Жамият | 12:26 / 27.06.2019
22432
5 дақиқада ўқилади

Нега ёшлар IELTS олишга интилмоқда?

Фото: Getty Images

Нима учун бугунги кунда аксарият ёшлар тил билиш даражасини тасдиқловчи халқаро сертификатларни олишга қизиқяпти? IELTS, TOEFL ва бошқа тизимларнинг афзаллиги ва бир-биридан фарқи нимада? Нега айнан IELTSни олишга талабгорлар бунчалик кўп? «Маҳалла» нашрида шулар хусусида мақола эълон қилинди.

Аввал тил билиш даражасини баҳоловчи энг оммабоп тизимларнинг фарқи ҳақида тўхталсак.

CEFR — (Common European Framework of Reference for Languages — Умумий Европа Тил Кўникмаси Қолипи) тизими ҳозирги кунда бутун Европада ишлатиладиган чет тилларини ўрганиш, ўргатиш ва баҳолашга доир масалаларни ўз ичига олади. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қароридан сўнг инглиз тилини ўрганиш ва ўргатишга бўлган талаб сезиларли даражада ортиши билан бирга, янги, миллий NSFLA тизими CEFR aсосида ташкил этилди.

IELTS — (International English Language Testing System) — ҳозирги кунда 140дан ортиқ мамлакатда 10 мингдан ортиқ ташкилот ва таълим муассасалари томонидан тан олинади ва энг ишончли инглиз тили тести сифатида эътироф этилади. IELTSга тайёргарлик кўриш ва имтиҳондан муваффақиятли ўтиш учун интернет тармоғида минглаб ўқув қўлланмалари, бепул дарслар ва турли хизматлар мавжуд. British Council ва IDP (International development program) маркази эса ушбу тестларни ўтказиш бўйича Ўзбекистонда масъул ташкилот ҳисобланади.

TOEFL — (Test of English as a Foreign Language) — инглиз тилида сўзлашмайдиган давлатлар учун халқаро имтиҳон бўлиб, АҚШнинг Нью Жерси штатида жойлашган, Паристон университетига қарашли Educational Testing Service (ETS) ташкилоти томонидан тайёрланган. Ушбу имтиҳоннинг ўзига хослиги шундаки, у инглиз тилининг Америка вариантига асосланган. Шу боис TOEFL синовидан муваффақиятли ўтиш учун инглиз тилининг American English вариантини чуқур билиш талаб этилади.

Нега ҳамма IELTSни танламоқда?

«Сўнгги йилларда дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги олий ўқув юртлари TOEFL (Test of English as a Foreign Language) имтиҳони сертификатини қабул қилмай қўйди. Аксинча айни пайтда инглиз тилида сўзлашувчи давлатлар ва дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатларидаги ушбу тилга ихтисослашган олий ўқув юртлари IELTS сертификатини талаб қилади. Шу билан бирга, Канада, Австралия ва Янги Зеландия каби давлатларга касбий иммиграция йўналиши бўйича ишга бормоқчи бўлган инсонлар учун мазкур тестни топшириш лозим бўлади. Шу боис бугун кўпчилик ўзбек ёшлари CEFR, TOEFL каби имтиҳонлардан кўра, IELTSни маъқул кўрмоқда» , ─ дейилади мақолада.

IELTSни мустақил ўрганиш мумкинми?

Юқорида таърифи келтирилган халқаро имтиҳонлар орасида IELTS нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда инглиз тили бўйича энг оммалашган ва ишончли халқаро баҳолаш тизими саналади. Мазкур имтиҳон 4 босқичда — listening (тинглаб тушуниш), reading (ўқиш), writing (ёзиш), speaking (гапириш, суҳбат кўринишида) ўтказилади. Агар ўқувчининг билими юқори бўлса, бу синовларнинг ҳар биридан энг юқори — 9 балл олиши мумкин. Аммо бу камдан-кам ҳолларда кузатилади.

— Ҳозирги кунда интернетда IELTSга оид керакли маълумотлар, аудио ва видео дарслар жуда кўп. Ушбу қўлланмалар орқали ҳар ким ўзи мустақил равишда инглиз тилини ўрганиши мумкин. Биз имтиҳон топширувчиларга тестга тайёрланиш жараёнида расмий ва энг асосийси, бепул бўлган ресурслардан фойдаланишларини маслаҳат берамиз, — дейди мақолада фикрлари келтирилган Ўзбекистондаги Британия Кенгашининг Маркетинг бўлими бошлиғи Умида Нуржанова.

Нафақат чет элда, балки Ўзбекистонда ҳам имтиёзлар бор

2019 йил 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори қабул қилинган эди.

Унга кўра, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига ўқишга кириш синовларида абитуриентларга бир қанча имтиёзлар берилди. Яъни бу йил илк бор олий ўқув юртларининг тест синовлари мажмуасига инглиз тили биринчи (асосий) фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишлари учун CEFR B2 ва ундан юқори (IELTS 5,5 ёки TOEFL IBT 72), асосий фан бўлмаган бакалавриат таълим йўналишлар учун CEFR B1 ва ундан юқори (IELTS 4,5 ёки TOEFL IBT 42) кўрсаткичи билан кириш имтиҳонларида энг максимал балл берилади.

Мавзуга оид