Спорт | 13:18 / 04.05.2019
28467
5 дақиқада ўқилади

«Сити» ва «Ливерпуль» ўртасида «олтин ўйин» бўладими?

Фото: AP

Англия Премьер Лигасининг навбатдаги мавсуми тугашига 2 тур қолганда «Манчестер Сити» «Ливерпуль»ни 1 очкога ортда қолдирган ҳолда, пешқадамлик қилмоқда. Сўнгги турлар олдидан шундай вариант ҳам бор эканки, бу икки жамоа ўртасида қўшимча «олтин учрашув» ўтказилиши ҳам мумкин.

Гап шундаки, Англияда очколар тенг бўлиб қолганда, аввало тўплар нисбати, ундан кейин урилган голлар сонига қаралади. Ўзаро ўйинлардаги (бу борада «Сити» устун» - 0:0, 1:0) устунликка эса, умуман эътибор қаратилмайди. Демак, агар қолган икки ўйинда «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» мос равишда 2 ва 3 ёки 3 ва 4 очко оладиган бўлишса, турнир жадвалида тенглик юзага келади. Эҳтимоли жуда кам бўлса-да, ҳатто тўплар нисбати ҳам бир хил бўлиб қолиши мумкин. У ҳолда, юқорида айтилганидек, қўшимча ўйинга эҳтиёж пайдо бўлади. 

«Агар биз «шаҳарликлар» билан тенг очко тўпласак ва тўплар нисбатимиз ҳам бир ҳолатда бўлса, «Олтин ўйин» бўлар экан. Бунинг эҳтимоли кам, лекин мабодо шундай вазият юзага келса, ажойиб иш бўларди», деди бу борада «Ливерпуль» устози Юрген Клопп. 

Албатта, ҳозирда очколар бўйича орқада бўлган жамоа мураббийи учун бу қўшимча имкониятга айланади, табиийки, қолган икки турдаги ғалаба чемпионлик учун етарли бўлган Пеп Гвардиола буни  асло хоҳламаса керак. Сўнгги 2 турда манчестерликлар ўртамиёна «Лестер» ҳамда лигада қолиш учун курашаётган «Брайтон»га қаши ўйинлар ўтказади, мерсисайдликларга эса «Ньюкасл» ва «Вулверҳемптон» рақиблик қилади.

Умуман олганда, АПЛ тарихида бундай учрашув ҳали бўлмаган. 

Чемпионлик пойгасида бундан ташқари ҳам, ўзига яраша интригалар мавжуд. Мисол учун - Брендон Рожерс. АПЛ тарихида «Ливерпуль» бир марта чемпионлик учун яқин келган ва фақат «Челси», «Кристал Пэлас»га қарши сўнгги турлардаги омадсиз ўйинлар жамоани бу бахтдан мосуво қилганди. Ўша 2013/14 йилги футбол мавсумида «Ливерпуль»нинг устози Брендон Рожерс бўлган. 

Худди шу Брендон Рожерс энди яна бир бор «Ливерпуль»ни чемпион қилишга яқин ва ўйлаймизки, бу ҳолатда ҳам мураббийи Ливерпуль қаҳрамонига айланиши турган гап. Ҳозирда «Лестер»ни бошқараётган Рожерс шогирдлари билан душанба оқшомида «Этиҳад» меҳмони бўлади. Бу учрашувда агар «Лестер» мезбонлардан очко тортиб оладиган бўлса, «Ливерпуль» яна турнир жадвалида пешқадамга айланиб олиши мумкин. 

Мерсисайдлик мухлислари «тулкилар»дан кўпроқ умид қилишаётгани табиий, сабаби айнан «Лестер» ушбу мавсумда «Манчестер Сити» устидан ғалаба қозонган уч жамоадан биридир. Шунингдек, Англия Лига кубоги баҳсида ҳам «Лестер» номдор рақибига муносиб қаршилик кўрсата олган ва фақат пенальтилар сериясида мағлуб бўлган. Сўнгги турларда анча барқарор ўйнай бошлаган ва ҳатто «Арсенал» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонган «Лестер» ўз сўзини яна айтиши мумкин. 

Дарвоқе, яна бир қизиқ жиҳат, ушбу пойгага бошқа бир собиқ ливерпулчи ҳам ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Гап «қизиллар»нинг собиқ мураббийи Рафа Бенитес ҳақида бормоқда. Испаниялик мутахассис бугун шогирдларини «Ливерпуль»га қарши майдонга туширади. Агар бу ўйинда «Ливерпуль» очко йўқотадиган бўлса, «Манчестер Сити»нинг вазифасини яхшигина осонлаштириб юборади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид