Фан-техника | 23:42 / 18.04.2019
30170
2 дақиқада ўқилади

Йилнинг энг яхши автомобили танлови ғолиби эълон қилинди 

Фото: motor.ru

17 апрелда Нью-Йоркдаги автосалонда “Жаҳоннинг йил автомобили” танлови ғолиби эълон қилинди. Бу юксак унвонга Jaguar британ маркасининг тўлиқ электр куч қурилмали илк автомобили I-Pace лойиқ деб топилди. Jaguar Land Rover гуруҳи учун бу унвон тарихдаги иккинчиси бўлди: 2 йил аввал Jaguar F-Pace модели дунёнинг энг яхши автомобили деб топилганди.

Умуман олганда I-Pace 3 та йўналиш бўйича энг яхши деб топилган.

Дастлаб ғолибликка даъвогарлар рўйхатида 40 та модел бўлган. Учта финалчидан иборат қисқа рўйхат Женевадаги автосалонда эълон қилинганди. Бу рўйхатга Audi e-tron, Jaguar I-Pace ва Volvo S60/V60 киритилганди. Ғолибни таркибига 24 та давлатдан автомобиль соҳасини ёритувчи 86 журналист кирган ҳакамлар ҳайъати танлаган. 

Нью-Йорк автосалонида яна 5 та йўналиш бўйича ғолиблар эълон қилинган. “Энг яхши нуфузли автомобиль” йўналишида Audi A7, “Энг яхши спорткар” йўналишида McLaren 720S, “Энг яхши шаҳар автомобили” йўналишида Suzuki Jimny, “Энг яхши экологик автомобиль” ва “Энг яхши дизайн” йўналишларида I-Pace ғолиб деб топилган.

Фото: Audi A7
Фото: McLaren 720S
Фото: Suzuki Jimny

2018 йилда “Жаҳоннинг йил автомобили” номига Volvo XC60 модели, 2017 йилда эса Jaguar F-Pace сазовор бўлганди.

Мавзуга оид