Жаҳон | 20:30 / 19.04.2019
30016
4 дақиқада ўқилади

Якуний рейтинг: Зеленский Порошенкони қарийб уч баравар фарқ билан ортда қолдирмоқда

Шоумен Владимир Зеленский Украина президентлиги сайлови арафасида сўровномалар натижаларига кўра яққол пешқадамлик қилмоқда. «Рейтинг» социологик гуруҳи маълумотларига кўра, Зеленскийни қўллаб-қувватлаётганлар амалдаги президент Петро Порошенкони қўллаб-қувватловчилардан уч баробар кўпроқ.

Сўровномага кўра, иккинчи турда қатнашадиган сайловчилар кимга овоз беришини аниқлаб олган: сайловчиларнинг 73 фоизи Зеленский учун, 27 фоизи Порошенко учун овоз бермоқчи.

Шу билан биргаликда, Зеленский ўз рақибини барча ёш тоифаларида ортда қолдирмоқда. У мамлакат шарқида, жанубда ва марказда устунлик қилмоқда, ғарбда эса икки номзоднинг позицияси бир-бирига тенг баҳоланмоқда. Сўровлар 12-16 апрель кунлари давомида интервью тарзида ўтказилган.

Киев халқаро социология институти 6-16 апрель кунларида ўтказган сўровномаларга кўра, кейинги вақтларда Владимир Зеленскийнинг рейтингида пасайиш кузатилган, Петро Порошенконики эса ўсган. 6-7 апрель кунги сўровномаларга кўра Зеленский 69,9 фоизга 30,1 фоиз ҳисобида устунлик қилаётганди, 15-16 апрель кунларида бу нисбат 65,1 фоизга 34,9 фоиз кўринишида эди.

Самолётсиз ва қароргоҳсиз
Шу кунларда Владимир Зеленский «РБК-Украина» учун катта интервью берди ва сайловда ғалаба қозонса, нималар қилиши бўйича режаларини баён қилди.

Хусусан, Зеленский украин халқи билан ижтимоий тармоқлар орқали мулоқот қилиши, ОАВ фаолиятига аралашмаслиги ва россиялик маданият арбоблари ва артистларнинг Украинага киришига қўйилган тақиқларни қайтадан кўриб чиқишини билдириб ўтган.

Президентлик пойгасида етакчилик қилаётган номзод Донбассга алоҳида мақом берилишига қатъиян қарши чиққан ва «Донецк халқ республикаси» ва «Луганск халқ  республикаси»нинг қуролли тарафдорларини амнистия қилиш ҳақидаги қонунни имзоламаслигини маълум қилган.

Бундан ташқари, Зеленский ғалаба қозонган тақдирда, 3та президентлик самолётни сотишини ва одатий рейсларда учишини, шунингдек, президент кортежи ўтаётган вақтда йўлларни беркитиш амалиётига чек қўйишини айтиб ўтган. Зеленский президентлик қароргоҳини болалар оромгоҳига айлантиришни таклиф қилган.

Зеленский  бундай қароргоҳларни керак эмас деб ҳисоблайди ва уларга нари борса катта қироллар яшаган жой сифатида экскурсия учун кириш мумкин, холос.

Ундан «Россия президенти Владимир Путинни ўзингизга душман деб ҳисоблайсизми?» деб сўрашганида шундай жавоб қайтарди: «Албатта!».

Украинадаги президентлик сайловининг иккинчи тури 21 апрель куни бўлиб ўтади. Бугун, 19 апрель куни Киевдаги «Олимпийский» стадионида Порошенко ва Зеленский ўртасида дебат ўтказилади. Дебат маҳаллий вақт билан соат 21:00да бошланади. 70 минг киши учун мўлжалланган стадиондаги дебатга чиқарилган чипталарнинг барчаси сотилган.

Номзодларнинг «Олимпийский» стадионидаги дебати аввалига 14 апрель куни ўтказилиши белгиланган, аммо бу вақтда Парижда бўлган Зеленский дебатга келолмаганди. Порошенко эса журналистлар билан суҳбатлашган, ўз рақибини «қопдаги мушук» деб атаб, Украина халқини «ҳақиқий президент ва қўмондон»га овоз беришга чақирганди.

Мавзуга оид