Спорт | 13:12 / 16.06.2019
24150
15 дақиқада ўқилади

Янгиланган Аргентинада эски муаммолар. Месси бу сафар ҳам совринсиз қоладими?

Аргентиналиклар Америка Кубогини муваффақиятсиз бошлашди: жамоа Колумбияга қарши ўйинда устунлик қилса-да, 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди (зарбалар бўйича 11-7, аниқ зарбалар бўйича 6-3, якуний ҳисоб 0-2).

Америка Кубоги. В гуруҳи
Аргентина – Колумбия – 0:2
Голлар: Р.Мартинес, 71 (0:1). Д.Сапата, 86 (0:2).
Аргентина: Армани, Отаменди, Тальяфико, Пеццела, Саравия, Ди Мария (де Пауль, 46), Паредес, Ло Чельсо, Родригес (Писарро, 67), Месси, Агуэро (Суарес, 79).
Колумбия: Оспина, Медина, Мина, Санчес, Тесильо, Хамес Родригес, Куадрадо (Лерма, 64), Барриос, Урибе, Фалькао (Д.Сапата, 81), Муриэль (Р.Мартинес, 14).
Огоҳлантиришлар: Фалькао, 19. Родригес, 42. Саравия, 52. Паредес, 55. Куадрадо, 60. Д.Сапата, 87. Лерма, 90+4.
Ҳакам: Тобар (Чили).
16 июнь. Салвадор. «Fonte Nova Arena» стадиони.

Скалони Сампаоли услубида

Мессининг терма жамоага қайтиши март ойида Венесуэлага қарши кечган омадсиз ўйинга тўғри келганди. Терма жамоанинг янги бош мураббийи Лионель Скалони ўшанда ҳали ўз ўйинини ташкил қилишга улгурмаган. Шундай экан, ўша 1:3 ҳисобидаги мағлубият ҳам, Америка Кубоги бошланишидан бир ҳафта олдин Никарагуага қарши ўйиндаги 5:1 ҳисоби ҳам кўп нарсадан дарак бермасди.

Лионель Месси таркибда бўлмаган 9 ой давомида терма жамоа таркиби деярли бутунлай янгиланди. Россиядаги жаҳон чемпионатида муваффақиятсизликка учраган таркибдан фақат 8 киши қолганди (Мессини ҳисобга олмаганда) – Тальяфико, Ди Мария, Акунья, Отаменди, Армани, Дибала, Агуэро ва Ло Чельсо.

Месси Америка Кубогига мутлақо янги жамоа билан келди.

Катта ўйин якшанбага ўтар кечаси бўлиб ўтди. Аргентина турнирни гуруҳдаги энг кучли рақибга қарши ўйин билан бошлади - Хосе Покерман 6 йиллик фаолиятидан кейин истеъфога чиққач, унинг ўрнини эгаллаган Карлос Кейруш бошчилигидаги колумбияликлар олтин медаллар учун асосий даъвогарлардан бири сифатида қаралмоқда. Скалони эса ўйин жиддийлигига қарамасдан, Хорхе Сампаоли изидан борди (у бу мураббийга «Севилья» ва Аргентина терма жамоасида ёрдамчилик қилган). У ҳам ўйин бошланишидан бир кун олдин бошланғич таркибни эълон қилди - таркибга қараб асосий эътибор ҳужумга қаратилишини кўриш мумкин эди.

Бошқача услуб ҳозирги таркибга тўғри келмайди ҳам - жамоанинг ҳимоя чизиғи кучли эмас. Таянч яримзонаси ҳақида ҳам бундай деб бўлмайди - Паредес «Зенит»да ҳам, «ПСЖ»да ҳам ҳимояга ёрдам берувчи футболчи сифатида ҳаракат қилмаган. Питерликлар клубида унинг ўрнини эгаллаган Барриос эса бу оқшом Колумбия термаси сафида майдонга тушганди. Ушбу ёш футболчи Кейруш жамоасида асосий ижрочилардан бирига айланган.

Футболдан кўра кураш кўп

Ўйин даражаси ҳакамнинг ҳуштаги янграши билан яққол кўзга ташлана бошланди. Рақиблар том маънода бир-бирига қарши жанг қилишди, ҳеч ким ўзини ҳам, рақибни ҳам аямади. Натижада, 14-дақиқадаёқ майдон марказида Паредес билан тўқнашувдан кейин колумбияликлар ҳужумчиси Муриэль сафдан чиқди, аммо унинг ўрнига тушган Рохер Мартинес колумбияликлар ўйинини кучайтирди. У тўпга илк тегинишидаёқ ҳисобни очишига бир бахя қолди. Унга рақиб жарима майдонига марказдан ёриб кирган Фалькао қулай вазият яратиб берди, аммо Отамендининг жасорат билан тўпга ташланиши аргентиналикларни голдан қутқариб қолди.

Колумбия нисбатан якдиллик билан ҳаракатланди, улар биринчи бўлимда кўп ҳам ҳужумга чиқишмади ва вазиятлар яратишмади. Аргентиналиклар ҳақида ҳам айтарли мақтов айтиш қийин, танаффусга қадар бир марта уларнинг зарбасини ҳимоячилар тўсишди, яна бир марта жарима майдони ичидан зарба берилди. Яримҳимоя чизиғи Месси ва Агуэрони тўп билан таъминлаб бера олмади. Бунга сабаб сифатида колумбияликлар қанотларда юқори даражада прессинг қилишганини айтиш мумкин, улар рақибни ҳимоядан чиқмасдан тўпни кўп марталаб йўқотишга мажбур қилишди.

Биринчи бўлим яккакурашлар остида кечган бўлса-да, чилилик ҳакам Роберто Тобар Варгас фақат икки ҳолатда карточкасини чўнтагидан чиқарди: Фалькао Паредесни тирсаги билан урганида ва Гвидо Родригес ортдан келиб Гуадрадонинг оёқларига тепганида.

Кейрушдан мастер-класс

Иккинчи бўлимга Аргентина радарлардан йўқолиб қолган Ди Мариясиз чиқди, унинг чап қанотида Де Пауль ҳаракатлана бошлади ва аргентиналиклар ҳужумда чиндан фаоллаша бошлашди. Паредес икки марта узоқ масофадан яхши зарбалар йўллади, Месси эса тўп билан рақиб жарима майдонига ёриб кирди. Аммо Санчесни алдаб ўтган футболчи Барриосдан ўта олмади. Ҳамма зарба берилиши ва ҳисоб очилишини кутиб турганида ёш футболчи тўпни Мессининг оёқларидан олиб қўйди.

Шундан кейин аргентиналиклар етакчиси дриблингдан фойдаланишда эҳтиёткор бўлиб қолди. Унинг навбатдаги юришини Куадрадо фол билан тўхтатиб қолди. Оқ-кўклар босимни кучайтиришди, Оспина мўъжиза туфайли Отамендининг бош билан йўллаган кучли зарбасини қайтариб қолди, қайтган тўпга эса Месси бош билан аниқ зарба бера олмади. Кўринишидан, Колумбия ниҳоят гол ўтказиб юборадигандек эди, аммо Хамес 71-дақиқада ўнг қанотдан туриб диагонал пас билан чап қанотда олдинга ташланган Мартинесни тўп билан таъминлади. Саравиядан осонлик билан қочиб кетган ҳужумчи марказга йўналди ва Писарро ўзига яқинлашиб келган маҳалда Арманини ожиз қолдирган зарбани йўллади.

Скалони вазиятдан чиқиб кетиш учун ғалати алмаштиришни амалга оширди - Агуэро ўрнига кутилганидек Лаутаро Мартинес ёки Дибала эмас, Суарес туширилди. Кейруш эса ёш ҳамкасбига ўйинни бошқариш борасида маҳорат дарси ўтди - унинг захирадан туширган икки жокери иккинчи голни юзага келтирди. Лерма чап қанотдан жарима майдонига узатма берди, Сапата эса тўпга оёқ қўйиши кифоя қилди.

Колумбия захирасида А Сериянинг энг яхши тўпурарларидан бири, Криштианудан ҳам кўпроқ гол урган (21га қарши 23) Дуван Сапата ўтиради. Айтиш мумкинки, Колумбия турнир ғолиблиги учун Бразилиянинг асосий рақобатчиси. Скалони нимадир ўйлаб топмаса, Аргентина ва Месси бу сафар ҳам совриндан қуруқ қолиши мумкин.

Терма жамоанинг муаммолари нимада?

Август ойида терма жамоа бошқарувига Лионель Скалони - Сампаолининг бош мураббийлик тажрибасига эга бўлмаган собиқ ёрдамчиси келди. У тўрт йил муқаддам «Аталанта»да футболчилик фаолиятини якунлаган; умуман у бутун футболчилик фаолиятини Испания ва Италиядаги ўртамиёна жамоаларда ўтказган, энг яхши йиллари «Депортиво»да ўтган (200дан ошиқ ўйин ва Испаниядаги барча совринлар). Унинг терма жамоадаги фаолияти ҳам ўхшамаган, Дзанетти даврида унга асосий таркибда жой йўқ эди - у нолинчи йиллар ўрталарида Аргентина либосида жами 7 марта майдонга тушган.

Ўтган йил кузида Марадона Скалона билан терма жамоа фақат мотопойга бўйича жаҳон чемпионатида натижа кўрсатиши мумкинлигини айтиб, киноя қилганди. Аммо собиқ ассистент бошқарувида терма жамоа 9 ўйиндан 6тасида ғолиб бўлди ва фақат 5та гол ўтказиб юборди - тўғри рақибларнинг аксари кучсиз рақиблар эди.

Скалони Америка Кубогини 4-3-3 схемаси билан бошлади - у бу схемадан Никарагуа ва «Ньюлэллс Олд Бойз» жамоаларига қарши ўйинларда фойдаланганди. Бунда ўйин Паредес ва Ло Чельсонинг ҳаракатлари асосига қурилади, улар майдон марказига ва вертикал ҳаракатланишга жавоб беришарди. Аммо Мессининг таркибга қайтиши бу тизимни йўққа чиқарди. Бу яримҳимоячилар ҳали ҳам асосий таркибда қолган бўлишса-да, энди улар алмаштириб бўлмас футболчилар эмас: а) терма жамоанинг сўнгги ўйинларида «Америка» клуби аъзоси, 25 ёшли Гидо Родригес таянч яримзонасида ўйнади, у Паредес бажариб келган функцияларни бажаради - Леандро эса олдинроққа ўтказилди; б) Ло Чельсо эса Мессининг ортида ҳаракатланишга мажбур.

Захира вариантлари - 4-2-3-1 ва 4-4-2. Аммо Скалони қанотлардан ҳужум уюштиришни маъқул кўрмайди: у асосий эътиборни ҳимоячилар ортига ташлаб бериладиган узун узатмаларга ва қанотдан қанотга диагонал пасларга қаратади - вингерлар офсайд чизиғига максимал даражада яқин жойлаштирилади ва улар доимий равишда ўзлари учун очиқ зоналар яратиш учун югуришлари керак бўлади.

«Интер» юлдузи деярли ҳар ўйинда гол урди, аммо Месси дўстини таркибга қайтарди

Скалони терма жамоани қабул қилиб олганида ҳеч ким ҳужум чизиғи муаммо бўлиши ҳақида ўйламаганди. Аммо Россиядаги жаҳон чемпионатидан кейин терма жамоани Месси ортидан бошқа бир ҳужумчи Гонсало Игуаин ҳам тарк этди, Скалони Агуэро ва Ди Марияни термага чақирмай қўйди, Икарди ва Дибала эса айнан таркибда жой бўшаганида ўз фаолиятларидаги энг ёмон мавсумни ўтказишди.

Катта саҳнага «Интер»нинг 21 ёшли ҳужумчиси Лаутаро Мартинес чиқди - у 6 ўйинда 4 гол урди ва бу натижа Аргентина марказий ҳужумчиларининг сўнгги йиллардаги энг яхши натижаси эди. Европага келишидан олдин у «Расинг Авельянеду»да бир мавсумда 20 гол урганди, «Интер»даги илк мавсумида у ҳамиша ҳам асосий таркибда тушмади ва 9 гол билан кифояланди, аммо Икарди кетгач у миланликларнинг асосий ҳужумчиси бўлиши кутилмоқда. У технар, тезкор, рақиб жарима майдонида жой танлай билишда моҳир, икки оёғида ҳам кучли ва аниқ зарба бера олади, аммо буларнинг барчаси энди муҳим эмас - бу ёш футболчи Америка Кубогига захира футболчиси сифатида ташриф буюрди.

«Мени таркибга чақирмай қўйишганди ва мен энди терма жамоада ўйнамайман деб ўйлай бошладим. Аммо апрелда Месси менга қўнғироқ қилди ва терма жамоадан чақирув олишимни ваъда берди», деганди ўтган ҳафтадаги интервьюсида Серхио Агуэро.

Катта эҳтимол билан Ди Марияда ҳам шундай ҳолат рўй берган - у ҳам жаҳон чемпионатидан кейин таркибга чақирилмай қўйганди, Лео қайтгач яна таркибга қайтарилди. Шундай экан, ҳужум чизиғида аввалги ҳолат қайтди: Дибала захирада, Икарди уйида, Месси ва дўстлари тахтда.

Месси совринлар учун қайтди, аммо бу муаммолар туғдирди

Аргентина учун қуйидаги стандарт пайдо бўлган: йирик турнирда омадсизликка учраш, кейин мураббий алмашади ва мухлислар цикл давомида эҳтиёткорлик билан умид қилишади - жараён яна такрорланади. Уч йил муқаддам Месси бу жараёнга янги штрих қўшганди - ўзининг кетиши. Лео ўтган йили иккинчи марта катта муваффақиятсизликдан кейин терма жамоани қолдириб кетди.

2016 йилги Америка Кубоги финалида Чилидан мағлуб бўлингач, Месси ҳиссиёт ичида халқаро даражадаги фаолиятини якунлагани ҳақида эълон қилиб юборганди. Кейин ўйлаб кўриб қайтган ва терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб келганди.

Бу сафар ҳам у терма жамоа билан соврин ютиш мақсадида қайтганди.

«Мени қайтганим учун танқид қилишади. Олти ёшли ўғлим мендан сўрайди: «Дада, нега Аргентинада сени мазах қилишади?». Айтаман, улар атиги бир неча киши.

Мен қайтишни ва терма жамоа билан нимадир ютишни истайман».

Лео қайтиш унга нима учун кераклигини яшириб ўтирмади. Аргентина у учун муҳим. Аргентинанинг энг яхши футболчисига терма жамоа сафида қўлга киритилган соврин керак. Битта бўлса ҳам. Ахир Лео Европада қанчалар соврин ютмасин, одамлар хотирасида Марадона терма жамоа билан имконсиз ишларни қилгани, Месси эса қила олмагани қолиши мумкин.

Лекин Аргентина навбатдаги турнирни ҳам муаммолар билан бошлади. Эски муаммолар билан. Терма жамоанинг асосий муаммоси шундаки - терма жамоа Мессига жуда боғланиб қолган - ҳозир ҳар қачонгидан кўра кўпроқ.

«Биз жамоамизга Мессига боғлиқликдан қутулиш учун қандай услуб тўғри келишини билмаймиз. У жаҳондаги энг яхши футболчи, аммо биз ундан қандай фойдаланишни билмаймиз», деганди Николас Тальяфико баҳорда берган интервьюсида.

Аввалги мураббийлар Леога қараб ўйин ташкил қилишдаги муаммоларни бартараф эта олишмаганди. Скалонининг ҳолати уларникидан ҳам қийинроқ: у янги терма жамоани Месси йўқлигида тузди. Янги бош мураббийда Месси қайтгач вазиятни ўзгартириш учун бир неча бўлим бўлди, холос. Америка Кубогига у ўзи қарийб бир йил давомида қурган жамоа билан ташриф буюрмади.

Янги мураббий Лео ўз орзуси учун бошқа ёш футболчилар ортида ўйнашга рози бўлишига умид қила олмайди. Лео шаклланган тизимни йўққа чиқарди ва барчаси аввалги ҳолига қайтди: агар Мессининг ўзи қутқармаса, бошқа ҳеч ким қутқара олмайди. Қолганлар шунчаки Леони тўп билан таъминлаш учун ўйнашади - ахир уларни Мессига ёрдам бериш учун чақиришган.

Ҳозирги жамоа бегона эмас: янги юзлар, лекин муаммолар ўша-ўша.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид