Light | 19:14 / 14.05.2019
15180
5 дақиқада ўқилади

Мия гигиенаси: интеллектни формада сақлашнинг 5 усули

Олимлар миянгиз кучини мустаҳкамлаш, янги ҳужайраларни ишлаб чиқариш ва оламга тетик ҳамда ўткир нигоҳни сақлашнинг оддий усуллари ҳақида ҳикоя қилишади.

Тиббиёт ютуқлари сабабли одамлар узоқ умр кечиришни бошлашди. Шунинг учун мия вақт ўтиши билан ўз формасини сақлаши учун кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак. Ҳаёт давомийлигининг узайиши ақлий бузилишларга олиб келиши аниқ бўлмаса ҳам прогнозларга кўра, Альцгеймер касаллигининг ўзи 2025 йилга келиб 7 миллион нафар кексаларга таъсир қилади.

Омадни қарангки, илғор технологиялар миянинг қандай ишлаши, у нимага реакция қилиши ва уни қандай ўргатиш кераклигини тушунишда ёрдам берди. Масалан, антиоксидантларга бой маҳсулотлар, черника, карам ва ёнғоқ мия учун фойдали эканини биламиз.

Ёшингиз нечада бўлишидан қатъи назар, қуйидаги бешта оддий усулни қўллаб кўришингиз керак. Олимларнинг фикрига кўра, улар мияда янги ҳужайралар ишлаб чиқарилиши, янги нейрон йўллар шаклланиши, англашни яхшилашда ёрдам беради.

Фото: 500px

1. Ўзингизни кичик ютуқлар билан табрикланг

Муваффақиятнинг қанчалик тез-тез содир бўлиши унинг масштабига қараганда кўпроқ аҳамиятга эга. Шунинг учун ўзингизни табриклаш учун катта ютуқларни кутманг, дейди Стэнфорд рағбат технологиялари лабораторияси директори Би Жей Фогг. Бунинг ўрнига ўзингиз учун кундалик байрамлар ўйлаб топинг; миянгиз ҳақиқий муваффақият билан ана шундай кўринаётган ҳолат ўртасидаги тафовутни фарқламайди.

2. Жисмоний фаол бўлинг

Невролог Этьена ван дер Уолтнинг фикрига кўра, жисмоний фаоллик мия саломатлигини яхшилашнинг энг яхши усулларидан.

Машқ қилганимизда юрак уриш суръати ортади, кислород мияга тезроқ етиб боради ва миянинг янги ҳужайралари тезроқ ривожланади. Мия ҳужайралари қанчалик тез ишлаб чиқарилса, уларга янги нейрон йўлларини ривожлантириб, ўзаро ҳамкорлик қилиш осонроқ кечади. Охир-оқибат миямиз самарали ва мослашувчан бўлади. Бу эса ақлий ишчанликни англатади.

Фаолликка қарор қилган бўлсангиз, кўпроқ ҳаракат қилинг.

Фото: 500px

3. Миянгизни машқ қилдиринг

Мияни ишлатмасангиз, у ҳам тананинг бошқа органлари каби ўз ишчанлигини йўқотади. Янги тил, янги мусиқа асбобида чалишни ўрганиш ёки ҳатто жонглёрлик ҳам яхши машқлар ҳисобланади.

Ўзининг тушуниш маҳоратини яхшилаш учун ёзувчи Жеймс Алтучер ҳар куни янги ғоялар ёзишга ҳаракат қилади. Муҳими, 10 та янги ғоя ёзиш.

4. Тўғри ўтиринг

Бутун дунёдаги оналар болаларни тўғри ўтиришга ундайдилар. Вертикал ҳолат нафақат қувват даражасини ва умумий кайфиятни яхшилайди, балки ишончни ҳам оширар экан. 2013 йилда Гарвард профессори Эми Кадди ва унинг ҳамкасби Маартен Бос томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари буни тасдиқлаган.

Кучсиз, қийшиқ ҳолдаги тана ҳолати мияни ишончсизлик ҳолати, депрессив хотиралар ва фикрларга мойил одамга айлантиради.

Фото: 500px

5. Тунда телефонни узоққа олиб қўйинг

Смартфоннинг мияга таъсири борасида кўплаб рост ва ёлғон фикрлар мавжуд. Бу борада ҳали кўплаб тадқиқотлар ўтказилиши лозимлигига қарамай, электрон экранлардан чиқадиган кўп нур ва уйқу ўртасида боғлиқлик мавжудга ўхшайди.

Массачусетс технологик институти катта ўқитувчиси  Свартнинг сўзларига кўра, миянинг табиий тозаланиш тизими олти соатдан саккиз соатгача вақтни талаб этади. Бусиз мия охир-оқибат бета-амилоид йирик тўпламларига дуч келади.

Олимлар мия ҳам тана каби чиқиндилардан халос бўлишини ҳар доим билишган бўлса-да, ушбу тозалаш тизимининг мураккаблиги 2013 йилдагина тадқиқ этилди. Унда чуқур уйқу вақтида мияда очиладиган «яширин ғорлар» аниқланди. Суюқ тозалаш тизими «глифматик тизим» номини олган бўлиб, кўплаб миқдордаги нейтроксинларга умуртқа устуни орқали сингиш имконини беради.

Ақлли қурилмаларни қанчалик узоқда сақлаш лозим? Ишончимиз комил эмас. Бироқ Сварт бошнинг олдига қўйилмаса бўлди дейди.

Охир-оқибат, мия саломатлигини қўллаб-қувватлаш ирода қудратини талаб этади. Бироқ тадқиқотлар кичик ҳаракатлар билан ҳам уни сақлаш мумкинлигини кўрсатган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид