Жамият | 16:08 / 15.06.2019
7558
6 дақиқада ўқилади

Электр таъминоти: Инновацион технологиялар жадал жорий этилмоқда

Айни пайтда электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар аҳолини кўп ўйлантираётгани бежиз эмас. Соҳа ходимлари шу мавзудаги эътирозлар ва талаб-истакларни инобатга олган ҳолда камчиликларни бартараф этиш йўлида қатор ишларни амалга оширмоқдалар. Хусусан, Президентнинг 2018 йил 23 октябрдаги «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона водийси аҳоли хонадонларини Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (АСКУЭ) улаш ишлари жадал бошлаб юборилди.

Бундай  ҳисоблагичлар аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилади?

Биринчидан, истемолчилар электр таъминоти корхонаси ёки банклар эшигида узундан-узун навбатларда туришмайди. Электр ҳисоблагичларнинг кўрсаткичларини суратга олиб, Мажбурий ижро бюросида (МИБ) ниманидир исботлашга мажбур бўлишмайди. «Ҳисоблагичингиз кўрсаткичини ёзиб олай», деб ҳеч ким безовта ҳам қилмайди.

Иккинчидан, ҳисоблагич ўрнатилгач, тизимга уланади, код киритилиб, ҳисоб рақам очилади. Истеъмолчиларга SMS-хабар орқали барча маълумотлар автоматик тарзда етказиб турилади. Мобил телефон рақамига уланиши тўловни уйдан чиқмай «on-line» режимида амалга ошириш имконини беради. Энг муҳими, «шахсий кабинет» орқали ҳар бир истеъмолчи қанча электр энергияси сарфлаганини кузатиб туриш имконига эга бўлади.

Учинчидан, янги тизимда ҳисоблагичдаги маълумотларни компьютер назорат қилади. Электр таъминоти корхонаси ходимлари уйма-уй юришга кетадиган вақтини тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилашга сарфлайди. Шунингдек, истеъмол қилинган энергия ҳақидаги маълумотларни йиғишда инсон омили таъсири камаяди.

Маълумки, электр энергиясини омборга жойлаб, захира қилиб бўлмайди. Шу боис одатда ҳар бир ҳудуд учун электр сарфи тахминий ҳисобланиб, «лимит» ажратилар эди. Янги тизимда эса барча маълумотлар аниқ кўриниб туриши боис таъминотда чеклов бўлмайди.

Яна бир гап: маълумотларни сохталаштиришга уриниш, яъни ҳисоблагичга таъсир ўтказиш ҳолатлари юзага келса, «ақлли» ҳисоблагичлар дарҳол ўчади ва тизимга хабар жўнатади. Шунингдек, энергия тўлови тўланмаган тақдирда масофадан ўчиш хусусиятига ҳам эга. Улар электр таъминоти корхонаси томонидан 10 йилда бир марта қиёсловдан ўтказилади.

Дарвоқе, пластикли ҳисоблагичи бор истеъмолчиларнинг пластик картасида қолган пул маблағи янги ҳисоблагич учун очилган ҳисоб рақамга тушириб берилади.

Амалий ишлар қай даражада?

Фарғона водийсида шу кунларда амалга оширилаётган ишларга тўхталадиган бўлсак, биргина Андижон шаҳрининг ўзида жами 20 мингдан ортиқ маиший истеъмолчиларнинг ҳисоблагичлари алмаштириб бўлинди. Шу жумладан, ишлар якунланган трансформатор пунктларидан 8тасида концентратор қурилмаси ўрнатилиб, синов ишлари давом эттирилмоқда. Лойиҳа доирасида «Андижон ХЭТК» АЖга маҳаллий ишлаб чиқарурчи «Elektron hisoblagich» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган 26 000дан зиёд замонавий электр ҳисоблагичлар етказиб берилди ва ҳозирда уларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Шуни айтиш жоизки, «Ўзэнергоинспекция» Андижон вилояти ҳудудий бўлими ташаббуси билан «УзДонг Янг КО» қўшма корхонасининг «Индустриал» кўчасида жойлашган ишлаб чиқариш заводи ҳудудидаги ташқи ёритгичлари учун 40 дона қуёш панеллари ўрнатилди. Вилоят ҳокимлигининг ёрдами билан эса электр энергияси таъминоти сифатсиз бўлган 10дан ортиқ объектларга, жумладан Андижон шаҳридаги «Яканшик», Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ қишлоғидаги «Ширмонбулоқ» дафн этиш жойларига қуввати 20 ватт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш ишлари якунланди. Мазкур қуёш панелли электр ёритгичларнинг умумий ишлаш соати 50 минг соатни ташкил этади. Бундан ташқари, ёруғлик зарурияти қисқа муддатли бўлган объектларга, шунингдек, Марҳамат тумани Мингтепа МФЙдаги кўп қаватли уйнинг кириш йўлакларидаги электр ёритгичларга ҳаракат ценсор ўчиргичлари ва 2 дона ташқи ёритиш учун қуёш панелларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Водийнинг бошқа вилоятларида-чи?

«Шу кунгача Наманган шаҳрида жами 55 мингдан зиёд маиший истеъмолчиларнинг ҳисоблагичлари алмаштирилди. Шу жумладан, трансформатор пунктларидан 29тасида концентратор қурилмаси ўрнатилиб, синов ишлари давом эттирилмоқда. «Наманган ҲЭТК» АЖга маҳаллий «Toshelectroapparat» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган 82 000дан зиёд замонавий электр ҳисоблагичлар етказиб берилди ва ҳозирда уларни  ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Фарғона шаҳрида эса айни пайтгача жами 30 мингдан ортиқ маиший истеъмолчилар ҳисоблагичлари алмаштирилди. Трансформатор пунктларидан 30тасида концентратор қурилмаси ўрнатилиб, синаб кўрилмоқда. «Фарғона ҲЭТК» АЖга маҳаллий ишлаб чиқарувчи «Elektron xisoblagich» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган 33 000 дона замонавий электр ҳисоблагичлар етказиб берилди ва ҳозирда улар бирин-кетин ўрнатилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу замонавий электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларга «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ маблағлари эвазига бепул ўрнатиб берилмоқда», – дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев.

Таҳлилларга кўра, ҳар бир истеъмолчига ўрнатилаётган замонавий ҳисоблагич учун жамият маблағлари ҳисобидан ўртача 770 000 сўм сарфланмоқда ва бу ҳар бир истеъмолчининг шунча маблағ иқтисод қилаётганини кўрсатади. 

«Айни пайтгача мамлакатимизнинг 22та туман ва шаҳарларида 691 000дан зиёд замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатилди. Йил якунига қадар 1,5 миллиондан ортиқ электр ҳисоблагичлар ўрнатилиши режалаштирилган бўлса, 2021 йил якунига бориб 7 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси ушбу тизимга тўлиқ уланиши таъминланади», – дейди У.Мустафоев.

Ўйлаймизки, электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, соҳага янги инновацион технологияларни жадал жорий этиш йўлидаги эзгу ишлар ўз самарасини беради ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи босқичма-босқич тўла қондирилади.

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид