Ўзбекистон | 12:31 / 19.04.2019
22776
6 дақиқада ўқилади

Вазир: «Мактабларимиз ҳамма учун текин ёрдамчи бўлиб қолган эди»

Фото: KUN.UZ

Таълим тизимида қандай ишлар олиб борилаётгани ҳамда бу йилги обуна мавсумида турли миш-мишларга сабаб бўлган «мажбурий обуна» масаласига ойдинлик киритиш мақсадида «Жамият» журналист Ситора Тожиддинова Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан суҳбатлашди. Суҳбат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Вазирнинг билдиришича, халқ таълими тизимида анча йилдан буён кўплаб муаммолар йиғилиб келган. 

«Катта тизим бўлгани учун муаммоларнинг пайдо бўлиши ҳам, уларнинг ечилгани ҳам бирдан билинмайди. Масалан, қурилиш соҳасини олиб қарайдиган бўлсак. Бирор иншоотни қуриб, фойдаланишга топширсангиз, кўзга дарров кўринади. Лекин таълим соҳасида бу нарса билинмайди.

Президентимиз ўқитувчининг обрўсини кўтариш кераклигини таъкидладилар. Яхши ўқитувчи мактабга келса, таълим сифати ошади. Ана ундан кейин биз натижага эриша оламиз. Унинг учун нима қилиш керак? Аввало, мактабларимиз энг зўр педагоглар келадиган, одамлар ҳавас қиладиган жойга айланиши лозим. Яқин тарихга қарайдиган бўлсак, ундай эмасди. Мактабларимиз ҳамма учун текин ёрдамчи бўлиб қолган эди. Тозалашга ҳам ўқитувчи, пахта теришга ҳам ўқитувчи. Қўпол бўлса, узр сўрайман, айрим жойларда ўқитувчилар, ҳатто, гўнг ташиганини ҳам айтишди. Ойлик эса ошмаган. Яъни, умумий қарор бўйича оширилган, лекин соҳа учун алоҳида оширилмаган. Соҳа катта бўлгани боис арзимаган миқдорда ойлик оширилса ҳам маблағ катта бўлиб кетади. Йиллар давомида ўқитувчининг ойлиги ўсиш суръати бошқа тармоқларга қараганда орқада бўлиб келган.

Бир мисол, абитуриент бирор олийгоҳга ҳужжат топширишдан аввал, қайси институтда ўқиш ҳақида ўйлайди. Имконияти баланд, билимли болалар дипломатия, ҳуқуқшунослик, иқтисодиёт каби йўналишдаги олий таълим муассасаларини танлайди. Биринчи йил талаба бўла олмаганлар ёки ўз билимига ишончи камроқ бўлганлар эса педагогикага ҳужжат топширади. Мана, Финляндия, Сингапурни мақтаб гапирамиз. У ёқда имконияти юқори болалар педагогика соҳасини танлайди. Бизда ҳам шундай бўлиши керак. Бунинг учун ўқитувчининг обрўси ва маошини ошириш керак.

Мен нима учун узоқдан гап бошладим?! Сабаби бизда узоқ йиллар бошқа институтларга кира олмаганлар нисбатан кам балл билан ўқитувчилик соҳасига ўқишга кирган. Улар мактабларда ўқитган болалар ҳам шунга монанд равишда зўр таълим олишолмаган. Ўша болалар ҳам мактабни тугатиб, ораларидаги энг кам билимлилар яна педагогика олийгоҳларига кирган. Натижада йиллар давомида таълим сифати пасайиб бораверган. Занжир мана шундай давом этган. Президентимизнинг сиёсий иродаси билан ҳозирча қилинган энг катта иш: мана шу занжир 180 градусга ўзгартирилди. Бу жуда катта муваффақият. Аввалги салбий занжирнинг натижасини биз бугун кўриб турибмиз. Мисол учун, кўчадаги реклама ва эълонлардаги хатоларни қаранг. Қолаверса, миллионлаб юртдошларимиз чет давлатларда юрибди. Афсуски, кўпларининг ҳуқуқлари поймол бўляпти. Чунки уларнинг кўпи на ўз тилида, на рус тилида эплаб ёзишни, фикрини тўлиқ баён қилишни билади. Мана шундай салбий натижаларни энди кўриб, билиб турибмиз. Лекин бу нарсалар бир кунда бўлмаган-ку! Неча йиллик таълим тизимидаги нуқсонлар сабаб бўлган. Бу нарса атайлаб қилинган, деган фикрдан йироқман. Шунчаки, соҳага эътибор етарлича бўлмаган. Энди мана шу йиллар давомида ишлаб келган салбий занжир ўзгартирилди. Яъни халқимиз ўқитувчилик касбига секин-аста қизиқа бошлаяпти. Олий маълумотли ўқитувчилар мактабга қайтяпти. Масалан, эркаклар оила боқувчиси бўлишгани учун ойлик камлиги сабаб бошқа ишлар билан шуғулланиб кетган эди. Мана, секин-секин эркак устозлар сафи ҳам кенгаймоқда. Кўплари эса «қайтсам бўларкан» деб ўйлаб кўряпти. Шунинг учун биз бу нарсага қаттиқ турдикки, биринчи галда, ойликни ошириш керак эди. Қолаверса, ўқитувчини касбидан ташқари бўлган ортиқча меҳнатга жалб қилмаслик чораларини кўрдик. Кўплаб давлат идоралари ҳам кўмак беришди. Оммавий ахборот воситалари катта ёрдам берди. Умуман, ҳамма бир ёқадан бош чиқарди. Натижада бугун ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинмаслигига эришяпмиз. Ҳатто, ҳокимлар селектор йиғилишлари қилиб, «Бир ўқитувчи пахта даласи ёнидан шунчаки ўтиб кетаётган бўлса ҳам ортига қайтариб юборинглар. Кўринишмасин далада» деганмиш. Бу яхши натижа-да барибир. 

Бу ҳали ҳамма нарса яхши, таълим сифати зўр, дегани эмас. Биз шунчаки ўқитувчини ўз иши билан шуғулланиши ҳақида гапирдик. Бироқ бирданига самара зўр бўлади, деб ўйламаслик керак. Сабаби кўп йиллар ўқитувчилар кузги мавсумда ҳам, баҳорги мавсумда ҳам далада бўлган. Анча йиллар касбига тааллуқли бўлмаган ишлар билан шуғулланган одамлар мактабга келди. Энди улар нима иш қилиши кераклигини билиши керак», - деди Шерматов. 

Мавзуга оид