Жамият | 22:24 / 18.04.2019
19314
1 дақиқада ўқилади

Политехника институти ўқитувчиси 3000 доллар пора олаётганда ушланди

Жиззах политехника институти ўқитувчиси А.К. олий ўқув юрти ҳовлисида юрган аёлни кўриб, унинг мақсади билан қизиқди. Қарангки, меҳмон институтда ўқиш нияти борлиги, бу ерга ҳужжат топшириш учун келганлигини баён этди. Шунда муаллим унга хизматини таклиф қилди. Яъни, 4000 АҚШ доллари эвазига Олий таълим вазирлигидаги ишончли танишлари орқали абитуриентнинг орзусини ушалтиришга ваъда қилди.

Аёл хомхаёлларга берилмасдан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасига мурожаат этиб, порахўр ўқитувчига чора кўришни талаб қилди. Ариза асосида Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармаси коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари тезкор тадбир уюштиришди.

Қисқаси, А.К 3000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган чоғида қўлга олинди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар бермоқда Kun.uz’га Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи. 

Мавзуга оид