Иқтисодиёт | 09:13 / 22.06.2019
25032
9 дақиқада ўқилади

Соддалаштирилган ҚҚС – яширин иқтисодиёт учун таклиф

Фото: 123RF

Ўтган йили, ҚҚС тизими товар айланмаси бир миллиарддан ортиқ бўлган корхоналарга қўлланиши бошланмасдан олдин, бу ҳақида мақола ёзгандим ва бир хил иш билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларининг турли тизим ва ставкаларда солиққа тортилиши рақобатга таъсир қилиши ва яширин иқтисодиётга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ҳам айтиб ўтгандим. Жумладан:

«Аслида солиқ ставкалари ёки тизимларининг ўзгариши ҳақиқий бизнес рақобатида, эркин иқтисодиётда тадбиркорлар учун катта таъсир ўтказмаслиги керак. Чунки бу ўзгаришлар иқтисодиётнинг барча субъектларига таъсир қилади, жумладан рақобатчи корхоналарга ҳам. Натижада, ҳамманинг харажати бир деярли бир хил суръатда ўзгаради ва бу ўзгариш нархлар белгиланишида бир хил акс этади. Бу ерда ютадиган ёки ютқазадиган томон фақат харидор бўлади, холос.

Аммо бизнинг ҳолатимизда бу ўзгаришлар янада оғриқлироқ юз бериши ҳақиқатга яқин бўлиб турибди. Сабаби, ҚҚС тизимига ўтганимиз билан, барибир, «айланма маблағлардан солиқ», яъни «Ягона солиқ»дан буткул воз кечганимиз йўқ. Бир пайтнинг ўзида, бир-биридан кескин фарқ қиладиган икки хил тизимнинг бўлиши вазиятни янада мураккаблаштиради, чалкаштиради.

Бир корхонанинг аввалги ва бугунги кундаги солиқ юкини солиштиришдан кўра, айни бир пайтдаги икки корхонанинг (улар рақобатчи бўлса) икки хил принципда ишлаши нархлар ҳосил бўлишига, рақобатга жиддий таъсир кўрсатади ва балки жуда кўп корхоналарни молиявий қийин аҳволга тушириши, уларнинг рақобатга дош бера олмай қолишига сабаб бўлиши мумкин.

Тасаввур қилинг, айни иш билан шуғулланадиган икки корхонанинг бири ҚҚС, бошқаси «Ягона солиқ» тўласа? Ва ўша соҳа учун ҳисоб-китоблар «Ягона солиқ» бўйича ишлаш солиқ юкини сезиларли даражада камайтиришини кўрсатса? Бири бир йилда 900 миллион, иккинчиси эса, 1,1 миллиард сўмлик айланмага эга бўлса, деярли бир хил иш юритадиган корхоналарда фарқли солиқ юклари бўлиши рақобатни ўлдирмайдими? Ёки баъзи корхоналар белгиланган лимитни сақлаш учун баъзи айланма маблағларни яшириш ёки кейинги йилга қолдиришга уринмайдими? Ёки ҚҚСдан қочиш мақсадида айни таъсисчи томонидан алоҳида ва бир нечта кичик корхоналарга бўлиниш ҳолатлари рўй бермайдими?»,дейилганди.

Ўтган олти ойга яқин вақт мобайнида барчаси амалиётда синалгани ва мана шундай ҳолатлар кузатилгани шубҳасиз. Бу ерда фақат «Ягона Солиқ» ва ҚҚС тўловчиси солиштирилган, аммо аслида «Соддалаштирилган ҚҚС» тизимида ҳам худди шундай фарқлар юзага чиқади.

Тушунтириш учун, соддалаштирилган ҚҚС товар айланмаси уч миллиарддан камроқ бўлган корхоналарга нисбатан қўлланади ва корхона 20 фоизли эмас, бирмунча камроқ бўлган (соҳаларга қараб, 4, 6, 7, 8, 10 ва 15 фоизли) фоизда ҚҚС тўловчиси бўлади. Тўғри, соддалаштирилган ҚҚСда қабул қилинган товар/хизматларнинг ҚҚСини минусга ҳисобга олиш имкони йўқ, яъни баъзи корхоналар мисолида аслида стандарт ҚҚС самаралироқ бўлади. Лекин бошқа томонда, қаранг, 3 миллиарддан кам товар айланмасига эга бўлган корхона учун икки хил тизимдан бирини танлаш имконияти бор, қайси тизим «арзонроқ» бўлса, ўша ҚҚС турига ўта олади. Аммо товар айланмаси 3 миллиарддан кўпроқ бўлган субъект учун бу имконият йўқ – у 20 фоизли ҚҚС тўлашга мажбур.

Натижада, бир хил соҳада ишлайдиган, бир хил маҳсулот ишлаб чиқариб, бир хил нархда сотиши керак бўлган икки корхонанинг тўлаётган солиғи қарийб 10 фоизга фарқланишини кўрамиз. Ўн фоиз камроқ солиқ тўлайдиган корхонада товар нархларини арзонлаштириш имкони бўлмайдими? Бўлади. Натижада йирикроқ корхоналар рақобатчиси сотаётган нархда сота олмайди. Молиявий зарар кўришга мажбур бўлади. Хўш, бундай вазиятга тушиб қолсангиз, сиз нима қиласиз?

1.     Корхонани ёпиб юбораман. Албатта, зарарга ким ишлайди? Натижада, бир ишлаб турган корхона ёпилади, у ерда ишловчилар ишсиз қолади.

2.     Ҳисоботларда товар айланмасини 3 миллиарддан оширмасликка ҳаракат қиламан ва мен ҳам соддалаштирилган ҚҚСга ўтиб оламан. Ўз ўзидан яширин иқтисодиёт юзага келяпти. Тадбиркор қонуний ишлаётган рақобатчиси билан рақобатлашиш учун қонунни бузишга мажбур бўляпти.

3.     Корхонамиз товар айланмаси уч миллиардга яқинлашиши билан янги очаман ва яна, аввал 4 фоизли Ягона Солиқ, кейин Соддалаштирилган ҚҚСда ишлайвераман. Бу янги корхона ҳам айланмаси уч миллиардга етгунча ишлайди ва ёпилади. Янгиси очилади.

4.     Бир нечта корхона очиб, навбати билан унисида, бунисида ишлаб, умумий товар айланмани сочиб юбораман. Бу ҳам ўша уч миллиардлик довонга етмасдан, камроқ солиқ тўлаб, бизнес қилишимга шароит яратади.

Бу ҳолатлар бугунги кунда содир бўляпти ва эътибор беринг, тадбиркорларнинг юқори белгиланган ставкали солиқдан қочиш, кўпроқ фойда қилишга ҳаракат қилиш учун қаратилган чоралар эмас булар. Гап бу ерда юқори ставкаларда эмас, фарқли ставкаларда. Яъни тадбиркор кўпроқ фойда олиб, ноқонуний бойиш учун эмас, мана шу бозорда қолиш учун, яъни рақобатчиси билан нарх ва харажатлар сиёсатида тенг келиш учун қиляпти.

Шунинг учун ҳам, менимча, Соддалаштирилган ҚҚС, умуман Ягона солиқдан ҳам воз кечиш ва айтайлик, 20 фоизли эмас, 10-12 фоизли ҚҚСни жорий қилиш мақбулроқ бўлар эди.

Аслида Соддалаштирилган ҚҚС бошқа мақсадларда жорий қилинган бўлиши мумкинлигини тахмин қиламан. Масалан, ҚҚСли маҳсулот сотиб олмайдиган, импорт билан шуғулланмайдиган, асосий харажатларида ҚҚС ўрни деярли йўқ бўлган кичик корхоналар бор эди. Уларга ҳам юқори ставкали ҚҚСнинг жорий қилиниши нархларнинг тўлиқ 15 фоизга ошишига сабаб бўларди.

Аммо буни бошқа йўллар билан ҳам амалга ошириш мумкин эди. Масалан, маълум бир соҳа учун умумий товар айланмасидан қатъи назар, алоҳида солиқ ставкалари, бошқа бир соҳа учун бошқа  ставка бўлса, эркин рақобатни бузиб қўймаймиз, бир хил соҳадаги тадбиркорлар учун бир хил солиқ тизими жорий этилиши етарли. Ёки бирданига 20 фоизли ҚҚСни жорий қилмай, барча учун озроқ ставка белгиланиши ҳам нархларнинг кескин ошиб кетишига сабаб бўлмасди. Солиққа тортишнинг товар айланма ҳажмига нисбатан катта фарқ билан ўзгартириш эса, аслида ўша кичик бизнес вакилларини қўллаб-қувватлашдан ҳам кўпроқ, катта бизнеслар учун «лазейка»лар очиб берди, холос.

Ўзига хос монополия яратиб олган баъзи сфераларга бу таъсир қилмайди, солиқ ошди, харажат ошди, деб исталган пайтда нархни ошириб олиш имкониятига эга улар. Аммо ҳақиқий эркин ва рақобат бизнесида қатнашаётган тадбиркорлар бундай мураккаб тизимдан жабр кўришди ва юқоридаги йўллардан бирини танлашга мажбур бўлишди. Уларни камерал назорат орқали «қувлаб юриш» ёки бизнес бўлиб юборилаётганини таъсисчиларнинг исми билан текширишга уриниш ҳам барибир иш бермайди – қариндош-уруғ, қўни-қўшни ёки арзимаган маошга ўз паспортини беришга тайёр бўлган қатлам бор экан, шу тарзда давом этаверади.

Икки нарсани тўғри тушуниш ва қабул қилиш керак. Биринчиси, тадбиркор – феълан жиноятчи эмас, у бир ишни бошлар экан, аввалдан солиқдан қочишни ният қилмайди. Ҳар томонлама қонуний ишлаб, Давлат олдидаги мажбуриятларни бажариб, хотиржамликда фаолият юритишни ҳамма хоҳлайди. Аммо юқорида тилга олинган ҳолатлар туфайли, у ҳам харажатларни пасайтиришга, солиқ олдида «жиноятчи»га айланишга мажбур бўлиб қолади.

Иккинчиси, мабодо, мана шундай ўзгаришлар туфайли, бюджетга кўпроқ пул тушаётган бўлса, ўзгаришлар ўзини оқлаганини, муаммолар пайдо бўлмаётганини англатмайди. Солиқ тизимининг вазифаси бюджетга кўпроқ пул туширишдан ташқари, мамлакатда эркин ва шаффоф иқтисодиёт ҳосил бўлишига ҳаракат қилиш, барча учун мақбул бўлган тизимни яратишдир. Солиқ тизими ёки ставкалари белгиланаётганда, қайси вариант бюджетга кўпроқ пул тушириши ҳақида ўйламасдан, қайси ҳолатда тадбиркорлик ривожланиши ҳақида бош қотирилса, менимча, самаралироқ бўлади.

Чунки тадбиркорлик ривожланса, бюджетга кўпроқ пул тушади аслида...

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид