Ўзбекистон | 11:27 / 15.05.2019
22041
6 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида Давлат хизматлари марказлари фаолияти қониқарлими?

Kun.uz сайти вилоятлардаги давлат хизматлари марказлари фаолияти, уларда хизмат кўрсатиш сифати, яратилган шароитлар ҳақида мақолалар бериб бормоқда.

Таъкидлаш жоизки, 2017 йил 1 февралдан Ягона марказларнинг туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича кейинги қадам бўлиб, вертикал бошқарувни шакллантириш, уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш имконини берди.

2018 йил 1 январдан улар Давлат хизматлари марказларига (ДХМ) айлантирилди.

Албатта, ушбу марказлар аҳолига бир қатор қулайликлар яратди. Биринчи навбатда жисмоний ва юридик шахсларнинг идоралараро сарсон бўлиши ва ортиқча вақт сарфлашларига чек қўйилди. Эндиликда фуқаролар эмас, балки ҳужжатлар ҳаракатланиши асосий мезон сифатида белгиланди. Кўрсатилаётган давлат хизматлари сони босқичма-босқич амалга ошириб борилмоқда.

Kun.uz томонидан бу борадаги навбатдаги ўрганиш Самарқанд вилоятининг шаҳар ва туманларидаги давлат хизматлари марказларида олиб борилди. 

Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказида жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизмати кўрсатиш намунали йўлга қўйилган. Марказда мурожаатчилар учун етарлича шароитлар яратилган. Тартибли навбат жорий этилган. Мурожаатчилар марказда ўрнатилган махсус инфокиоскда ЭРИ (электрон рақамли имзо) калити орқали бемалол фойдаланиш, керакли маълумотномани эса шу инфокиоскнинг ўзида чоп қилиб олиш имкониятига эга.

Сайёр хизматлар кўрсатиш мақсадида махсус жиҳозланган автомобиллар мавжуд.

Марказга келган фуқаролар билан суҳбатлашганимизда, улар бу ерда яратилган шароитлар ва кўрсатилаётган хизматлардан мамнунлигини айтиб ўтишди.

Каттақўрғон туман давлат хизматлари марказида мурожаатчилар учун етарлича шароит яратилган. Тартибсиз навбатлар учрамайди. Марказга ўрнатилган инфокиоск соз ҳолатда ишлаб турибди. Кўрсатилган давлат хизматлари учун белгиланган тўловларни амалга ошириш учун марказнинг ўзида банк шохобчаси ташкил этилган.

Туман давлат хизматлари маркази томонидан 2019 йилнинг 1-чорагида жисмоний ва юридик шахсларга жами 16221та давлат хизматлари кўрсатилган.

Бугунги кунда ҳам марказ томонидан жисмоний ва юридик шахсларга 100дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Шунингдек, ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари туманнинг олис ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим масканларида сайёр учрашувлар, тарғиботлар ҳамда сайёр рўйхатдан ўтказиш ишлари мунтазам амалга ошириб келинмоқда.

Ўрганиш давомида мурожаатчилар билан ҳам суҳбатлашдик. Улар марказда яратилган шароитлар қониқарли эканлигини билдиришди.

Пахтачи туман давлат хизматлари марказида кичик бўлса-да, кутиш зали мавжуд. Марказ ходимлари мурожаатчиларга навбати билан давлат хизматлари кўрсатмоқда. Инфокиоск соз ҳолатда ишлаб турибди.

Марказ директори Суннат Жуманов биз билан суҳбатда марказ учун барпо этилаётган янги бинода барча зарур шароит ва қулайликлар яратилишини таъкидлади.

Жорий йилда 1 март кунига қадар марказ томонидан жисмоний ва юридик шахсларга 6496та давлат хизматлари кўрсатилган.

Нарпай туман давлат хизматлари маркази фаолияти ва яратилган шароитлар билан танишганимизда асосий муаммо кўрсатилган давлат хизматларига тўловни амалга ошириш учун мурожаатчилар 1,5-2 километр узоқликдаги банкка боришга мажбурлигидир. Марказда банк шохобчаси мавжуд эмас.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига 299 минг 406дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган. 11 минг 441та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган. Шулардан 3 минг 443таси юридик шахс бўлиб, 7973таси якка тартибдаги тадбиркор ва 25таси хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналардир.

Марказ ходимлари дам олиш кунлари ҳам олис ҳудудларга чиқиб аҳолига сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатмоқда. Уйма-уй юриб, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва марказлар орқали хизматлардан фойдаланишнинг афзалликлари, қулайликлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб бормоқда.

Вилоятдаги давлат хизматлари марказлари илгари собиқ «ягона дарча» маркази даврида нечта штат бирлиги ва қайси бинода фаолият кўрсатаётган бўлса ҳозир ҳам аксарият марказлари ўша ходимлари ва ўша бинода ишлаб фуқароларга имкон қадар сифатли хизматларни кўрсатмоқда.

Шунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3701-сонли қарори билан, ҳудудларда мавжуд давлат хизматлари марказларига давлат хусусий шерикчилик шартлари асосида замонавий инфраструктурага эга бўлган янги бино қурилишини таъминлаш чораларини кўриш ва энг сўнгги моделлардаги оргтехника воситалари билан жиҳозлаш вазифалари белгиланган. Бу борада марказларда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлат хизматлари марказига келган фуқарони ортиқча вақтини олмаслик мақсадида агентлик томонидан тасдиқланган режа-графикка асосан, ходимлар тушлик вақтида ҳам ўз хизмат вазифаларини бажармоқда. Яъни, иш жараёни тўхтаб қолмаслиги мақсадида тушликка навбатма-навбат бориб келиш тизими жорий қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан, агентлик ва унинг ҳудудий бошқармаларига 215-5-моддаси билан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан айбдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар тузиш ва тўғридан-тўғри маъмурий чора қўллаш ваколати берилган. Шунга кўра, бугунга қадар бошқарма томонидан ваколатли идора ходимларига нисбатан 100дан ортиқ маъмурий баённомалар тузилган, тақдимнома ва огоҳномалар берилган.

Айни вақтда Паст Дарғом тумани давлат хизматлари марказида тажриба тариқасида бошқа марказларга нисбатан қўшимча равишда яна 31та талаб юқори бўлган давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилган. Фуқароларга миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларининг янги намуналарини бериш, фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш, туғилганлик ва ўлим ҳақидаги гувоҳномаларни тақдим қилиш, электр энергияси, табиий газ, сувни ҳисобга олиш (ҳисоблагич) ускунасини ўрнатишга ариза бериш ҳам марказ орқали амалга оширилмоқда.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид