Спорт | 10:15 / 28.05.2019
8689
2 дақиқада ўқилади

Неймар Бразилия миллий жамоаси сардорлик боғичидан маҳрум бўлди

Фото: AFP/Getty Images

Бразилия миллий жамоасида сардор ўзгарди.

Бразилия футбол конфедерацияси расмий сайтида маълум қилинишича, Неймар кейинги ой Қатар ва Ҳондурасга қарши кечадиган ўртоқлик ўйинлари ва Копа Америка мусобақаси доирасидаги учрашувларда жамоани сардор сифатида бошлаб тушмайди.

Бош мураббий Тите бу қарори ҳақида ҳужумчини 25 майда хабардор қилган. Эртасига ҳимоячи Дани Алвес «пентакампеонлар»нинг янги сардори этиб тайинланган.

Алвес Америка Кубоги заявкасига киритилган таркибда энг кўп – 138та ўйин ўтказган футболчи саналади. У охирги марта ўтган йили март ойида Германия миллий жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида сардорлик боғичи билан тўп сурган эди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат – сўнгги вақтларда Неймар атрофида рўй бераётган ягона муаммоли вазият эмас. У ЕЧЛнинг 1/8 финалида «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин ҳакам хонасига бостириб кирмоқчи бўлгани ва инстаграмида уни ҳақоратлагани учун УЕФА томонидан еврокубоклардаги уч ўйиндан четлатилганди.

27 ёшли футболчи жароҳати туфайли уч ойни майдондан ташқарида ўтказиб, жамоага қайтганида эса Франция кубоги финалида ютқазди ва тақдирлаш маросимига йўл олаётиб стадиондаги мухлислардан бирига мушт туширди. Оқибатда яна учта ўйинга дисквалификация қилинди.

Неймар мавсум давомида «ПСЖ»нинг барча мусобақалардаги 28та ўйинида майдонга тушиб, 23та гол урди ва 13та голга ассистентлик қилди.

Копа Америка 14 июндан 7 июлга қадар Бразилияда бўлиб ўтади. Унда мезбонлар Боливия, Венесуэла ва Перу билан бир гуруҳдан жой олган.

Мавзуга оид