд этганди.
Шу ва бошқа факторлар ҳисобига, Квебекда диний либос ва атрибутлар масаласи энг кўп муҳокама қилинувчи мавзулардан бирига айланган. Миллий Ассамблеядаги 125 депутатдан 75 нафари ўнг-марказчи партия – «Квебек келажаги учун коалиция» аъзосидир. 2017 йилдаги «Диний нейтраллик тўғрисида»ги қонун бўйича ўтказилган сўровномада қатнашган квебекликларнинг 76 фоизи қонунни маъқуллаган, 24 фоизи эса унга қаршилигини билдирган эди.
Мавзуга оид
12:35 / 28.05.2025
Трамп: Канада "Олтин гумбаз" ҳимоясини 61 млрд долларга олади
18:03 / 27.05.2025
Канада парламентининг янги спикери лавозим курсисига мажбуран ўтқазилди
20:02 / 24.05.2025
G7 саммити ва Трампнинг божлари: музокараларда аниқ натижалар кўринмади
00:45 / 22.05.2025