Жамият | 18:01 / 27.04.2019
38489
3 дақиқада ўқилади

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ махсус зирҳланган автомобилни намойиш қилди

Бугун, 27 апрель куни пойтахт марказида, Санъат галереяси ёнидаги «Мовий гумбазлар» истироҳат боғида Тошкент шаҳар ИИББ вакиллари томонидан махсус зирҳланган автомобиль намойиш қилинди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Кўринишидан қудрат ва савлат акс этиб турган бу автомобиль дарҳол кўпчиликнинг эътиборини тортди. Махсус металл қоплама билан зирҳланган бу автомобиль бирор томондан ўқ ўтказмайди. Йирик калибрдаги ўқлар металлни тешиб ўтган тақдирда ҳам ҳимоя қопламасидан кейинги махсус капсулалар ўқни тутиб қолаверади.

Бу улкан машина солярка ва бензин билан (асосан солярка, тугаганидан кейингина бензин) ҳаракатланади ва 100 км масофага 18 литр ёнилғи сарфлайди. Оммавий тартибсизликларни бартараф этишга мўлжалланган бу машинада 7-8 ходим бемалол жойлаша олади.

Шунингдек, тадбирда махсус автобус ҳам намойиш этилдики, бу автобусда кўпчиликни қизиқтирган жиҳат – унинг томи устидаги юмалоқ камера бўлди.

50 метр баландликкача кўтарила оладиган камера кундуз кунлари 1,5 км, тунда 1 км масофани тасвирга тушира олади ва интеллектуал дастур кишининг шахсига аниқлик киритади. Автобус ичидаги технологиялар онлайн тарзда ситуацион марказларга уланадилар ва бошқа жойларни кузатиш билан бирга ахборот узатиш имкониятига ҳам эгалар.

ИИББ матбуот хизматидан маълум қилишларича, кенг миқёсдаги тадбирларда интеллектуал камералар қиёфа таниш имконияти туфайли қидирувдаги шахсларни дарҳол аниқлаб бера олади. Мазкур автобус аллақачон синовдан ўтган. Ҳозирда бундай автобуслардан бир нечтаси буюртма қилинган бўлиб, янгилари яна ҳам такомиллаштирилган бўлади.

«Мовий гумбазлар»да «Ёшлар жиноятчиликка қарши» шиори остида ўтган ушбу тадбир Тошкент шаҳар ИИББ ва Бектемир туман ҳокимлиги вакиллари томонидан ташкиллаштирилди. Унда ашула ва рақс дасталари дастурлари, ёш темурбеклар мактаби курсантлари, ўзбек жанг санъати, карате, дзюдо тўгараклари шуғулланувчилари кўргазмали чиқишлар қилди. Тадбирда шаҳар бўйлаб ташриф буюрган имконияти чекланган болажонларга турли-туман совғалар топширилди.

Хусусан, Бектемир туман ҳокими Шоҳруҳ Мамажонов томонидан оталиққа олинган, имконияти чекланган икки боланинг ногиронлик араваларини бевосита ҳокимнинг ўзи айлантириб юргани кўпчиликда илиқ таассурот уйғотди. Ёдингизда бўлса, ҳокимнинг икки ногирон болани ўз автомобилида сайрга олиб чиққани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлганди. Шундан сўнг ҳоким бу болалар яшаётган уйни ҳам таъмирлаб бергани маълум қилинди.

Шунингдек, 291-мактаб ўқувчилари рақс дастасининг чиқишлари ҳам жуда қизғин кутиб олинди. Гап шундаки, ўзбек миллий рақсини намойиш этган бу даста вакиллари орасида корейс миллатига мансуб Диана, Настя, рус миллатига мансуб Алёна каби қизалоқлар ҳам бор эди.

 

Мавзуга оид