Ўзбекистон миллий павильони дунё киносаноатига нималарни таклиф қилмоқда?
Сир эмаски, нуфузли Канн фестивали бутун дунё кинематографиясида ўз ўрни ва юксак мавқеига эга. Икки йил олдин ҳам фестивалда Ўзбекистон миллий павильонининг бўлиши фақат орзу-ҳавасдай туюлар эди. Бу йил 72-марта ўтказилаётган Канн фестивали ҳар қачонгидан ҳам гавжум, ҳар доимгидан-да шукуҳли.
71 (!) йил деганда Круазет соҳилида Ўзбекистон байроғи ҳилпиради. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ўтган йили биринчи марта, бу йил эса иккинчи марта Канн фестивалида расман, дунё киносининг гигант мамлакатлари билан бир сафда Ўзбекистон миллий павильони эшиклари кенг очилди.
Ўзбекистон миллий павильони дунё киносаноатига нималарни таклиф қилмоқда?
Канн фестивали доирасидаги Marche du Film кинобозорида Ўзбекистон киноиндустрияси намойиш этилиши учун ташкил қилинган Ўзбекистон миллий павильони бутун дунёга Ўзбекистонни қўшма киноасарлар яратиш учун ҳамкор ва жаҳон фильмлари олиш учун локация сифатида тақдим этиш имконини беради.
Содда тилда айтганда, миллий павильоннинг миссияси бебаҳо тарих ва бой маданий меросга эга Ватанимиз имкониятлари ҳақида дунё киносаноати вакилларига таништиришдан иборат. Кўҳна Регистон, гўзал водий ва воҳа табиати, замонавий шаҳарларимизнинг хорижий продюсерлар эътиборини қозониб улгурган Тайланд ёки Ҳиндистон, Швейцария ва Альп тоғларидан кам жойи йўқ. Бизда ҳам Голливуд фильмларини ҳеч иккиланмасдан суратга олса бўлади.
Тан олиш керак, Ўзбекистон Канн фестивалининг узоқ йиллик иштирокчиларига нисбатан анча ёш ва нотаниш. Бироқ миллий павильонга кириб келган йирик кинокомпаниялар вакиллари, дунёга машҳур продюсер ва режиссёрлар, актёрлар эътиборини ўзига қарата олмоқда. Ўтган йили павильонда меҳмон бўлганлар ўзларининг ижобий таассуротлари билан ўртоқлашмоқда.
Бу нимадан далолат? Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг халқаро майдондаги саъй-ҳаракати бежиз кетмаяпти. Ватанимизнинг халқаро майдондаги имиджини яхшилаш билан бир қаторда, келажаги бор йирик лойиҳалар ва энг асосийси, ёш киноижодкорлар учун янги имкониятлар эшигини очишга хизмат қилмоқда.
Маълумот учун: 2019 йил февралида ёш киноижодкорлар томониданЎзбекистон миллий павильони Берлинале фестивали доирасидаги Европа кинобозорида ҳам очилди. Бу йилги Канн киномаркети музокаралари натижаси ўлароқ Санта Моника (АҚШ), Торонто (Канада), Пусан (Жанубий Корея) ҳамда Лондон (Буюк Британия) кинобозорларида ҳам Ўзбекистон манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун қатнашиши мумкин бўлмоқда.