Жамият | 19:31 / 17.05.2019
48974
4 дақиқада ўқилади

«Партасиз ўқиётган ёшлар». Сурхондарёга «олтинбошлар» керак эмасми?

Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани 42-мактаб ўқувчилари тик туриб таълим олишади. Бу билим олишнинг инновацион услуби ё махсус ўқитиш методи эмас, шунчаки синфдаги болаларга парта ва стуллар етмайди. Устига устак, синфхонанинг ўзи товуқ катагидай тор, бир айлансангиз тугаб қоладиганлари ҳам бор. Ва бу ҳаммаси эмас...

Видео: YouTube

Видео: Mover (tas-ix)

Жорий йилда Ўзбекистоннинг тоғли ва тоғолди ҳудудларига сел келди ва ҳамон бундай хавф сақланиб қолмоқда. Олтинсой туманида жойлашган 42-мактаб ҳам сел келиш хавфи юқори бўлган сойбўйи ҳудудида жойлашгани туфайли вақтинчаликка ёпилди. Мактаб маъмурияти ва ўқувчилар Олтинсой Иқтисодиёт ва сервис кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биносига ўтказилди.

Аслида 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси сифатида қурилган, айни пайтда ёпиб қўйилган мактабда ҳам ўқувчиларга парта ва стуллар етишмасди. Болалар навбатчилик асосида стулларга ўтириб, таълим олиб келишган. Эндиликда коллеж биносида ҳам шу муаммо қайтарилмоқда. 

«Битта мактабга ҳаққимиз йўқми? Биз ҳам Ўзбекистон фуқаролари эмасмизми? Нега болаларимиз узоқ йўл юриб, тик туриб, ойна олдида доскага мўлтираб қараши керак, ахир?», – дейди ҳолатдан норози бўлган ота-оналардан бири.

10 синф ўқувчилари биология фанини спорт залда, ўрта синф ўқувчилари информатикани дафтар ва китобдан, тарихни эса ойна ёнида тик туриб ўрганмоқда.

Туман Халқ таълими бўлими раҳбари мослаштирилган бинодан чиқиб, коллежга ўтказилган мактаб жамоасига 26та хона берилганини айтмоқда. Аммо коллеж мезбони, директор мактаб учун коллеждан 11та хона ажратганини маълум қилди. 

«Қани болаларнинг қийналаётгани? Икки сменада ўқишни ташкил этса бўлади-ку? Нега эртароқ келишмади? Менинг ҳам ўқувчиларим бор (коллеж ўқувчилари назарда тутилмоқда - таҳр.), улар ҳар куни амалиёт ҳисоботини топширгани келади» , –  дейди у. 

Директорнинг сўзлари ишончсиз эшитилди, негаки, кун тушдан оғган бир пайтда коллеж биносида эмас, унинг атрофида ҳам унинг ўқувчилари йўқ эди. Шунга қарамай, директор яқин атрофдаги мактаблардан касбий таълимни ўрганиш учун мактабнинг юқори синф ўқувчилари келишини таъкидлади. Бу гап ҳам ишончсиз чиқди: айни коллежга кўчиб ўтган 11 синф ўқувчилари тикувчиликни «насия» қилиб, уйга равона бўлиб турганда кўзга ташланди. 

«Касбий таълим жуда зўр ва маҳорат билан ўтилмайди. Баъзи кунлари дарсга ўқитувчи ҳам келмайди» , – дейди ўқувчилардан бири. 

Агар коллеж ўқувчилари амалиётга чиқиб кетган бўлишса, бинонинг ярми бўшаб ётган бир пайтда, нега мактаб жамоаси бўш хоналардан фойдаланишга ҳақли эмас? Коллеж директорининг нияти бизга тушунарсиз бўлди, аммо унинг сўзлари бир нарсага ишора қиларди: коллежда таълим давом эттаётганини қоғозда бўлса-да, исботлаш лозим. Шунинг учун хоналар сақланмоқда. 

Қарийб 7 км масофадан пиёда ҳар куни мактабга қатнайдиган Илёснинг эса таълимга бўлган муҳаббати асло сўнмаган: унинг илинжи ҳали бор. 

«Тахминан 10тадан ортиқ катта-кичик адирдан ўтиб, мактабга келаман. Тез юрсам, 1 соатда, секин юрсам, жуда кўп вақт сарфлаб етиб келаман. Мен катта бўлиб, шифокор бўлишни, одамларни даволашни истайман», –  дейди у. 

Илёс базўр ишлаб турган, шу кунларда ёпилиб кетиш арафасида қолган тиббиёт пунктида ишлаб, қишлоқ аҳлининг саломатлигини ўйламоқда. Аммо олий маълумотли, тажрибали раҳбарлар эса масалага панжа ортидан қараб, 7 км масофани тик адирлар орасидан кесиб чиқаётган Илёсдек қишлоқ болаларига ачинмайди. Уларнинг таълимга бўлган иштиёқи сўниб қолишидан қўрқмайди.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид