Ўзбекистон | 16:45 / 30.05.2019
3208
2 дақиқада ўқилади

UNWTO Европа минтақавий комиссиясининг 65-йиғилиши Ўзбекистонда ўтказилади

Бутунжаҳон туристик ташкилоти (UNWTO) Европа минтақавий комиссиясининг 2020 йилда ўтказиладиган 65-юбилей йиғилиши Ўзбекистонда бўлиб ўтиши белгиланди, дея хабар беради Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.б. Абдулазиз Аққулов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 27-30 май кунлари Хорватия пойтахти Загреб шаҳрида ўтаётган UNWTO Европа минтақавий комиссиясининг 64-йиғилишида иштирок этмоқда.

Комиссия кун тартибидан қуйидаги масалалар муҳокамаси ўрин олди:

·      Бош котибнинг 2018-2019 йиллардаги дастур асосида бажарилган ишлар бўйича ҳисоботи;

·      Европа комиссиясининг 2018-2019 йилларга мўлжалланган дастури сарҳисоби;

·      UNWTO бош котибияти ва қуйи ташкилотларига номзодларни рўйхатга олиш ва уларни тасдиқлаш;

·      Европа комиссияси Ижроия қўмитаси ва бошқа ёрдамчи органларига номзодларни рўйхатга олиш, тайинлаш ва ҳ.к.

·      UNWTO Европа минтақавий комиссиясининг 65-юбилей йиғилиши ўтказиладиган мамлакатни белгилаш.

64-йиғилиш доирасида “Ўсиш, инновация ва ҳамкорлик” мавзуида интерактив семинар ҳам ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, йиғилишда Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлиги тақдимоти бўлиб ўтди ва у кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби З.Пололикашвили Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини юқори баҳолаб, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари йиғилиш иштирокчиларида катта таассурот қолдирганини таъкидлади ва жаҳонга юз тутаётган Ўзбекистон ҳамда президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган оқилона сиёсат ҳақида илиқ фикрлар билдирди.

Тадбир якунига кўра, З.Пололикашвили 2020 йилда UNWTO Европа Комиссиясининг 65 йиллик юбилейи Ўзбекистонда бўлиб ўтиши ҳақида эълон қилди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид