Ўзбекистон | 18:08 / 11.04.2019
8663
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва АҚШ Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Америка Қўшма Штатларининг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Халилзод бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

ТИВ хабарига кўра, суҳбат чоғида Афғонистондаги вазият ва ушбу мамлакатда тинчлик жараёнини бошлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашилган.

Таъкидланганидек, кўп йиллик афғон можаросини фақатгина курашаётган томонлар ўртасида тинчлик музокараларини ўтказиш йўли билан бартараф этиш мумкин. Мазкур шарт асосий қоида ўлароқ Тошкент декларацияси матнида илгари сурилган ва белгилаган. Ушбу ҳужжат дунёнинг етакчи давлатлари ва минтақа мамлакатлари вакиллари томонидан консенсус асосида қабул қилинган.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ҳамда Афғонистонда йирик ижтимоий-иқтисодий объектларни барпо этишда ва инфратузилма лойиҳаларини татбиқ этишда амалий ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги таклифлар муҳокама қилинди. Ушбу лойиҳалар Афғонистоннинг тинч ва барқарор ривожланишига, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар жиҳатдан Марказий Осиё ҳудудининг узвий қисми бўлишига имкон яратади.

ТИВдаги учрашувда бошқа халқаро ва минтақавий масалалар ҳам кўриб чиқилди, дейилади хабарда.

Суҳбатда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев иштирок этган.

Бундан олдин, Залмай Халилзод Ўзбекистонга келаётгани хабар берилганди.

Мавзуга оид