Ўзбекистон | 12:46 / 17.04.2019
28449
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Давос форумида иштирок этиш учун таклиф этилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йили Швейцариянинг Давос шаҳрида ташкил этиладиган ва шу ном билан аталадиган халқаро иқтисодий форумда иштирок этиш учун таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлигининг Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси бўлим бошлиғи Темурмалик Нарзиқулов Kun.uz'га маълум қилди.

«Диққатга сазовор Халқаро иқтисодий форум ташкилоти томонидан ўтказиладиган Давос форумида иштирок этиш учун Шавкат Мирзиёев таклиф этилиши кутилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва инвестицион муҳитини жаҳонга танитиш учун яхши имконият. Ўйлайманки, ушбу имкониятдан оқилона фойдаланамиз», — дейди у.

Маълумот учун, халқаро анжуман 1971 йилда ташкил этилган Халқаро иқтисодий форум нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан, 1988 йили имзоланган Давос декларациясидан сўнг, мунтазам ўтказиб келинмоқда. Унда сиёсатчи, давлат арбоблари, иқтисодчи ва турли соҳаларнинг етук мутахассислари глобал сиёсатга оид мавзуларда муҳокамаларда иштирок этади. Сўнгги марта форум иштирокчилари тўртинчи саноат инқилоби мавзусида суҳбатлашган.

Мавзуга оид