Жамият | 18:23 / 04.06.2019
16844
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 500 кишига бепул уй берилди

3-4 июнь кунлари Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда 500 кишига Президент совғаси – бепул уй калитлари топширилди.

Пойтахтнинг жами 11та туманидан комиссия асосида танлаб олинган икки тоифадаги фуқароларга – уй-жойга муҳтож, оғир вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, ёлғиз аёлларга ҳамда Фанлар академияси қошидаги илмий-текшириш институтларининг илмий тадқиқотчилари, олий таълим муассасаларида илмий изланиш олиб бораётган докторант ва таянч докторантларига Сергели тумани Шоштепа маҳалласи Ўзар кўчасида Туркия технологиялари асосида бунёд этилган янги кўпқаватли уйларнинг калитлари топширилди. 

Янги уй калитларини топшириш маросимида Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси, ҳоким ўринбосари Дилбар Нажмиддинова нутқ сўзлади.

«Оилаларнинг фаровонлигини таъминлаш, унда тарбия топаётган фарзандларнинг ҳар жиҳатдан баркамол бўлиши учун барча қулайликларга эга турар жойнинг бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Бу Рамазон ҳайити арафасида қилинаётган мазкур хайрли ишнинг давлат сиёсати даражасида эканлигини кўрсатади», – дейди у.

«Ислоҳотларни четдан кузатиш яхши. Аммо юртингда бўлаётган ўзгаришларнинг таъсирини тўғридан-тўғри ўз ҳаётингда ҳис қилиш бошқача экан. Ҳаётимдаги қийинчиликлардан сўнг ҳукуматнинг кўрсатган моддий ёрдамидан жуда хурсандман», – дейди янги уйга соҳиб бўлган Римма Хачатурян.

Шунингдек, калитларни топшириш тантанасидан сўнг янги уй соҳиблари учун ифторлик дастурхони ҳам ёзилди.

 

Мавзуга оид