Жамият | 16:22 / 18.05.2019
110037
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда автомобиллар ёниши: ёритгичлар айбдор экани ростми? 

Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ёнаётган автомобилларнинг суратлари тарқалмоқда. Фойдаланувчиларнинг фикрларига кўра, бунга кундуз вақтида чироқларни ёқиб юриш сабаб бўлган. Бу масала кўпларни қийнаб келаётганлиги сабабли Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Ўзбекистон Республикаси ФВВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси билан боғланганлиги натижасида қуйидагилар маълум бўлди.

Ўтган 2018 йилда енгил машиналарни ёниб кетиши билан боғлиқ 64 та ҳолат қайд этилган эди. 2019 йилнинг бошидан эса Тошкентда автомобилларнинг 11 марта ёнганликлари қайд этилди. Булардан икки ҳолатда ёниш – ёқилғи тизими ишдан чиққанлиги сабабли юз берган. Қолган ҳолатларда эса ёнғин қуйидаги русумли автомобилларда электр ўтказиш тизими бузилганлиги боис содир бўлган: ГАЗ-3102, ГАЗ-2401, Daewoo Matiz, ВАЗ-2109, Hyundai Sonata, Ford Sierra, ГАЗ-2420, Chevrolet Epica, Chevrolet Captiva, Chevrolet Damas (ёнғинга ЙТҲ сабаб бўлган), Chevrolet Cobalt – автомобилнинг мотор қисмида содир бўлган борт компьютери ва аккумуляторни улаб турувчи электр ўтказиш тизимидаги қисқа узилиш сабаб бўлган. Автомобиль ёритгичларига зарар етмаган, дейилади ИИББ хабарида.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Кеча, 17 май куни соат 16.00 ва 17.00 оралиғида Фарҳод кўчасида қурилаётган ресторан қаршисида содир бўлган «Вольво» русумли автомобилнинг ёнишида, ҳайдовчига ёрдам берган қурувчиларнинг ва бошқа гувоҳларнинг ҳамда ҳайдовчининг ўзининг гапларига кўра мотор қисмидаги муаммолар сабаб бўлган. Шошилинч хизматлар бўлмиш 101 ёки 102 рақамларига у ва гувоҳлар қўнғироқ қилишмаган. Агар ижтимоий тармоқларда тарқалган суратга эътибор билан қаралса, ёритгичларга зарар етмаганини кўриш мумкин, дейилади маълумотда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

ФВВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг маълум қилишларича, ёнғинга сабаб бўлган электр ўтказгичларнинг техник қониқарсиз ҳолатлари кўпинча эски йилларда ишлаб чиқарилган автомобилларда учрайди. Шундай экан, агар автомобиль «катта ёшда» бўлса, техник кўрик давомида электр ўтказгичларга алоҳида эътибор бериш зарур.

“Биз бу каби ҳодисалар суратларини тарқатувчи фуқароларни, блогерларни ҳамда Telegram мессенжерида ўз каналини юргизадиганларни автомобилларнинг ёниш сабаблари тўғрисидаги ўз “мутахассис” хулосалари билан инсонларни адаштирмасликка чақирамиз”, - дея якунланган пойтахт ИИББ хабари.

Мавзуга оид