Ўзбекистон | 08:46 / 14.05.2019
9974
3 дақиқада ўқилади

Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси таъсис этилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бошланғич устав капитали миқдори 25 миллиард сўм бўлган акциядорлик жамияти шаклидаги Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси  таъсис этилди.

Фармонга мувофиқ қуйидагилар Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясининг асосий вазифалари этиб белгиланган:

маҳаллий ва халқаро капитал бозорларида молиявий ресурсларни, шу жумладан, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг (кейинги ўринларда – ХМИ ва ХҲМТ) маблағларини жалб қилиш ва кейинчалик уларни ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш;

аҳолининг арзон уй-жойларга ўсиб бораётган эҳтиёжини қаноатлантириш учун бозор тамойиллари асосида тижорат банкларига молиявий ресурслар тақдим этиш;

шу жумладан, ипотека қимматли қоғозларини чиқариш ва уларни инвесторлар орасида жойлаштириш;

ипотека кредити тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш, ипотека бозорини ривожлантиришнинг замонавий услублари ва воситаларини татбиқ этиш, ипотека кредити ва ипотека қимматли қоғозлар бозорида хавфларни камайтириш ва ликвидликни ошириш;

ипотека кредити ва қайта молиялаштириш соҳасида, шу жумладан, хорижий эксперт ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда методологик ва норматив-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқишда иштирок этиш.

Компания томонидан ипотека кредитларини қайта молиялаштириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

а) Компания акциядорлар маблағларини ҳамда ХМИ ва ХҲМТнинг қарз маблағларини, шунингдек, қимматли қоғозлар чиқариш орқали маҳаллий ва халқаро капитал бозорларидаги узоқ муддатли ресурс маблағларни жалб этади;

б) Компания жалб қилинган маблағларни Компания томонидан ўрнатиладиган малакавий талабларга мос келувчи тижорат банкларига кредит ресурсларини ажратиш йўли билан қайта молиялаштиради;

в) тижорат банклари Компания томонидан белгиланган шартларда қарз олувчиларга ипотека кредитларини тақдим этади;

г) тижорат банклари ипотека кредитлари, ипотека шартномалари бўйича талаб ҳуқуқларидан ёки гаров хатлари бўйича ҳуқуқлардан Компания фойдасига воз кечади;

д) Компания тижорат банклари билан ҳуқуқлари аввал Компанияга ўтказиб берилган ипотека кредитига хизмат кўрсатиш шартномасини ёки гаров хатларини ишончли бошқарувга бериш шартномасини тузади;

е) тижорат банклари қарз олувчилар ва ипотека берувчилар томонидан кредит шартномалари ва ипотека шартномаларининг Компания фойдасига лозим даражада бажарилишини таъминлайди.

Компания томонидан ипотекани қайта молиялаштиришнинг қонунчиликка зид бўлмаган бошқа шакллари ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Мавзуга оид