Жамият | 18:50 / 10.05.2019
27874
3 дақиқада ўқилади

Бидъат ишлардан Аллоҳ рози бўлмайди

“Кун ҳадиси” дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни “Бидъатларни рад қилиш”, деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни “Мирзо Юсуф” жоме масжиди имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий шарҳлаб берди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Ойиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Ким бизнинг ишимизда диндан бўлмаган бирон бир янгилик қилса, у рад қилингандир”.

Имом Муслим ривоят қилган матнда эса бироз бошқачароқ мазмунда келади: “Ким бизнинг ишимизда диндан бўлмаган бирон бир амални бажарса, у рад қилингандир”.

Бу амал муомалада – бидъат деб аталади. Бидъат сўзининг луғавий маъноси “янги бошланган” деганни англатади. Ҳадиснинг матнида “ким бизнинг ишимизда диндан бўлмаган бир амални қилса”, деб келмоқда. Яъни, ҳар бир янгилик ҳам бидъат деб номланмайди. Динга тааллуқли нарса янгилик бўлган бўлса, бидъат деб номланади. Ҳар бир бидъат залолатда дейилади. Бу амаллар қабул қилинмаслиги ҳақида хабар бериляпти. 

Бидъатлар яхши ва ёмонга бўлинади. Яхшисидан савоб оламиз, ёмони эса қабул қилинмайди. Бидъатларнинг ёмонидан қўрқишимиз, қочишимиз лозим. Яхшисидан эса савоб талабида бўлишимиз даркор. Масалан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида таровеҳ намозларида хатми Қуръон қилиш йўқ эди. Бу иш Умар (р.а) вақтларида пайдо бўлган. Ёки Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида мадрасалар йўқ эди, китоб босишлар бўлмаган, Қуръон жамланмаган эди, мана шу ишларнинг барчаси кейинчалик содир бўлди. Агар бидъат ишлар мутлақо мумкин бўлмаганида, бу ишлар ҳам мутлақо мумкин бўлмаган бўларди.

Динга оид ишларда кейин пайдо қилиниб, асосга эга бўлмаган, диний нуқтаи-назардан одамларга манфаат бермайдиган, оқибати зарарли бўлган ишларнинг барчаси биз сақланишимиз зарур бўлган ёмон бидъатларга киради. Бу амаллар қабул бўлмайди. Шу сабаб биз суннатни ўрганишимиз, Исломни софлигича қабул қилишимиз лозим. Чунки қаерда суннат тарк этилса, унинг ўрнига бидъат ва хурофотлар кириб келади. Бу эса инсонни турли машаққатларга қўяди.

Масалан, тўй маросимларини олайлик. Агар биз суннатга мувофиқ тўй қиламиз десак, бу камхаражатли бўлади. Бизни қийнамайдиган, ҳаммаси ақл билан йўналтирилган тўй ўтказилади. Агар бидъатга мувофиқ тўй қилинса, йиллар давомида йиғилиб, бир кунда уни сочиб, яна машаққатга қолишимиз тушунилади.

Мавзуга оид