Жаҳон | 09:50 / 18.06.2019
9085
2 дақиқада ўқилади

Мисрда Мурсий ўлимини тергов қилиш бўйича комиссия тузилди

Фото: AP Photo / Amr Nabil

Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсийнинг суд залида вафот этиши аниқ сабабларини аниқлаш билан махсус суд-тиббий комиссияси шуғулланади.

Миср бош прокурори Набил Содиқнинг айтишича, Мурсийни дафн этиш ҳақидаги қарор патологоанатомик хулоса тайёр бўлгандан кейин қабул қилинади.

Миср бош прокурорининг маълум қилишича, собиқ президент суддаги 5 дақиқалик нутқидан кейин ўзини ёмон ҳис қилган. Кейинроқ унинг танасида “ҳеч қандай шикаст ейиш аломатлари” топилмаган.

“У панжара ортида судланувчилар ўриндиғида ҳушини йўқотган, йиғилиш тўхтатилиб, у шифохонага ўлик ҳолда етказилган”, деб таъкидлаб ўтган Содиқ. 

Бу орада Al Arabiya телеканали Мурсий бир неча ҳафта аввал турмада тиббий кўрикдан ўтгани ва унинг соғлиғида ҳеч қандай муаммолар аниқланмаганидан хабар топган.

67 ёшли собиқ президент 17 июнь куни суд мажлиси вақтида вафот этган.

Миср давлат телевидениеси ўз тиббий манбаларига иқтибос келтирган ҳолда Мурсийнинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлганини маълум қилган.

Мурсий “Мусулмон биродарлар” ташкилоти раҳбарларидан ҳамда Мисрнинг собиқ президенти Ҳусний Муборакнинг асосий рақибларидан бири бўлган. У Мисрга 2012 йил “араб баҳори”дан кейин президент бўлган, бироқ 2013 йилдаёқ ҳарбий тўнтарув натижасида ағдарилган ва қамоққа олинган.

Мурсий ва унинг сафдошлари Миср давлатини кучсизлантириш мақсадида Мурсий президентлиги вақтида Қатар разведкасига Миср махсус хизматлари ва армияси фаолиятига тегишли ўта махфий ҳужжатларни берганликда айбланганлар. Собиқ президент ва бошқа судланувчилар бу айбловларни тан олмасликларини ҳамда уларни Мисрнинг янги раҳбарияти “кирдикорлари” эканини айтиб келишган.

Мавзуга оид