Жамият | 20:09 / 11.04.2019
16324
3 дақиқада ўқилади

Халқаро бахшичилик фестивали ғолиблари тақдирланди

Термизда Халқаро бахшичилик фестивалининг расмий ёпилиш маросими бўлиб ўтди, унда ғолиб ва совриндорлар тақдирланди, дея хабар беради uzbekistan.travel сайти.

Фестивалда 20 мамлакат вакиллари ўз истеъдодларини намойиш этишди, уларнинг маҳорати Франция, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Мўғулистон, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг етук санъат ва маданият арбоблари, олимлари ва малакали мутахассислари томонидан баҳоланди. Ғолибларга мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ва вазир ўринбосари Озодбек Назарбековлар топширишди.

Халқаро бахшичилик фестивалининг Гран-присига Қозоғистон вакили Улжан Байбусинова муносиб деб топилди.

1-ўрин Туркманистон вакили Керван Ёвбасаров ҳамда Ўзбекистон вакили Абдуназар Поёновга насиб этди.

2-ўринни озарбайжонлик “Ошиқлар дуэти” ва россиялик Илгам Байбулдинов эгаллади.

3-ўрин Жанубий Корея вакили “Hanmyra Art” гуруҳи ҳамда Ўзбекистон вакили Гулнара Алламбергенова томонидан банд этилди.

Малайзиялик Камарул Баисах фестивалнинг энг ёш иштирокчиси сифатида эътироф этилди.

Энг ёши улуғ иштирокчи номинациясида ўзбекистонлик Отахон Матякубов мукофотланди.

Бундан ташқари, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Ҳайъат аъзоларининг меҳрини қозонган иштирокчи”, “Бахшичилик санъати фестивалининг энг яхши тарғиботчиси”, “Меҳр-оқибатни тараннум этгани учун”, “Анъаналарга содиқ бахши”, “Қадриятлар давомчиси”, “Аждодларнинг унутилаётган урф-одатларини тараннум этгани учун”, “Дўстлик ришталарини тараннум этгани учун”, “Халқларнинг қадимий мерос тарғиботчиси” номинациялари совриндорлари ҳам тақдирланди.

Таъкидлаш жоизки, Халқаро бахшичилик фестивалининг очилиш маросими 6 апрель куни бўлиб ўтиб, 10 апрелга қадар давом этди, унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

“Биз халқ ижодиётини, турли ўлкаларда бахши, жиров, оқин, манасчи, шоир, ошиқ каби номлар билан аталадиган, ўз тимсолида ҳам шоирлик, ҳам созандалик, ҳам хонандалик маҳоратини мужассам этадиган инсонларнинг нодир истеъдодини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз зарур. Бугун ўз ишини бошлаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали айни шундай улкан ва муҳим мақсадга қаратилганини алоҳида таъкидламоқчиман. Агар биз бу ноёб санъатни сақлаб қолиш учун бугун барчамиз биргаликда ҳаракат қилмасак, эртага, афсуски, кеч бўлади, келгуси авлодлар, тарих бизни кечирмайди”,- деди Президент.

Мавзуга оид