Ўзбекистон | 18:20 / 22.05.2019
16895
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирига янги ўринбосар тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 майдаги ПҚ-4327-сонли Қарорига асосан Шоҳрух Шотурғунович Шораҳметов Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг давлат бюджети масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Шоҳрух Шораҳметов 1977 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий. 1998 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини ва 1999 йилда Буюк Британиянинг Эксетер университетини иқтисодчи, молия ва инвестициялар мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, инвестицион ва ташқи иқтисодий сиёсатни амалга ошириш масалалари бўйича бўлинмасининг бош консультанти лавозимида самарали фаолият кўрсатиб келган.

У турли йилларда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида, шунингдек, Молия вазирлигидаги турли лавозимларда фаолият кўрсатган. Молия – иқтисод соҳасидаги иш стажи 18 йил.

«Шоҳрух Шораҳметов ижтимоий соҳа - таълим, соғлиқни-сақлаш, маданият ва спорт, шунингдек фан соҳалари молиясини яхши тушунадиган, бюджет маблағларини бошқариш ва оқилона фойдаланиш тартиб-қоидаларини, шунингдек давлат бюджет сиёсатининг истиқболдаги устивор вазифаларини чуқур биладиган салоҳиятли мутахассис бўлиб ҳисобланади», дейилади Молия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Бундан аввалроқ, Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов Молия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига ўтказилгани хабар қилинганди. 

Мавзуга оид