Ўзбекистон | 11:56 / 24.05.2019
17602
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коррупцияга қарши сиёсат қай аҳволда?

Фото: KUN.UZ

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларида коррупцияга қарши кураш тармоғи котибияти коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракатлар режаси доирасида Ўзбекистонда олиб борилган тўртинчи мониторинг якунларини эълон қилди.

23 май куни ҳукумат ва Олий Мажлис вакиллари ҳамда ИҲТТ мутахассислари иштирокида бўлиб ўтган анжуманда мазкур мониторинг хулосаларига кўра мамлакатдаги антикоррупцион тизим камчиликлари ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар маълум қилинди. Унга кўра, Ўзбекистонда:

антикоррупцион сиёсат қисқа муддатли ҳаракатларга асосланган, стратегик ҳаракатлар мавжуд эмас;

антикоррупцион фаолиятга дахлдор бўлган идораларнинг жойлардаги фаолияти яхши йўлга қўйилмаган;

қонун ҳужжатларида амалдаги ҳолатни ўрганувчи тадқиқот ишлари ва уларнинг хулосалари билан боғлиқлик йўқ;

коррупция ҳақида аҳоли фикрини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориляпти, лекин бу тадқиқотларнинг хулосаларидан антикоррупцион фаолиятни йўлга қўйишда қанчалик фойдаланилаётгани маълум эмас;

антикоррупцион комиссияга жамоат вакилларини жалб этишнинг аниқ тартиби мавжуд эмас;

коррупцияга қарши кураш бўйича методологик тавсиялар мавжуд эмас, бу борада ҳар бир давлат идораси ўзича алоҳида ёндашмоқда;

коррупцияга қарши кураш бўйича республика идоралараро комиссиясининг кадр ва молиявий ресурслари талаб даражасида эмас.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда ИҲТТ томонидан 47та тавсия ишлаб чиқилган. Хусусан:

миллий антикоррупцион тизимдаги кадрларнинг ихтисослашуви, малакаси оширилишини таъминлаш;

коррупцияга қарши кураш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ихтисослашган доимий котибиятини тузиш;

тизимга дахлдор идораларни малакали кадрлар ва доимий молиявий ресурслар билан таъминлаш;

антикоррупцион сиёсатнинг амалга оширилишидаги нодавлат ташкилотларнинг ҳам ролини ошириш;

коррупцияга қарши ҳаракатларнинг натижадорлигини баҳолаб бориш;

олиб борилаётган конкрет ишлар ҳақида аҳолининг хабардорлигини мунтазам равишда таъминлаш;

мамлакатдаги коррупция ҳолатини ўрганиш бўйича тадқиқотлар хулосаларидан амалда фойдаланиш;

стратегик характерга эга бўлган коррупцияга қарши кураш бўйича янги ҳужжат қабул қилиш;

мавжуд қонун ҳужжатларини вазиятнинг ўзгариши, янги механизмларнинг жорий этилишидан келиб чиққан ҳолда янгилаб бориш;

антикоррупцион сиёсатни миллий, идоралар ва маҳаллий даражада йўлга қўйиш.                                                                                                                                                                       

Анжуманда иштирок этган Бош прокуратура вакилининг маълум қилишича, ҳар бир давлат идораси ўз фаолиятидаги коррупция рискларини баҳолаши ва уларга қарши ўзининг ички антикоррупцион тизимини ишлаб чиқиши йўлга қўйилади.

ИҲТТ вакили Татьяна Хаванськанинг маълумот беришича, олдинги раунд мониторинг натижаларига асосан антикоррупцион тизимни яратиш бўйича берилган 23та тавсиянинг 10таси қисман, 8таси катта ҳажмда (лекин тўлиқ эмас), 3таси тўлиқ амалга оширилган. 2таси эса янги мониторинг фокуси бошқа йўналишга қаратилгани боис кўриб чиқилмаган.

Шунингдек, ИҲТТ вакили Ўзбекистонда амалдаги Жиноят ва Жиноят процессуал кодекслари халқаро талабларга номувофиқ эканлигини, уларни қайта ишлаб чиқиш зарурати мавжудлигини таъкидлади.

Мавзуга оид