Спорт | 19:00 / 10.04.2019
21404
6 дақиқада ўқилади

Тизим. Биз қачон муваффақиятга эришамиз?

2009-2012 йилларда Пеп Гвардиола «Барселона»ни Европанинг энг кучли клубига айлантирганда, эсингизда бўлса, «Ла Масия» академияси ҳақидаги мақолалар, маълумотлар ҳам кўпайиб кетганди. Ростданам, ўша таркибда клубнинг жуда кўп тарбияланувчилари тўп суришган – Месси, Пуйоль, Иньеста, Хави, Вальдес, Пике, Фабрегас, Бускетс, Педро, Алькантара, Тельо, Куэнка – ҳозир эсимга келганларидан бутун бошли, кучли таркиб ҳосил қилиш мумкин.

Ҳамма «Ла Масия» тажрибасини ўргана бошлаган – у ерда таълим жуда қаттиқ экан, интизомни биринчи ўринга қўйишаркан, жуда кучли мураббийлар ишлар экан, маълум бир услубга мослаб етиштирар эканлар ва ҳоказо. Балким мана шундай маълумотларни ўқиб туриб, «Барселона» мухлислари яқин эллик йилда уларни ҳеч ким тўхтата олмаслиги ва ҳатто янги янги Мессилар ҳар беш йилда «конвейер»дан чиқиб туришига ҳам ишонган бўлишлари мумкин.

Лекин йиллар ўтди. Юқорида саналганлардан икки футболчи ҳамон «Барселона»да ўйнамоқда. «Ла Масия»нинг кейинги битирувчилари эса, бири «Вулверҳэмптон»да захирада тушиб турибди, яна бири «Уотфорд»да ўйнайди, яна Испаниянинг турли жамоаларида ўйнаётганлар бор, масалан, Сандро Рамирес «Малага» таркибида собиқ клубига гол уриб, қаттиқ нишонлаворгани учун мухлислар ёмон кўриб қолишган. Ҳозир у Сосьедадда. Яна Эктор Беллерин, кўпчилик балки билмас, аммо унинг ҳам «Ла Масия» тарихи бор.  

«Барселона» таркибида эса, Жорди Альба «Валенсия»га кетишдан олдин айнан «Барселона» академиясида шуғулланган, Сержио Роберто баъзи баъзида асосий таркибда кўринади, Рафинья жароҳатланган. Яна бир неча нафар баъзи ўйинларда захирадан майдонга тушиб турган, келажаги номаълум ёшлар бор. Яъни, бугунги ҳолат «Ла Масия»нинг айтайлик, бошқа клублар академияларидан яққол устунлигини кўрсатмай қўйди. «Барселона» эса, сўнгги йилларда 100 миллиондан қиммат футболчиларни энг кўп сотиб олган жамоа бўлиб турибди. Ҳатто, тайёр юлдузларни жалб қилишни хуш кўрадиган «Реал» таркибида муваффақиятли тарбияланувчилар кўпроқдек.

Нима бўлди, демак ҳаммаси иқтидорларнинг туғилишига боғлиқ экан-да, янги Иньеста туғилмаса, ҳар қандай тизим ҳам янги Иньеста ишлаб чиқара олмас эканда?

Бошқа томондан, ўша муваффақиятли «Барселона» давридаги футболчилар ёки масалан, «Ферги болалари» бўлиб 90-йилларда Европани забт этган «Манчестер Юнайтед» тарбияланувчиларнинг биографиясини ўргансангиз, уларнинг бу даражада етишишига тизимнинг аҳамияти катта эканини кўрамиз. Айтайлик, «Барселона»даги тизим Мессининг етишиб чиқиши, ундан олдинги ва кейинги тарбияланувчилар билан жипс бўлиб, ажойиб жамоага айланишлари учун идеал мос эди. Айнан шу тизимдан чиққан Пеп Гвардиола Мессининг ўсиши учун Роналдиньодан воз кечади, Бускетсга ишониб, Ван Боммел билан хайрлашади. Клуб – мураббий – футболчилар ўртасидаги уйғунликсиз балки биз ўша «Барселона»ни кўрмасмидик...

Масалан, ҳозир «Манчестер Юнайтед» сафида бир қатор тарбияланувчилар тўп сурмоқдалар, Сульшер қўл остида урилган 40 голдан 21таси айнан тарбияланувчилар ҳисобига ёзилгани бугунги шароитларда жуда катта натижа. Аммо бу ҳолатга систематик ёндашув сабабми? Менимча, йўқ. Погбани бир пайтлар қўйиб юбориб, кейин рекорд нархга қайтариб олиб келишди. Лингард узоқ йиллар ижарама-ижара юриб, ўз вақтини кутди, ёмони, «Манчестер Юнайтед» даражаси ўзи билан тенглашган пайтдагина майдонга туша бошлади. Рэшфорднинг фаолияти эртакнамо бошланган, уни олиб чиққан мураббий эса, ўша Хави ва Иньесталарни кашф этган Луи ван Гаал бўлса-да, аслида, тасодифдан улуш кўпроқ. Луи даврида «МЮ»да дебют қилган академия вакиллари ҳозир сочилиб кетган, ҳеч қайсиси якунда жамоа ўйинчиси бўлиб қолмади.

Фергюсон футболга олиб келган «болалар» эса, систематик тарзда, аста-секин, босқичма-босқич, биргаликда таркибга кириб боришганди. Ўша даврда жуда яхши йўлга қўйилган тизим улардан мана шундай юлдузлар ясаганди.

Сўнгги йилларда футболимиздаги юлдузларга эътибор беринг: Шацких, Денисов каби футболчилар жуда ёшлигида Ўзбекистонни тарк этиб, Россияда ўсишган ва шу даражага етишган. Ўсмирлар ёки ёшлар ўртасидаги мусобақаларда нафақат Осиёда, балки дунё миқёсдаги турнирларда ҳам кўзга кўринган футболчиларимиз эса, кейинчалик кутилган даражада ўса олишмади, сингиб кетишди.

Айтмоқчиманки, қайсидир паллада иқтидорли футболчиларнинг пайдо бўлиши муваффақиятли жамоани пайдо қилиб қўймайди. Ёки жуда тўғри йўлга қўйилган тизим ҳам бунинг ягона сабаби эмас. Ҳақиқий ривожланиш учун мана шу икки фактор уйғунлашиши керак.

Қачондир янги Қосимовлар, янги Шацких ёки Красницкийлар футболимизда пайдо бўлса, юқори ўринлар учун курашамиз, ҳозирги савиямиз шу, деб ўтириш нотўғри бўлади, демак. Чунки, юртимиз мана шундай туғма истеъдодларни бергани билан, биз у авлодларни тизимсизлик туфайли йўқотиб қўйдик, улар билан асосий мақсадларимизга ета олмадик.

2011 йилда Мексикадаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси сафида порлаган Тимур Ҳакимов
бугунги кунда «Қўқон-1912» клубида захира футболчиси

Ҳақиқий истеъдодлар футболимизда қачон чиқишининг аниқ вақтини билмас эканмиз, демак биздан кутиладигани кучли, ишлайдиган барқарор тизимни яратишдир. Ана ўшанда, футболимизда пайдо бўладиган бўлажак юлдузлар йўқолиб қолмайди. Уларнинг иқтидори биз яратган тизим билан уйғунлашиб, муваффақиятлар сари бошлайди. Бошқа йўли бўлмаса керак.

Қаҳрамон Асланов