Ўзбекистон | 11:50 / 27.06.2019
15763
5 дақиқада ўқилади

Сайлов кодекси тасдиқланди: нималар ўзгармоқда?

Кодекс қайси жиҳатлари билан аҳамиятли? Унда қандай янгиликлар кўзда тутилган? Парламентга сайловлар арафасида мазкур кодекснинг қабул қилиниши қандай маънога эга?

Ягона қонун – ягона тартиб

Мазкур Кодекс Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш тартибини белгилайди.

Шу пайтгача мамлакатимизда сайлов тўғрисида кўплаб ҳужжатлар амал қилиб келмоқда эди. Сайлов йилида ушбу ҳужжатларга мурожаат қилиниши ва уларнинг амалда қўлланиши айниқса кўпайиши ҳеч кимга сир эмас.

Бироқ турли даражадаги 20 дан ортиқ қонун ҳужжатларини амалда қўллашда мураккабликлар юзага келиши мумкин. Масалан, ушбу қонун ҳужжатларида деярли бир хил нарсалар ёзилган. Аммо ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш керак бўлса, ҳар бирига киритиб чиқиш лозим бўларди. Бу эса кўп вақт ва бошқа ресурсларни талаб қилади.

«Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун ва у билан тасдиқланаётган Кодекс орқали мамлакатимизда амалда бўлган сайлов тўғрисидаги 26 та қонун ҳужжатлари қамраб олиняпти. Яъни шунча ҳужжат бекор қилиниб, ўрнига ушбу ягона Кодекс амалга киритилмоқда.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати

Кодексда назарда тутилган муҳим янгилик, инновация дейиш ҳам мумкин, сайловчиларнинг электрон рўйхатидир. Эндиликда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилади ва сайловчилар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ўзи учун керакли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади.

Маълум бўлишича, Марказий сайлов комиссияси мутахассислари сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини яратиш устида анчадан бери иш олиб бормоқдалар. Хусусан, уйма-уй юриб, сайловчилар рўйхатга олинган ва ҳар бир сайловчи турар жой кадастр рақамига бириктирилган.

Бундан мақсад «бир сайловчи – бир овоз» принципини тўлиқ ва бехато амалга оширишдан иборат. Масалан, бирор сайловчи яшаш жойи ўзгарса, доимий рўйхатдан вақтинчалик рўйхатга ўтса, бу сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида ўз аксини топади. Бу сайловчининг фақат бир жойда бир марта овоз беришини таъминлайди.

Шу билан бирга ушбу электрон тизим орқали сайловчиларга ҳам қатор қулайликлар яратилади. Масалан, сайловчи Марказий сайлов комиссияси сайтига кириб паспорт рақамини киритиш орқали ўзининг қайси сайлов участкасига мансуб эканлигини ва сайлов участкаси жойлашган манзилни аниқлаши мумкин.

Кодексда участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларнинг жиҳозланишига оид талаблар ўз аксини топди.

Хусусан, сайлов комиссиялари жойлашган биноларда сайлов участкасининг харитаси, зарур мебель, офис техника воситалари (телефон, принтер, Интернетга уланган ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига кириш имкониятига эга компьютерлар, сейф, канцелярия товарлари) бўлиши керак.

Сайлов округлари кўпаймоқда

Сайлов кодекси билан сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди.

Унга мувофиқ, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та ҳудудий сайлов округи тузилади.

Илгари 135та округ тузилган ва 15 нафар депутат Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган.

Эндиликда Ўзбекистон экологик партияси ташкил этилганлиги боис, мазкур партия депутатликка ўз номзодларини умумий сайловларга қўйган ҳолда Қонунчилик палатасидан ўрин эгаллаши мумкин.

Шу сабабли ушбу 15 ўрин ҳам округларга берилмоқда. Бу, биринчидан, ҳар бир депутатнинг тенг шароитларда сайловларда иштирок этиш ва ғалаба қозониши учун имкон яратади. Қолаверса, сайловларда ҳеч бир партия ёки ҳаракат учун алоҳида шароит яратилмаслигига, сайловларнинг соф демократик руҳда ўтишига йўл очиб беради.

Овоз бериш вақти ўзгармоқда

Илгари сайловлар соат 06:00 дан соат 20:00 гача ўтказилган. Эндиликда овоз бериш соат 08.00 да бошланади ва 20.00 да ниҳоясига етади. Сайловлар асосан йил охирида, қиш фаслида бўлиб ўтиши эътиборга олинса, бу оқилона ечим бўлганини таъкидлаш мумкин.

Қолгани одатдагидек:

  • сайловларда ҳар бир фуқаро бир овозга эга;
  • сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди;
  • сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилади.

Шаҳноза Тўрахўжаева,

Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси

Мавзуга оид