Жамият | 15:00 / 19.06.2019
48238
2 дақиқада ўқилади

МИБ: «4 нафар ходимимиз ижро вақтидаги қаттиқ қаршилик оқибатида вафот этишган» 

Бугун, 19 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимлари ва журналистлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбир давомида ОАВ ходимлари МИБ фаолиятини такомиллаштириш, асоссиз қарздорлик тўловларини ундириш каби ҳолатлар ва соҳадаги мавжуд қатор камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари юзасидан саволлар беришди.

Маълумотларга кўра, МИБ томонидан ўтган 2 йил давомида 54,5 триллион сўмлик пул маблағлари қарздор истеъмолчилардан ундириб олинди. Шундан 26,7 триллион сўм электр энергия, 26,2 триллион сўм табиий газ, 1,5 триллион сўм сув ва 90 миллиард сўм маиший чиқиндидан қарзи бўлган шахслардан йиғиб олинган. Ундирув аввалгига нисбатан 168 фоизга кўпайган.

Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган ижрочиларнинг иш ҳажми-меъёрига кўра, исталган ижрочи бир ойда камида 19та ижро ишини тамомлаши керак. Ҳозирги кунда иш ҳажми кўплиги ҳисобига ойига бир ижрочи ўртача 137та ижро ишини амалга оширмоқда.

«Бюро ходимларига нисбатан қаршилик ҳолатлари ҳам бўлиб турибди. Ўтган даврда 319 марта қаршилик ҳолатлари бўлиб, улар бўйича 130та жиноят иши очилган ва 105та маъмурий иш бўйича жавобгарлик кўрилган. Мана шундай қаршиликлар кўрсатиш жараёнида МИБнинг 4 нафар ходими вафот этган», дея МИБ раҳбарияти сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид