Ўзбекистон | 16:50 / 22.05.2019
37335
1 дақиқада ўқилади

«Миллий тикланиш» партиясига янги раҳбар сайланди

Бугун, 22 май куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди ва унда партиянинг янги раҳбари сайланди.

Kun.uz манбасининг тасдиқлашича, эндиликда партияга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Миллий тикланиш» партиясининг палатадаги фракцияси аъзоси Алишер Қодиров раҳбарлик қилади.

Алишер Қодиров 1975 йилда туғилган. 1996 йилда Туркиядаги Эгей университетини, 2009 йилда Тошкент молия институтини (сиртдан) ва 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

Алишер Қодиров 2017 йилнинг августидан буён Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари сифатида фаолият кўрсатаётганди.

Бундан аввалроқ «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуродов лавозимини тарк этгани ва «Ўзагросуғурта»​ акционерлик жамияти раҳбари лавозимида иш бошлагани хабар қилинганди.

Мавзуга оид