Спорт | 14:57 / 08.05.2019
15737
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркия миллий жамоалари илк марта ўртоқлик учрашуви ўтказади

Фото: REUTERS

Ўзбекистон миллий жамоаси 2 июнда Туркия миллий жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказади. ЎФА расмий сайтига кўра, учрашув Анталияда бўлиб ўтиши белгиланган.

Қайд этиш керак, мазкур беллашув Ўзбекистон ва Туркия миллий жамоалари ўртасидаги дастлабки ўйин бўлади. Ушбу жамоалар 2013 йилда ҳам ўртоқлик учрашуви ўтказиши келишилган, аммо ўшанда Туркия томони 14 август куни Тошкентда ўтиши белгиланган учрашувни бекор қилиб, бунга ҳаддан ташқари иссиқ об-ҳаво шароити ва ЎФФ (ҳозирда ЎФА) керакли шароитларни яратиб бермаганини сабаб сифатида келтирганди.

Ҳозирча бу йил 2 июнда Анталияда бўладиган ўйин ҳақида ТФФ расмий сайтида маълум қилинганича йўқ.

Маълумот учун, Туркия ҳозирда ФИФА рейтингида 39-поғонани эгаллаб турибди. 1 июндан эътиборан Шенол Гюнеш жамоа бош мураббийи лавозимини эгаллайди. Ушбу маҳаллий мутахассис 2000-2004 йилларда ҳам Туркия термасига устозлик қилган, унинг қўл остида жамоа ЖЧ-2002да учинчи ўринни олган.

Гюнеш ихтиёрида Англиянинг «Эвертон», «Лестер», Италиянинг «Милан», «Сассуоло», Франциянинг «Лилль», Германиянинг «Штутгарт», Испаниянинг «Сельта» каби клубларида тўп сурувчи футболчилар бор.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон бунга қадар УЕФАга аъзо 13та мамлакат термасига қарши (уларнинг барчаси - Шарқий Европа жамоалари) ўйин ўтказган.

Аввалроқ Эктор Купер жамоаси 7 ва 11 июнь кунлари Тошкентда КХДР ва Сурия миллий термаларига қарши майдонга тушиши маълум бўлганди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид