Жамият | 20:52 / 14.05.2019
5364
2 дақиқада ўқилади

Каннда Ўзбекистон миллий павильони очилди

14 май куни 72- халқаро Канн фестивали доирасидаги Marché du Film кинобозорида Ўзбекистон миллий павильонининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон миллий павильони мана икки йилдирки, мамлакатимиз киноиндустрия салоҳиятини Каннда расман намойиш қилмоқда.

Ушбу кўргазма ва музокаралар майдончаси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Туризмни ривожлантириш қўмитаси, Кинематографияни ривожлантириш маркази, Ўзбекистон миллий кинокомиссияси томонидан Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси кўмагида ташкил қилинди.

Киносаноат мутахассислари ва ижодкорлардан таркиб топган Ўзбекистон делегациясининг вазифаси – мамлакатимизнинг кинолокациялари ҳамда хорижий кинолойиҳаларни амалга ошириш (копродакшн) салоҳиятини тақдим этишдир. Миллий павильон фаолияти давомида хорижлик продюсерлар ва халқаро кинокомпанияларни Ўзбекистонда суратга олиш учун жалб қилиш, шунингдек, 2019 йил 26-30 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган PROlogue халқаро кинофестивалига дунёнинг турли нуқталаридан қатнашчи ва ҳайъат аъзоларини таклиф қилиш бўйича учрашув ва музокаралар ўтказилади.

Marché du Film кинобозори бош ташкилотчиси Арно Мениндес Ўзбекистон миллий павильони очилишида шахсан иштирок этди.

“Йилдан йилга кинобозоримиз географияси кенгаймоқда ва унда Ўзбекистон мана иккинчи йил қатнашаётганидан биз ниҳоятда хурсандмиз. Ишонамизки, Ўзбекистоннинг гўзал гўшалари суратга олиш учун жозибали локация сифатида жаҳон киноижодкорларида қизиқиш уйғота олади».

Мавзуга оид