Жаҳон | 21:19 / 01.05.2019
25104
2 дақиқада ўқилади

Метеорит катта тезликда Ойга урилиши қайд этилди (видео)

Испаниялик астрономлар жорий йил бошида Ойнинг тўлиқ тутилишини кузатиш вақтида метеоритнинг Ой сиртига урилиши натижасида ҳосил бўлган кучли чақнашни қайд қила олишди. Таъкидланишича, метеорит урилган жой Лагранж кратери яқинида жойлашган.

Тадқиқот муаллифлари Уэльва университетидан профессор Хосе Мария Мадьедо ва Андалусия астрофизика институтидан доктор Хосе Л. Ортис ҳисобланади.

Воқеа 2019 йил 21 январда юз берган. Айнан ўшанда кўплаб астрономлар Ойда юз берган кучли чақнашни қайд қилишган. Бир нечта телескопдан тўпланган маълумотлар асосида бу айнан метеоритнинг тўқнашуви эканлиги ўрнатилган.

Олимларнинг айтишича, ушбу метеоритнинг оғирлиги 45 кг, эни 30-60 см бўлган. Ҳисоблашларнинг кўрсатишича, само жисмининг Ойга урилиши вақтидаги тезлиги 61 минг км/соатга тенг бўлган. Унинг Ой сиртига урилишидан ҳосил бўлган портлаш кучи 1,5 тонна тротилни ташкил қилган. Метеорит Ой сиртида диаметри 15 метрча келадиган кратер қолдирган.

“Бундай юқори тезликдаги тўқнашувни Ердаги лабораторияларда жонлантиришнинг иложи йўқ”, деб айтган астрономлардан бири.

Чақнаш давомийлиги бор-йўғи 0,28 сонияни ташкил қилган. У Ой тутилиши вақтида суратга олинган тарихдаги илк чақнаш бўлди.

Мавзуга оид