Шаҳрисабз туманида «боғ кесиш кампанияси». Фермерлар ҳокимдан норози
Ёшлигимизда шўхлик қилиб, янги экилган дарахт ёки мева тугиб турган дарахт шохларини синдирсак, катта ёшли инсонлар танбеҳ беришар, «Увол қилма, болам», дея насиҳат қилишарди.
Ёшимиз улғайиб, боғ яратиш нақадар машаққатли меҳнат талаб қилишини, бир дарахт мевага кириши учун бир неча йил эътибор, парвариш лозимлигини билдик, кўрдик.
Шунинг учун ҳам боғбон боғидаги дарахтнинг бир шохи синса ҳам жони оғрийди, куюнади, меҳнатига ачинади. Агар неча йиллик боғи бир кунда бузилиб, дарахтлари аёвсиз кесиб ташланса-чи, унда унинг аҳволини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.
Kun.uz таҳририятига шу мазмундаги мурожаат Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманидан йўлланди. Унда айтилишича, боғдорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларининг бир неча йиллик боғлари, энди мевага кирган дарахтлари ҳокимлик мутасаддилари томонидан кесиб ташланаётган экан.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Мурожаат асосида Шаҳрисабз тумани, «Уймовут» маҳалласига йўл олдик. Маҳалла ҳудудидаги боғдорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларидаги боғ эгалари билан суҳбатлашиб, айни вақтда бузиб ташланган боғ ўрнини кўздан кечирдик. Шудгорга айлантириб ҳам қўйишибди.
«Бу ердан бир неча йиллардан буён фойдаланамиз. Боғ яратиб, ҳосил олганимиздан буён аҳолини, бозорларни турли мевалар билан таъминлаб келаётгандик. 2002 йилда қиш қаттиқ совуқ келгани туфайли боғдаги дарахтларни совуқ уриб кетди. Боғни қайтадан барпо қилдик ва 8 гектар ерга ҳосилдор олма, 6 гектар ерга олхўри, гилос каби турли мева кўчатларини экдик.
2016 йилда 14 гектарлик боғ 7та фермер хўжалигига ажратилиб, бўлиб берилди. Кўпчилик ишли бўлди, оилалар шу боғ орқали даромад топиб, рўзғор тебратаётганди. Аммо яқинда туман ҳокими Исроил Аманов боғимизни «яроқсиз» деган важ билан бузиш ҳаракатига тушди. Туман ҳокими олдига бир неча марта бордик. Аммо ҳоким бўлиб, биз фуқароларни умуман эшитишни истамади.
2019 йилнинг 16 февраль куни туман ҳокими ўринбосари, юристи, ички ишлар ходимлари ва яна бир гуруҳ одамлар келиб, ҳеч қандай огоҳлантирмасдан тўсатдан боғдаги дарахтларни кесишга тушишди. Қандай шафқатсизлик бу, ахир!? Ҳокимман, амалдорман, деб наҳотки, фуқароларнинг ҳуқуқларини оёқости қилишса?! Қандай замонда яшаяпмиз, ахир? Зўравонлик даврлари ўтиб кетмадими, ҳалиям?
Боғимизга, айниқса, бу йил ҳосил беришни бошлаётган дарахтларни асраб қолиш учун қаршилик кўрсатдик. Ҳокимнинг оғзаки буйруғини рўкач қилиб, бирор ҳужжат кўрсатмасдан янги ҳосилга кирган 3000та олма дарахтини кесиб ташлашди. Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ички ишлар ходимлари ҳам бу ҳолатни томоша қилиб, ҳуқуқларимиз бузилишига жим қараб туришди.
Вилоят ҳокими Зафар Рўзиевга мурожаат қилдик. Икки нафар мутасадди келиб, боғнинг қолгани бузилмайди, интенсив боғ қиламиз, орасига пахта экамиз, деб биздан тушунтириш хати олиб кетишди. Аммо 2019 йил 5 март куни кечаси келиб, яна мевали дарахтларни кесишибди. Ярим тун бўлгани учун бу ҳолатдан эрталаб хабар топдик. Бу ҳолат учун изоҳ сўраб, яна туман ҳокими олдига бордик. Ҳоким «Қолган боғингни ҳам бузаман, ўрнига пахта экаман, нима қила оласан?», дея очиқ айтди. Ҳокимнинг халққа бўлган муомаласини кўриб, жуда хафа бўлдик. Туман раҳбари сени шунча хўрлаб ўтиргандан кейин дардингни кимга айтишни ҳам билмайсан », – дейди биз билан суҳбатда Ширин Маматқулова.
Ўрганиш давомида фермерлар бизга боғдаги мевали дарахтларни кесиш жараёни тасвирланган видеокадрларни ҳам тақдим этишди. Албатта, эндигина ҳосилга кирган дарахтларга ачинади, киши.
Аммо туман ҳокими нега, нима сабабдан боғни бузиш қарорига келди?
Шу саволга жавоб олиш мақсадида Шаҳрисабз тумани ҳокимлигида бўлдик. Туман ҳокими Исроил Аманов билан кўришдик ва ҳолат юзасидан изоҳ сўрадик.
«Боғлар яроқсиз ҳолга келиб қолган, ердан самарасиз фойдаланиб келишган. Ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида шундай йўл тутмоқдамиз», – дейди туман раҳбари.
Туман ҳокими билан суҳбатимиз жараёнида боғнинг бузилиши юзасидан бирор ҳужжат, ҳоким қарори ёки ишчи гуруҳ хулосаси каби ҳужжатлар бор-йўқлигини сўрадик. И.Аманов ҳокимлик мутасаддиларига ҳужжатларни тақдим этиш юзасидан топшириқ берди. Ҳокимлик мутасаддилари эса ҳужжатларни яқин вақт ичида тақдим этишга ваъда беришди. Афсуски, орадан шунча вақт ўтса ҳам бизга бу маълумотлар тақдим этилмади.
Аввало, боғдаги энди ҳосилга кирган дарахтлар аёвсизларча кесиб ташланишини оқлаб бўлмайди. Агар ердан самарасиз фойдаланилаётган бўлса, боғни сақлаб қолиш йўли билан зарур чоралар кўрилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Юқорида таъкидланганидек, бу боғ қанча машаққатлар билан бунёд этилган. Иқтисодчи иқтисодий томонларни калькуляторга солиб, мевали дарахтларни кесиб ташласа, бошқа соҳа ходими келиб, ўз нуқтаи назари билан қанча заҳмат билан яратилган боғни бузиб ташласа, бунинг уволи бўлмайдими? Мақсадларни мувофиқлаштириб, боғни ҳам асраб қолиш мумкин-ку!?
Таҳририятимизга Шаҳрисабз туманидан айнан шу масала юзасидан яна бир неча фермердан мурожаатлар келмоқда. Бундан кўриниб турибдики, туманда боғи бузилаётган фермерлар ва маҳаллий ҳокимлик ўртасида бу масалада низоли вазият юзага келган.
Kun.uz Қашқадарё вилояти ва Шаҳрисабз тумани ҳокимликлари мутасаддилари бу борада зарур чораларни кўришига ишонч билдиради ва бу мавзуга яна қайтади.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
16:31 / 25.11.2024
Хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга киритилди
11:04 / 19.11.2024
Истироҳат боғлари, сайилгоҳ ва хиёбонларни хусусийлаштириш тақиқланиши мумкин
16:00 / 11.11.2024
Хавотир билан бошланган хайрли иш – Фарғонадаги мактаб олма боғидан яхшигина даромад оляпти
12:07 / 09.11.2024