Жамият | 19:59 / 11.04.2019
38668
3 дақиқада ўқилади

«Жасур Иброҳимов иши»да айбдор деб топилган шахс озодликка чиқди

Марҳум Жасур Иброҳимов ишида айбдор деб топилган Боровский номидаги Тиббиёт коллежи собиқ талабаси Исломбек Тўлаганов озодликка чиқди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Бош прокуратура маълумотига таянган ҳолда хабар бермоқда.

ЎзР ЖКнинг 89-моддасида, 18 ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахс тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ўтаса, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниши, ЖКнинг 90-моддасида жазо муддатининг камида тўртдан бир қисмини ўтаса жазонинг ўталмаган қисми енгилроғи билан алмаштирилиши мумкинлиги белгиланган.

Маълум қилинишича, Тўлаганов 4 йил 5 ой ва 15 кун ахлоқ тузатиш ишларига, ойлик маошининг 20 фоизи давлат ҳисобига ўтказиш шарти билан озодликка чиққан.

2017 йил 31 май куни Миробод туман ИИБ ТБ томонидан Исломбек Тўлагановга нисбатан ЖКнинг 105-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан ўтказилганди. 

Иш ҳужжатларига кўра, ўша вақтда вояга етмаган И.Тўлаганов 2017 йил 3 май куни соат 14-00 ларда Боровский номидаги тиббиёт коллежи ҳудудида ушбу коллеж ўқувчиси Жасур Иброҳимов билан ўзаро жанжаллашиб, сўнгра тахминан соат 14:20 ларда 145-мактабнинг орқа томонидаги гаражлар олдига биргаликда келишиб, шу ерда Тўлаганов Иброҳимовнинг бош, қорин ва ҳаёти учун муҳим бўлган бошқа соҳаларига қўл ва оёқлари билан уриб, унга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2017 йил 30 октябрдаги ҳукмига кўра, И.Тўлаганов ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан айбдор деб топилиб, ЖКнинг 85-моддаси тартибида 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

ЖКнинг 85-моддасида 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахсларга оғир жинояти учун 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 12.01.2018 йилдаги ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.

Мавзуга оид