Иқтисодиёт | 20:36 / 20.05.2019
5518
2 дақиқада ўқилади

I чоракда аҳоли томонидан банкларга 612 млн доллар сотилди

2019 йилнинг I чорагида хорижий валютага ялпи талаб 2,7 млрд долларни ташкил қилди. Ушбу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 30,4 фоиз ўсган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати маълум қилди.  

Марказий банк докладига кўра, кўрилаётган даврда Марказий банкнинг 914 млн доллар миқдоридаги интервенциялар ҳажми валюта бозори талабининг 33,9 фоизини қоплади ва харид қилинган монетар олтин ҳажмига (925 млн доллар) мос бўлган. 

I  чоракда трансчегаравий ўтказмалар ҳажми 1,1 млрд долларни ташкил қилган (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,1 фоизлик ўсиш). Аҳоли томонидан сотилган хорижий валюта ҳажми 45,6 фоизга ўсиб, 612 млн долларни ташкил қилган. 

Аҳоли томонидан тижорат банкларидан сотиб олинган хорижий валюта ҳажми 255 млн долларни ташкил қилган.

Бундан ташқари, I чоракда валютанинг реал самарали айирбошлаш курси 2017 йил сентябрига нисбатан 25,6 фоизга ошган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу давр ичида реал самарали айирбошлаш курси қисқариш тенденциясига эга бўлган. Натижада март охирига келиб реал самарали айирбошлаш курси ўзининг барқарор ҳолатини тиклаган.

“Бу бир вақтнинг ўзида йиллик инфляция даражасининг пасайиши, сўмнинг номинал айирбошлаш курси ўзгаришининг барқарор тенденцияси ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигининг ўзгариши билан шартланган”, дейилган Марказий банк хабарида.

Банкда истиқболда қатъий пул-кредит шароитлари курсдаги тафовутнинг камайишига ва реал самарали айирбошлаш курсининг ўзининг барқарор қийматлари атрофида шаклланишига туртки бўлиши таъкидлаб ўтилган.

Мавзуга оид