Жамият | 21:43 / 13.05.2019
94959
4 дақиқада ўқилади

«13 май». Андижоннинг 14 йиллик ҳасрати 

«13 май» воқеаларига 14 йил тўлди. Сўз билан ифодалаш қийин бўлган (ифода ҳам этилмаган) хунрезлик ортидан (расман) 187 нафар киши ҳалок бўлган, улар орасида норасида гўдаклар ва аёллар бор эди. Бу воқеалардан кейин 500дан ортиқ андижонлик муҳожирликда яшашга маҳкум бўлди ва уларнинг аксари ватанга қайта олмади.

2005 йилнинг апрель ойи давомида Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суд биноси қаршисида тизилиб турган оломон нимадандир ҳадикда эди. Ҳар куни ишга қатнагандай, кўчада турнақатор тизилиб турган аёл, эркак ва ўсмирлар бино ичида суд қилинаётган 23 нафар яқинларининг тақдиридан хавотирда эди.

«Акромийлар» оқимига аъзо сифатида кўрилган жиноятчилар устидан суд қарори чиқиши арафасида ушбу масала халқаро ҳамжамият эътиборини ҳам тортди. Хорижий нашрлар мухбирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари Андижонга серқатнов бўлиб қолганди. Кутилмаганда судланувчилар билан алоқадор бўлган бир гуруҳ шахслар ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, қуролланишди. Улар шаҳар қамоқхонасини ишғол этиб, у ерда сақланаётган маҳбуслар, хусусан шерикларини ҳам озод этишди.

13 май куни тонгда исёнчилар бирин-кетин маҳаллий маъмурий идоралар, жумладан вилоят ҳокимлиги биносини эгаллаб, асосий майдонга одам йиға бошлашади. Тушдан сўнг майдонда қуролланган исёнчилар ва ҳарбийлар ўртасида отишма юзага келади. Ушбу қонли тўқнашувдан кўп вақт ўтмасдан 540 нафарга яқин киши қўшни Қирғизистонга, у ердан Руминияга жўнаб кетишади. Дунёнинг турли давлатлари уларни муҳожирлар сифатида қабул қилиб, бошпана беради. 

Бу воқеа ўша йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан олиб борилган тергов суриштирув натижаларидан кейинги ҳисоботда «Ўзбекистон мустақил сиёсати, унинг миллий манфаатларини, конституциявий тузумини ағдариш ва исломий давлат барпо этишга қаратилган, геосиёсий манфаатларга тўлиқ мос келувчи пухта ўйланган ва режалаштирилган ҳаракат» дея баҳоланганди.

Ҳозир айтиш мумкинки, «13 май»  воқеаларининг жуда кўп тушунарсиз нуқталари мавжуд: исёнга тайёргарлик Андижон шаҳрининг ўзида бошланган бўлиб, 10 май куни ҳуқуқ-тартибот органлари ва пистирмада турган гуруҳ ўртасида тўқнашув содир бўлади. Вилоят раҳбарлари тўқнашувдан хабар топса-да, жароҳатланган ички ишлар ходимининг сўзларига парво қилмай, вақтни ўтказиб юборади. Шунингдек, исёнчилар раҳнамоларидан бири Баҳром Шокиров 12 май куни кечаси Қирғизистонга кетиб қолган. Гўё, ҳар икки тараф ҳам катта тўқнашувни кутгандай тасаввур пайдо бўлади.

Расмий ҳисоботларда ёзилишича, «террорчилик ҳаракати натижасида 187 киши ҳалок бўлган, шулардан 60 нафари тинч аҳоли вакиллари, уларнинг ичида икки нафар вояга етмаган бола ва бир аёл бор эди. Террорчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 31 нафар вакилини ўлдиришган. 287 киши, жумладан, 91 нафар тинч аҳоли вакиллари, 49 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва 59 нафар ҳарбий турли даражадаги тан жароҳатлари олишган.

Террорчиларга қарши чора-тадбирлар вақтида эса 94 нафар террорчи йўқ қилинган, 76 нафари яраланган. 

Ҳамон бир қанча саволлар очиқ қолмоқда: Тўс-тўполонлар вақтида ҳалок бўлганларнинг сони аслида қанча бўлганди? Қуролли тўқнашувлар вақтида майдонга тўпланган, ҳали ҳеч нарсадан хабари бўлмаган тинч аҳоли вакилларининг қурбон бўлишидан қочиб қутулишнинг имкони бўлмаганмиди? Талотўплар ортидан бошланган қама-қама ишларига қайта назар ташлаш лозим эмасми?

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид