Жамият | 18:00 / 26.05.2019
56077
8 дақиқада ўқилади

«Риштонда нима гаплар?» Туман марказидаги бузилиш ишлари ҳақида

Маълум бир ҳудудда эски, кўринишидан бугунги архитектура талабларига жавоб бермайдиган бинолар бузилиб ўрнига янгилари қурилиши замон талаби ва зарур ҳолат.        

Ахир дунёнинг энг чиройли шаҳарлари ҳам бузилиб қурилмаганида бугунги кўриниш пайдо бўлмас эди. Фақат ўзига хос архитектура ечимига эга санъат даражасида баҳоланадиган, музей ва бошқа туристлар учун маълум қийматга эга бинолар бундан мустасно.

Қисқаси, бу жараён амалга оширилиши, лекин уйи, жойи бузилаётган кишиларга азият етмаслиги керак. Бу эса энг муҳим масала.

Мурожаат ортидан Фарғона вилоятидаги Риштон туманида бўлдик. Айни пайт туман марказида қайта қуриш ишлари бошланиши боис катта йўл бўйидаги уй-жойлар ва турли йўналишда аҳолига хизмат кўрсатувчи бинолар бузилмоқда.  

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Йўл бўйидаги уй ва дўконлари бузилаётган кишилар билан суҳбатлашганимизда улар бинолар учун туман ҳокимлиги жой ва конпенсация пули ажратилиши ҳақида билдирганини айтишди. Лекин, улар ва ҳокимлик вакиллари ҳам қаердан ер майдони берилиши ва компенсация пулининг миқдори ҳақида аниқ маълумот бера олишмади.

Бозордаги мавҳумлик...

Риштон марказидаги «Деҳқон Бозори»да фаолият юритувчи савдогарларнинг эса умуман боши қотган. Сабаби, уларда турғун дўконларининг ерга эгалик ҳуқуқини берувчи қарорлари ва кадастр ҳужжатлари мавжуд. Бозор беркитилиб, унинг атрофидаги уй-жойлар, бозорга кириш жойларида бузилиш ишлари бошланиб кетган.

Деҳқончилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи кишиларга эса, туман маркази четидаги бир вақтлар пахта тайёрлаш пункти бўлган майдонда савдо қилишларига рухсат берилди. Бироқ у жой  вақтинчалик экан.

Ҳозирги кунларда деҳқон бозорида дўконларга эга юзга яқин тадбиркорнинг боши қотган. Улар тирикчилик манбаи бўлган дўконларидан айрилиб қолиш хавфи остида.

«Мен Шерзод Отабоев мана шу бозорда тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман. Оиламдаги 11 жонни боқиш учун мана шу дўконни юргизамиз. Ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз бозоримизни шарт ёпиб қўйишди. Бузилар экан. Бозорни бўлса бир ташландиқ, ҳеч қандай шароити йўқ жойга кўчиришди. Ҳамма сарсон. Рўза кунида халққа ҳам, тадбиркорга ҳам қийин бўлди. Эртага нима бўлишини ўйлаб бошимиз қотиб ўтирибмиз. Наҳотки, ҳокимиятдан бирор одам чиқиб, нима бўлаётганини тушунтирмаса», дейди тадбиркорлардан бири.

Келгусида фаолияти ноаниқ бўлиб турган яна бир савдогар Гулноза Фахриддинова суҳбатга қўшилди: «Мен оила аъзоларимиз билан 10 йилдан бери мана шу Риштон деҳқон бозорида акционер сифатида иш юритиб келамиз. Бу бозоримиз бузилиши ҳақидаги биринчи ҳолат эмас. 2018 йил февраль ойида дўконимизни бузишган, кейин узоқ тортишувлардан кейин яна қуришга рухсат беришган эди. Янги дўкон қурдик. Бу эса ўз-ўзидан бўлмайди. Катта маблағ сарфладик. Энди яна дўконларимиз бузиляпти. Бизнинг кейинги тақдиримиз нима бўлади? Бизни ҳимоя қиладиган ким бор? Ҳеч нарсани тушунмаяпмиз», дейди у.

Дарҳақиқат, бозордаги ҳолат ўта тушунарсиз. Бозор ёпиб қўйилган. Реконструкцияга тушган, бироқ дўконлар тақдири номаълум. Тадбиркорлар эса ҳайрон.

Айнан шу бозорда Дима Қаюм тахаллуси билан танилган блогер Дилшод Болтабоевнинг халқ кутубхонаси жойлашган. Кутубхонанинг ҳам кейинги тақдири сўроқ остида.

Ҳокимликда

Биз бўлаётган ўзгаришларга ойдинлик киритиш мақсадида Риштон туман ҳокимлигига бордик. Туман ҳокими кундалик ишлари билан чекка ҳудудларда экан. Мутасаддиларнинг деярли барчаси бузилиш ва қурилиш ишлари билан банд. Қайта қуриш ишлари бўйича штаб ва ишчи гуруҳлар иш олиб боряпти.    

Туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Содиқжон Ҳайдаров Риштон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш таклифий лойиҳалари ишлаб чиқилаётгани, туман марказида жойлашган турар жой ва нотурар жой объектларини шаҳарсозлик меъёрлари асосида қайта қуриш ишлари бошлангани ҳақида гапириб берди: «Туман ҳокимининг 2019 йил 13 майдаги 2852-сонли қарорига асосан Риштон марказидаги катта йўл ёқасида жойлашган турар жой ва нотурар жойлар бузиляпти. Бу ишлар босқичма-босқич олиб борилади. Ҳозирда 150та нотурар ва 180га яқин турар жойларни бузиш ва замон талабига мос равишда қуриш ишларини бошлаганмиз. Маънан эскирган бинолар ўрнида икки қаватли биринчи қавати маиший хизмат кўрсатиш ва савдо дўконлари, иккинчи қавати турар жой сифатида фойдаланадиган бинолар қурилади. Ҳар бир бузилган бино учун жой ва компенсация пули берилади. Мақсадимиз Риштонни обод ва кўркам қилиш», деди мутасадди.

Ҳокимиятда кўча бўйидаги дорихона биноси бузилаётган иккита тадбиркор билан суҳбатлашганимизда, улар бинолари қўққисдан бузилишга тушгани ва ҳали берилиши керак бўлган ер майдон ва пул миқдори ҳақида тушунчага эга эмасликларини билдиришди.

Биз ҳоким ўринбосарига деҳқон бозори ёпиб қўйилгани ва унинг бузилишига оид саволларни бериб вазиятга ойдинлик киритдик. Маъсул бу саволларимизга қуйидагича жавоб қайтарди: «Бозоримиз реконструкция қилинади. Шунинг учун уни «Буюм бозори»га кўчирдик. Кўрган бўлсангиз бозорда турли товарлар аралаш сотиларди. Шароит талаб даражасида эмасди. Реконструкция лойиҳасини ишлаб чиқамиз. Айрим дўконлар бузилади, баъзилари қолади. Ҳаммасини аввалдан огоҳлантирганмиз. Халқ кутубхонасига келсак, бу бинони бузмай сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз».

Афсуски, бозордаги тадбиркорлар ва ҳокимият вакилининг гаплари бир-бирига мос келмади.

Ҳоким ўринбосари бизни лойиҳалар билан таништирди.

Бозорчилар ҳали ҳам мавҳумлик ичида

Тўғриси, биз туман ҳокими ўринбосарининг деҳқон бозори тақдири бўйича берган маълумотларидан қониқмадик. Ахир, бозор бузилар экан, бор-буди мана шу дўкон бўлган тадбиркорларнинг тақдири нима бўлишини жўяли ўйлаш керак эди-ку? Деҳқон бозори охирги уч йил давомида камида бешинчи бор бузиладиган бўлди-ёв.. Режасиз чиқарилган қарорлар билан ўтган йили янги икки қаватли дўкон қурган тадбиркорлар бор.

Биз айни пайтда бошқа жойга кўчган бозорда ҳам бўлдик. Шароит умуман йўқ. Озиқ-овқат моллари ва деҳқончилик маҳсулотлари бир кунда сифатини йўқотмоқда. Чанг-тўзонда қандолатчилик моллари бир неча соатда айниб қоляпти.

Мақола ёзиш жараёнида бозордан алоқага чиққан тадбиркорлар Риштон бозорининг кириш қисмида бузилиш ишлари бошланганини билдиришди. Тадбиркорлар шок ҳолатида.

Юртда бунёдкорлик, қурилиш, янгиланиш жараёнлари кечгани қандай яхши. Бироқ ҳар бир лойиҳа бошланмасидан олдин, дўппини олиб ўйланиш керак эмасмиди?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорларни қўллаш, уларга шарт-шароит яратиш бўйича айтган сўзларини келтирамиз: «Мулк эгасига зарари тўла қопланмагунча, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш ва кўчмас мулкни бузиш тартиби бекор қилинди».

Риштон деҳқон бозорида эртага тирикчилиги нима бўлишини ўйлаб, ўйига ета олмаётган тадбиркорлар эса туман ҳокимлигидан жўяли жавоб кутишмоқда.   

Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири
тасвирчи: Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид