Спорт | 09:04 / 17.05.2019
10963
2 дақиқада ўқилади

Андижонда Муҳаммадқодир Абдуллаев бокс мактаби ташкил этилди

Жорий йилнинг 19 март ва 3 апрель кунлари президент раислигида ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5та ташаббусни амалиётга жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилиб, вазифалар белгилаб берилган эди.

Хусусан, давлат раҳбари томонидан ҳудудларда машҳур спортчилар мактабларини ташкил этиш орқали ёшларни оммавий спорт жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилган эди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, шундай муассасалардан бири сифатида Андижон вилояти Бўз туманидаги 6-умумтаълим мактабида 2000 йилги Олимпия ўйинлари чемпиони, жаҳон чемпиони, икки карра Осиё чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев бокс мактаби ташкил этилди.

Мазкур мактаб ёшлар бокс билан шуғулланишлари учун барча зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ёшларга ушбу спорт тури сир-асрорларини ўргатиш учун малакали мутахассислар жалб қилинди.

15 май куни ўтказилган муассасанинг очилиш маросимида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев, бокс бўйича жаҳон чемпиони ва Олимпия ўйинлари совриндори Ўткирбек Ҳайдаров, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, ўқувчи-ёшлар ва бошқалар иштирок этишди.

«Очилиш маросимида сўзга чиққан Муҳаммадқодир Абдуллаев юртимизда спортга қаратилаётган эътибор кундан-кунга кучайиб бораётгани ва ёшларимиз шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратилаётганини таъкидлар экан ушбу муассаса ҳам туман ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда бўлғуси чемпионларни тайёрлаш ниятида ташкил этилганини маълум қилди», дейилади хабарда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид