Жамият | 07:34 / 01.06.2019
29814
3 дақиқада ўқилади

Яхшилик ва ёмонликда инсон ўзини алдамаслиги лозим

“Кун ҳадиси” дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни “Яхшилик ва ёмонлик”, деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” масжиди имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли шарҳлаб берди.

Навос ибн Самъондан (р.а) ривоят қилинади:

“Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшилик – бу ҳусни-хулқдир. Гуноҳ эса кўнглинг хотиржам бўлмаган ва одамлар билиб қолишини истамайдиган ишингдир”, - дедилар. 

Иккинчи ҳадисда шундай дейилади:

Вобиса ибн Маъбаддан (р.а) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келдим. У зот: “Яхшилик ҳақида сўраш учун келдингми?”, дедилар. Мен “ҳа” дедим. У зот: “Қалбингдан сўра. Нафсинг ва қалбинг хотиржам бўлган нарса – эзгўликдир. Одамлар фатво бераверсалар ҳам ичингни ғаш қилиб, кўнглинга ўрнашмаган нарса – гуноҳдир”, - дедилар. 

Мазкур ҳадис Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қисқа сўзлари орқали кенг ва улкан маънони ифодалашларига ёрқин мисол бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳадисда амалларимиз яхши ёки ёмонлигини билиш учун керак бўладиган энг керакли бўлган тарозини баён қилганлар.Ҳақни таниш туғма хислатдир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари инсон ҳақни таниши ва унга рози бўлиш табиати билан яратилганини кўрсатади. Соғлом табиат, албатта, ҳақни севадиган бўлади. 

Гуноҳнинг икки аломати бор: ички ва ташқи. Ички аломат – кўнгил ўзи хотиржам бўлмаган ишдан изтиробга тушади. Қийналади, ундан қочишни истайди. Ташқи аломат – инсон мусулмонлиги туфайли номақбул ишини биродарлари кўриб қолишини истамайди. Бироқ бу ёқтирмаслик одатий эмас, диний ёқтирмаслик бўлади. Амалларимизга назар ташлайлик. Агар унда мана шу икки аломатни кўрсак, ўша амалдан йироқ бўлишимиз даркор экан.

Инсон имкон қадар олимлар олдига бориб, яхшилик ҳақида, яхши амаллар ҳақида сўраб, ўша яхшиликларга амал қилиш керак экан. Саҳобалар бу борада барчамизга ўрнак бўлишлари мумкин. Гоҳида инсон бир олимнинг олдига борганида, бирор масалани сўрайди. Лекин, минг афсуски, баъзилар ўзининг фойдасига масалани ҳал этиш учун воқеани тўлиқ ёритиб бермайди. Натижада олим одам унинг фойдасига ҳукм чиқаради. Мана шундай пайтда инсон ўзини алдамасдан, қалбига қулоқ тутсин. Унинг қалби, албатта, тўғри йўлга бошлайди.

Мавзуга оид