Спорт | 13:00 / 11.05.2019
10933
4 дақиқада ўқилади

Бугун Тошкентда катта ўйин: «Пахтакор» «Навбаҳор»ни қабул қилади

Бугун, 11 май куни Суперлигада 8-тур ўйинлари давом эттирилади. Турнинг марказий баҳсида «Пахтакор» Наманганнинг «Навбаҳор» клубини қабул қилади. Ўтган ҳафтада ўз стадионида илк ўйинни ўтказган «Навбаҳор» ҳозир яхши ҳолатда. «Персеполис»ни енгиб, Осиё Чемпинолар Лигасида гуруҳдан чиқишни деярли эплаган «Пахтакор» эса ундан ҳам яхшироқ ҳолатда. Шу сабаб ўйин жуда қизиқарли кечиши кутилмоқда.

«Пахтакор» ўтган турдаги «Локомотив»нинг мағлубиятидан фойдаланиб иккинчи ўриндаги жамоа билан фарқни 3 очкогача етказди ва Арвеладзе шогирдлари ўзларини бироз хотиржам ҳис қилишлари мумкиндек кўринганди. Аммо ўтган мавсумда «Пахтакор»ни енгишни уддалаган наманганликлар бу ишни яна эплашса, пойтахтликлар етакчиликни бой беришлари ҳам мумкин.

Андрей Канчельскис ниҳоят Наманганда ўз жамоасини туза олган кўринади. «Навбаҳор» мавсум аввалида тушунарсиздек кўринганди, лекин ҳозир жамоа анча ўзига келиб олди. Балки Канчельскис сэр Алекснинг кийиниш хонасидаги гапларини ёдга олиб, йигитларига янги мотивация топиб бергандир. Мўминжонов давридаги «Навбаҳор» ҳам кучли эди, лекин Канчельскиснинг жамоаси салобатлироқ кўринмоқда.

«Навбаҳор»да ўйнаётган легионерлар ҳам ўзини оқлаётганини айтиш керак. Александр Касьян чемпионат тўпурарлари қаторида бормоқда. Славко Лукич қанот ҳимоячиси бўлишига қарамай, охирги ўйинларда мудофаа марказида яхши ўйнамоқда. Етмаганига у ажойиб голлар урмоқда. Соловёв эса тезлиги ва ажойиб рейдлари билан ажралиб турибди. Бир сўз билан айтганда, «МЮ» собиқ футболчиси «Навбаҳор»ни кучли жамоага айлантира олган.

«Пахтакор» эса ҳозир айни футболдан завқланадиган паллада. Арвеладзе шогирдлари ОЧЛнинг амалдаги финалчиси, Эроннинг амалдаги ва катта эҳтимол билан бўлажак чемпионини мусобақадан чиқариб юбориб, ўзлари нимчорак финал йўлланмасини деярли ҳал қилишди. Шу сабаб «Пахтакор» ҳозир ҳар қандай жамоани янчиб ташлайдиган ҳолатда. Айниқса Игорь Сергеевнинг ҳал қилувчи голни ургани муҳим бўлди. «Пахтакор» энди Бикмаев ва Черан қаторида чинакамига яна бир ҳужумчига эга бўлди десак бўлади. Сергеев катта ўйиндаги голи билан катта футболга қайтди.

Жалолиддин Машариповнинг қандай ҳолатда эканини кўряпсиз. У айни дамда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси десак, қўшилсангиз керак. Умуман, бутун «Пахтакор» ҳозир яхши ҳолатда ва асосийси яхши кайфиятда. Ўзбек футболи шарафини халқаро майдонда муносиб қилаётган «шерлар»ни маҳаллий мухлислар яна яхши кўриб қолишмоқда. Аммо жамоа Чемпионлар Лигасига қараганда ички ўйинларда кўпроқ қийналаётгани ҳам бор гап. Чунки ҳали мағлубият нималигини билмаётган «Пахтакор»ни биринчи бўлиб мағлуб этишни ҳамма хоҳлайди.

«Пахтакор» – «Навбаҳор» ўйини 19:45 да «Пахтакор» стадионида бошланади. Стадионга ўйинни томоша қилиш учун келган рўзадор мухлислар учун «Пахтакор» ифторлик уюштиришини ҳам таъкидлаш керак. Муқаддас Рамазон ойининг фарз ибодатини адо этаётган мухлислар рўзаларини севимли жамоаларининг ўйинини томоша қилиб очишлари мумкин. Ўйинга кириш бепул ва стадионга кирган мухлислар смартфон ютиб олишлари мумкин. Танаффус вақтида иккита смартфон ўйналади.

Мавзуга оид