Жаҳон | 17:53 / 12.04.2019
29317
7 дақиқада ўқилади

“Космонавтика куни”: коинот пойгаси аслида қандай кечганди?

Фото: NASA

Бугун “Космонавтика куни”. Кўплаб мафкуравий байрамлардан фарқли равишда бу сана дунёнинг кўпчилик давлатларида нишонланади. Жумладан, Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ҳам бугун, 12 апрель куни ҳарбий оркестр ва жамоатчилик иштирокида коинотни забт этган илк инсон сифатида алқанувчи Юрий Гагарин ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

2019 йил 12 апрель, тошкентликлар ва пойтахт меҳмонлари Гагарин ҳайкали пойида тадбир уюштирмоқдалар.

Ибтидо

Инсоният ҳамиша самога тикилиб ўтган, узун тунлардаги юлдузлар жилоси минг йилларки одамларни сеҳрлаб келган. Мирзо Улуғбек Кўрагоний ҳам шоҳлиги билан эмас, айнан фалакиёт олими эканлиги билан тарихда ўчмас из қолдирди. Фан-техника инқилоби қайд этилган йигирманчи асрга келиб эса коинот орзусига эришиш истаги жуда кучайиб кетди ҳамда бунинг учун икки рақобатчи давлат – СССР ва АҚШ ўртасида мислсиз пойгага киришилди.

Аслида дастлабки қадамларда, бу жараён пойдеворида қуролланиш пойгаси ётарди. Иккинчи жаҳон уруши якунига кўра АҚШ ихтиёрида даҳшатли қурол – атом бомбаси мавжудлиги ошкор қилинган ва бу бомба инсоният гарданида синаб ҳам кўрилганди. Нагасаки ва Хиросима фожиаси қурол гегемонлиги нуқтаи назаридан етакчини аниқлаб қўйгандек эди. Бунинг устига НАТОнинг каллакли рекеталари СССРнинг муҳим нуқталарига қадар учиб бора оладиган даражага етиб қолганди.

Ана шундай бир пайтда иттифоқ раҳбарияти Сергей Королёв бошлиқ гуруҳга ракеталарни такомиллаштириш бўйича топшириқ беради. Королёвнинг болаликдан орзуси коинотга ракета учириш эди ва бу бўйича урушга қадар ҳам лойиҳалар қилганди. Аммо ўттиз еттинчи йил катта террорида у ҳам панжара ортига равона бўлади ва фақат ҳунари туфайлигина жони омон қолади. Бу қамоқ самога оид тадқиқотларни бир неча йилга ортга суради. Урушдан кейин эса ундан асосий эътиборни ҳарбий салоҳиятни кучайтиришга қаратиш талаб қилинади. Аммо Королёв ҳар икки томонни биргаликда олиб боради ва самога сунъий йўлдош учириш лойиҳасини илмий жиҳатдан асослаб беради. Бу лойиҳа АҚШдан ўзиб кетиш имконияти борлиги туфайли Никита Хрушчев томонидан қўллаб-қувватланади ва 1957 йилнинг 6 октябрида СССР илк сунъий йўлдошни учиришга муваффақ бўлади.

Бу хабар яшин тезлигида бутун дунёни айланиб чиқди, барча газеталар инсониятнинг бу ютуғи тўғрисида бонг урди. АҚШ томони эса “Спутник-1”ни ҳадик билан қарши олди. Улар ўз ҳудудининг самодан кузатилиши ва лозим бўлганда нишонга айланиб қолишидан хавотирланишарди. Аммо сунъий йўлдош оддийгина радиоузатиш қурилмаси билан жиҳозланганди холос.

Ютуқдан руҳланган Хрушчев Королёвни мақтайди ва “7 ноябрь – инқилоб кунига атаб бирор янгилик қилинглар” деб тайинлайди. Бу вазифа ҳам уддаланади ва Лайка лақабли кучук биринчи тирик жонзот сифатида самога учирилади.

Худди шу йилнинг 6 октябрида АҚШ томони ҳам ўз сунъий йўлдошини учиришга ҳаракат қилади, аммо қурилма кўпчиликнинг кўз ўнгида бир неча метр кўтарилган жойида қулаб, портлаб кетади.

Ҳақиқий пойга

Буларнинг ҳаммаси  инсонни самога кўтариш ва тирик қайтариш йўлидаги машқлар эди холос. Бу лойиҳа анча жиддий эди ва бу борада АҚШ биринчи қадамни қўйишга жазм қилди. Астронавт Алан Шепарднинг парвози 1961 йилнинг 6 мартига мўлжалланганди, яъни режа бўйича Гагарин парвозидан 37 кун олдин амалга ошиши керак эди. Аммо булутли ҳаво ва шамоллар туфайли парвоз 5 майга қолдирилди.

Иттифоқда эса Юрий Гагарин ва Герман Титовларнинг қайси бири биринчи бўлиб учиши бўйича сўнгги соатларгача аниқлик киритилмади. Ва ниҳоят бундан 58 йил аввал, 1961 йилнинг 12 апрель куни Юрий Гагарин ўша машҳур “Кетдик!” (“Поехали!”) ибораси билан самога кўтарилди.

Алан Шепард барибир самога кўтарилди. Аммо унинг Гагариндан 4 ҳафта кейин содир бўлган 15 дақиқалик парвозига деярли ҳеч ким эътибор қаратмади. Гагарин эса нафақат социалистик, балки капиталистик давлатларнинг ҳам ҳақиқий қаҳрамонига айланди ва ўзига хос жилмайиши билан сайёранинг энг таниқли инсонларидан бири бўлиб қолди.

1961 йилнинг 6 августида Герман Титов самога кўтарилиб, бир суткадан ортиқ вақт айланди.

1963 йилнинг 14 июнида фазогир Валерий Биковский ер орбитаси бўйлаб 5 сутка айланди ва бу бир кишилик энг узоқ давом этган фазо сафари бўлди. Орадан икки кун ўтиб, 16 июнь куни эса биринчи космонавт аёл – Валентина Терешкова самога кўтарилди.

1965 йилнинг 18 мартида Алексей Леонов биринчи бўлиб очиқ фазога чиқди ва “Очиқ космосда яшаш ва ишлаш мумкин” деган қисқа хулоса берди.

Ғолиб ким бўлди?

Дастлабки ютуқлар СССР томонида бўлганига шубҳа йўқ. Аммо кейинчалик АҚШ ўзиб кетди. NASA шу қадар қудратли ташкилотга айландики, унинг бюджети АҚШ харажатлари ичида борган сари каттароқ ҳажмни эгаллай бошлади.

АҚШ энди бор эътиборини Ой миссиясига қаратди ва бунинг учун бор кучини аямади. 1969 йилнинг 20 июлида «Аполлон-11» ракетаси Ер йўлдошига етиб борди ва муваффақиятли қўнди. Нил Армстронгнинг “Бу бир инсоннинг кичик одими, аммо бутун инсониятнинг улкан қадамидир” деган жумласи бутун дунё оммавий ахборот воситаларини айланиб чиқди. СССРнинг ракеталари эса бир неча марта муваффақиятсизликка учради ва Владимир Комаров, Георгий Добровольский, Владислав Волков, Виктор Пацаев каби космонавтлар парвозларда, лойиҳаларга бош бўлган маршал Неделин ракета ёнилғиси портлашидан ҳалок бўлди.

1968 йилнинг 27 мартида иттифоқ ютуғининг рамзи бўлган Юрий Гагарин ҳам машқлар чоғида сирли тарзда вафот этди.

Коинот пойгаси 1975 йилларга қадар жуда шиддат билан кечди ва охир-оқибат АҚШ устунлиги яққол сезилиб қолди. Айнан мана шу йилга келиб икки давлат ўртасида ҳамкорликка келишилда ва «Союз-Аполлон» дастурига старт берилди.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид