Жамият | 13:15 / 03.06.2019
83565
9 дақиқада ўқилади

«Фаралар можароси». Яна қанча автомобиль ёниб кетиши керак?

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги №292-сонли қарори билан йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритилиб, унга кўра куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги белгиланди. Айнан ушбу киритилган ўзгартириш кўпчилик фуқаролар томонидан норозилик билан қарши олиниб, бундай ўзгартиш киритишга асослар етарли эмаслиги, транспорт воситаларининг бугунги кундаги техник ҳолати мос келмаётгани каби эътирозли фикрлар билдирилмоқда.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров «Муносабат» кўрсатувида кундузги вақтда автомобилларнинг яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб юриши бўйича ўз фикрларини билдирганди.

Унда Вазирлар Маҳкамаси қарори тегишли талабларга жавоб бермаслиги, қарорда аниқ сана кўрсатилмагани, «куннинг ёруғ вақтида» деган жумла ҳуқуқий ҳужжатларда учрамаслиги, ҳужжат тадбиркорларга қўшимча мажбурият ёки талаблар юклагани туфайли унинг уч ойдан кейин кучга кириши лозимлиги ва жарима миқдори қонунчиликка мувофиқлаштирилмаганини иддао қилганди. Шунингдек, ИИВ жаримани 2016 йилда жорий қилган, қоидалар эса 2019 йилда кескин ўзгартирилганини айтганди.

Депутат Адлия вазирлигини ҳам ҳужжатнинг ҳуқуқий экспертизасидаги пассив роли учун койиганди. Жаримани киритаётган пайт депутатларнинг розилигини олиш учун бошқа сабаб кўрсатилиб, депутатларнинг кўпчилик овози олинганини тушунтирганди.

Буни кўрсатувда иштирок этган бошқа депутатлар ҳам тасдиқлаганди.

Кўп ўтмай Адлия вазирлиги ўз муносабатини билдирди. Депутатлар томонидан 2016 йилда ҳукумат киритган, деб тилга олинаётган қонун лойиҳаси аслида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ташаббус сифатида парламентга киритилгани, ҳужжатда муддат кўрсатилмаган бўлса, эълон қилинган кундан кучга кириши маълум қилинди.

Тадбиркорларга қўшимча мажбурият ёки талаблар юклагани туфайли унинг уч ойдан кейин кучга кириши лозимлиги бўйича транспорт воситаларининг чироғини ёқиб юриши ҳақидаги талаб билан тадбиркорлик фаолиятини юритиш қийинлашиб ёки осонлашиб қолмаслиги, қонун бўйича ҳам бунинг айнан тадбиркорлик фаолиятига алоқаси йўқлиги ва йўл ҳаракати қоидалари универсал, ҳаммага бир хил татбиқ этиладиган ҳуқуқий нормалар йиғиндисилиги тушунтирилди.

Яна қарор лойиҳаси бошқа турдаги экспертизалар ўтказилганидан сўнг, Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ва тегишли таклиф-мулоҳазалар берилгани таъкидланди. Бошқа турдаги экспертизалар деганда нима назарда тутилганига эса Адлия вазирлиги изоҳ бермади.

Шу ўринда, Адлия вазирлиги ҳозирда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс лойиҳаси устида ишланаётгани ва унда маъмурий жазо чоралари тизимини либераллаштиришга алоҳида эътибор қаратилишини маълум қилди.

Бу воқеадан сўнг, депутат Расул Кушербаев ЎзА мухбири билан бўлган суҳбатда мазкур масалага очиқчасига ойдинлик киритишга тайёрлигини билдириб, Адлия вазири ёки ўринбосарини очиқ дебатга чорлади.

Унинг айтишича, ўша вақтдаги қонунда фақатгина юк ва йўловчи ташувчи автомобиль воситаларига нисбатан чироқларни ёқиб юриш келтирилган. Лекин амалда бу тажриба барча ҳайдовчилар учун қўлланмоқда.

Расул Кушербаев Адлия вазирлигини одамларни чалғитиб, депутатларнинг обрўсини тўкишга уринишда айблаган.

«Нима учун Адлия вазирлиги минглаб одамларни қийнаётган муаммони ҳал этиш ўрнига биздан айб изламоқда. Айб қидириш бўлса, биз ҳам вазирликнинг камчиликларини очиқ айта оламиз. Барча қонун ҳужжатлари бўйича экспертизалар аъло даражада ўтказилиб, ҳеч бир ҳужжатда маълум гуруҳ ва шахсларнинг монополиясига йўл қўйиш, нодавлат ташкилотларга тадбиркор ва фермерларни мажбурий аъзоликка киритиш, давлат тилидан бошқа тилда ҳужжатлар қабул қилишга йўл қўйилмаганми? 

Аҳолини арзон уй-жой олиши учун ҳукумат белгиланган тартибларни қўллашда қонунбузилишини кўриб туриб кўз юмиш ҳолатлари ҳам бўлмаган шекилли? Бу бизга маълум натижалар холос», - деган депутат.

Расул Кушербаев Адлия вазирлиги ҳақиқатан одамларга ёрдам қилишни истаса, депутатларнинг айбини изламасдан вақт ва билимни бошқа нарсага сарфлашини сўради.

«Барча масъуллар, шу жумладан депутатлар ва вазирликлар ҳам аввало халқ олдида масъул ва ҳисобдордир. Халқнинг хоҳиш-иродаси фаолиятимизнинг асосий мезони. Депутат сифатида биз шундай ҳисоблаймиз. Халқ эътирозига сабаб бўлаётган муаммоларни барчамиз бир-биримизни қўллаб-қувватлаб ҳал этишимиз керак. Афсуски, бугун биз ва биз орқали юз минглаб юртдошларимизни қўллаб-қувватлашига умид қилганлар қаторида бир жамоанинг йўқлигига ишонч ҳосил қилдик. Ноилож, бу йўлда уларсиз бўлса ҳам охиригача давом этамиз», - деб ёзди депутат.

30 май куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ИИВ раҳбарияти ва масъул мутасаддилари иштирокида ОАВ ходимлари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Журналист сифатида очиқ айтишим керак, мазкур брифингда барчасига ойдинлик киритилиб, халқ фикри инобатга олинишини кутгандим. Брифингда қатнашган масъуллар ўз позициясини сақлаган ҳолда баъзи фактларни келтиришди.

Йиғилиш аввалида вазир ўринбосари Акрамхон Бобохонов ўз маълумотларини баён қилди.

«Ҳаво ҳарорати 35-50 даражага етадиган БАА ва Малайзияда ҳам транспорт воситалари учун яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш тартиби мавжуд. Иқлим шароити бизники билан деярли бир хил бўлган қўшни Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларида ҳам худди шундай тартиб амалда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу тартиб киритилгач ЙТҲ кўрсаткичи Қирғизистонда 21 фоизга, Қозоғистонда 11,12 фоизга камайган.

Мазкур тартибга риоя қилмаганлик учун Швецияда 1 млн 51 минг 836 сўм (миллий валютада ҳисоблаганда), Чехияда 732 минг 220 сўм, Эстонияда 1 млн 887 минг 510 сўм, Руминияда 574 минг 829 сўм жарима солинади», деди у.

Унинг жарима суммалари ҳақидаги фактларига ўша ердаги ҳамма журналистларда саволлар бор эди. Лекин вазир ўринбосари муҳим тадбирга тайёргарлик кўриши кераклигини айтиб узр сўраган ҳолда брифингни тарк этди.

Ҳурматли Акрамхон Бобохонов жарималарни сўмдаги нисбатда айтди-ю, аммо Европа давлатларидаги ўртача ойлик иш ҳақини сўмга айлантириб айтмади. Буни биз давом эттирамиз.

Биргина мисол, Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 2 049 700 сўм. Шахсий фикрим, бу статистика маълумотларига ишонмайман. Нега дейсизми? Йиллар давомида иқтисодиётимиз 8 фоиздан ўсиб борганини айтган ташкилот ҳали ҳам ислоҳотларга муҳтожлиги кундек равшан. Истасангиз, бу ҳақда сўровнома ҳам ўтказишимиз мумкин. Майли, бу бошқа мавзу, бунга алоҳида қайтамиз. Бу суммани долларга айлантирсангиз тахминан 240 АҚШ долларига тенг бўлади.

Швецияда эса энг кам иш ҳақи миқдори камида 2500 АҚШ долларини ташкил қилади. Сўмдаги эквиваленти 21 миллион сўмдан ортиқ. Ижтимоий таъминот ва меҳнат ҳуқуқлари (айниқса 8 соатлик иш вақти масаласи) таъминлангани ҳам алоҳида мавзу.

Иккинчи эътироз мутасаддилар чироқларни ёқиб ҳаракатланиш Европа стандарти экани ва пиёдалар хавфсизлиги кўзланаётганини рўкач қилгани бўйича. Биздаги йўллар Европа стандартига жавоб берадими? Риторик савол. Автомобил йўллари, пиёдалар ўтиш йўли ва ер ости йўллари етишмаслигидан одамлар шошилинч трассаларни кесиб ўтишади-ку?

Ундан кўра, йўл қурилишига масъул шахсларга таклиф киритиш керак эмасми? Улар аввал йўлларимизни Европа стандартига мослаб қўйсин, кейин улардагидек жарималар қўлласак ярашади. Нега бизда Европа стандартларининг ўзимизга керакли қисми олинади?

Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти бу масала яна ўрганилаётганини айтмоқда. Қизиқ, ҳали енгил машиналарда синов тариқасида ўтказилмаган бу амалиёт натижасида яна қанча машина ёниб кетаркин? Яна қанча хонадон рўзғори жабр кўраркин? Яхшики, ҳозирча автомобиллар ёнғини фожиаларга олиб келмади.

Бундан ташқари, муаммони ҳал этиш ўрнига вазирликлар айбни депутатларга, улар эса мутасаддиларга ағдариши қачонгача давом этади? Бу масалада миллионлаб фуқаролар фикри инобатга олинадими? Бу ўрганиш қачонгача давом этади? Бундай тортишув ва барчаси ҳисобга олинмаган қарордан фақатгина оддий одамлар жабр кўрмоқда. Давлатнинг вазифаси халқ фикри билан қизиқиб, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш эмасми?...

Зафарбек Солижонов, журналист

Мавзуга оид