Ўзбекистон | 17:41 / 29.04.2019
50591
3 дақиқада ўқилади

Зокиржон Алматов: ҳайдовчилардан пул талаб қилиш ЙҲХХ ходими учун пасткашлик

Бугун, 29 апрель куни ИИВ Маданият саройида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири маслаҳатчиси генерал-полковник Зокиржон Алматовнинг Тошкент шаҳар ИИББ йўл ҳаракати хавфсизлик бошқармаси ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда иштирок этган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбир давомида генерал Алматов фақат ЙҲХХ соҳасида сўзламай, умуман ички ишлар тизимидаги бир қатор масалаларга тўхталиб ўтди ва шундай деди:

– Халқимизнинг, президентимизнинг ички ишлар ходимларидан умидлари катта ва бу умидни оқлашимиз шарт. Мустақилликка эндигина эришган йилларимизда жуда мураккаб даврларни бошдан кечирганмиз. Озиқ-овқат танқислиги етишмовчиликлар бўлиб турган бир пайтда уюшган жиноятчилик кучайиб кетганди. Ҳар куни ўн бешталаб қотилликлар, юзлаб талончилик, зўравонликлар қайд этиларди. Жиноятчиликни жиловлаш учун кўп саъй-ҳаракатлар қилинди, бу йўлда кўплаб ходимларимиз ўз жонларини қурбон қилишди.

Ўша пайтларда диний эркинлик берилганидан фойдаланиб турли оқимлар ҳам пайдо бўлди. Эсимда, Тошкент вилоятилик бир йигит шундай оқимларга қўшилиб кетгани, ўз ватанига қарши ҳаракатлар амалга оширгани учун унинг ота-онаси маҳалла-куйда бош кўтара олмай қолишган ва ўғилларига қайтишни ва кечирим сўрашни сўраб хат қолдириб, биргаликда ўзларини осишган. Биласизми бу қандай оғир? Ахир шу маҳалла фаоллари, профилактика инспектори шундай ҳолатнинг олдини олиши мумкинмиди?!

Яна ўша даврларда сиёсий эркинликни ниқоб қилган гуруҳлар пайдо бўлишди ва партиялар тузишиб, одамларни митингга чорлай бошлашди. Буларнинг ҳаммаси ортида конкрет сиёсий кучлар турарди ва уларнинг ҳаракатлари туфайли фуқаролик уруши келиб чиқиш хавфи бор эди. Эсингизда бўлса, Тожикистонда ана шундай уруш чиққанди. Ўзим шахсан гувоҳ бўлган ҳолат ҳалигача ёдимдан чиқмайди – Тожикистоннинг бизга қўшни бўлган вилоятларидан биридаги қудуқдан етмишдан ортиқ кишининг жасади олиб чиқилган, улар орасида кексалар, болалар ҳам бор эди...

Бу ерда ЙҲХХ ходимлари ўтиришибди, лекин умумий вазифамиз битта – халқимиз осойишталигини сақлаш. Албатта, ишингиз қийин, маошингиз балки етарли эмасдир. Лекин ҳеч қачон порахўрликка берилманг. Сизларнинг орангиздан кимдир йўл тўсиб, пора талаб қилиши – пасткашлик. Сизларни беобрў қилишга ҳаракатлар бўлмоқда, видеога тушириб интернетларга чиқарилмоқда, атайлаб пул ташлаб қўйишга уринишлар қайд этилган. Буларга қарши курашилади, яқиндан бошлаб ҳар бирингизда боди-камералар бўлади ва бу сизларнинг ижтимоий ҳимоянгизга хизмат қилади. Шунингдек маошларингизни ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Аммо пора олиш кечирилмайди ва бу жуда уят!

Тадбир якунида меҳнат фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган шахсий таркибнинг бир қатор ходимлари вазирликнинг ташаккурномалари билан тақдирландилар.

 

Мавзуга оид