Ўзбекистон | 18:30 / 30.06.2019
17214
7 дақиқада ўқилади

Ёшлар иттифоқи ёшлар сиёсатини қандай амалга оширмоқда?

30 июнь – Ўзбекистонда Ёшлар куни. Аҳолисининг 60 фоизга яқинини ёшлар ташкил этадиган мамлакатда ёшлар куни айнан бу санада белгилангани Ёшлар Иттифоқининг ташкил топган санаси билан боғлиқ.

2017 йил 30 июнь санасида Президент Қарорига асосан аввалги «Камолот»  ёшлар ижтимоий ҳаракати «Ёшлар Иттифоқи»  этиб қайта ташкил этилди. Бунга 2001 йилдан бери ёшларни бирлаштирувчи ташкилот сифатида фаолият кўрсатиб келган «Камолот» нинг фаолиятидаги камчиликлар туртки бўлди. 

«Бугун «Камолот» ўзига жуда кам масъулият олмоқда. Биз буни тўғрилаймиз. Асосий мақсад танқид қилиш эмас, асосийси, муаммоларни ўз вақтида пайқаш ва ҳал этиш», – деган эди давлат раҳбари.

Шундан сўнг давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги «Ёшлар Иттифоқи» нодавлат-нотижорат ташкилоти мамлакатда ёшлар сиёсатининг асосий ижрочиси сифатида белгиланди.

Аммо ўтган икки йил мобайнида мазкур ташкилотга нисбатан аҳоли ўртасида салбий фикрлар, кескин танқидлар ҳам кузатилди, «Иттифоқчилик»  ва унга қарама-қарши ўлароқ «уюшмаган ёшлар»  каби жумлалар пайдо бўлди, ташкилотнинг лойиҳаларига нисбатан салбий баҳолар ҳам берилди.

2018 йилнинг июль ойида Шавкат Мирзиёев ташкил топганига энди бир йил тўлган ташкилот фаолиятини танқид қилган эди. 

«Ёшлар билан ишлашда ҳамон камчиликлар мавжуд. Жумладан, катта мақсадлар билан тузилган Ёшлар Иттифоқи ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлашга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга етарлича эътибор бермаяпти. Ташкилот ўтказаётган айрим тадбирлар дабдабабозлик, ўзини кўз-кўз қилишга ўхшаб қоляпти» , – дея таъкидлаган эди давлат раҳбари.

Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ҳаётида муносиб ўринга эга бўлишига кўмаклашиш кабилар ташкилотнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Хўш, ҳозирда 7,689,202 нафар ёшни бирлаштирган бу ташкилот нималарга эришди, қандай лойиҳаларни амалга оширди?

Ёшларни рағбатлантириш мақсадида бир неча мукофотлар, хусусан, йилнинг энг фаол ёшлари учун «Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи мукофоти» , мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол ёшлар учун «Ўзбекистон белгиси»  кўкрак нишони таъсис этилди (мукофот аввал ҳам бўлган). Таълим жараёнида аъло натижаларни кўрсатган ва фаол бўлган талабалар учун тўлов шартноманинг 35 фоизини қоплаб берувчи «Ёшлар иттифоқи»  стипендияси ташкил этилди («Камолот» даврида ҳам мавжуд бўлган) . Шунингдек, инновацион ва креатив ғояларини татбиқ этишни истовчилар учун «Республика ёш олимларининг инновацион лойиҳалари»  грант танлови йўлга қўйилди.

Президентнинг аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш борасидаги ташаббусига асосан, энг шов-шувли лойиҳаларидан бири сифатида «Ёш китобхон»  республика танловининг анъанавий равишда ўтказилиши йўлга қўйилди. Республика танловида ғолиб бўлганларга Президент совғаси – «Спарк»  автомобилининг берилиши кўплаб ёшлар учун китобхонликка мотивация вазифасини ўтаб келмоқда.

Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартап, ғоя ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ишсизларни мутахассислик ва бизнес юритиш кўникмалари бўйича ўқитиш мақсадида Иттифоқ қошида «Ёшлар – келажагимиз»  жамғармаси ташкил этилди. Ёшлар ўз бизнес лойиҳаларини амалга ошириши учун тижорат банклари орқали 7 фоизли ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкнинг лизингга берилиши белгиланди.

Ҳудудларда ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида турли ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш шохобчаларидан иборат бўлган «Ёшлар меҳнат гузарлари» ташкил этилди.

«Фидойи ёшлар» отрядлари ташкил этилди. Бунда уйма-уй юрилиб, уларнинг муаммо ва қизиқишларини ўрганиш, ҳудудга диагноз қўйиш, хулосалар асосида ёшларнинг муаммосини ҳал қилиб бериш йўлга қўйилди.

Ёш оилаларга бошланғич тўловини тўлаб бериш шарти билан узоқ муддатли имтиёзли кредитлар асосида «Ёшлар уйлари» ни («Камолот» уйлари ўрнига)  бериш тартиби йўлга қўйилди.

Шунингдек, олий ўқув юртига ҳужжат топширадиганлар ҳам Иттифоқнинг назаридан четда қолмади. Ташкилотнинг республика комиссияси берган тавсиянома эгаларининг педагогика йўналишларига кириш имтиҳонларисиз давлат бюджети асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланди.

Информацион технологиялар (IT) соҳасига ёшларни қизиқтириш, Ўзбекистонда ақлий салоҳият орқали янги иш ўринларини яратиш мақсадида Digital Generation лойиҳаси йўлга қўйилди. Лойиҳа доирасида ёшларнинг медиа, рақамли маркетинг, робототехника, веб дастурлаш, киберспорт каби замонавий йўналишларда малакали менторлардан таълим олиши таъминлаб берилди.

Ёшлар куни арафасида ҳудудларда ёшларнинг ўз муаммолари ва таклифлари юзасидан туман/шаҳар ҳокимлари билан мулоқотини таъминловчи «Ҳоким ва ёшлар»  лойиҳаси (аввал ҳам аналог лойиҳа ишлаган) йўлга қўйилди.

Дунёнинг турли нуқталарида иш ва ўқиш билан банд бўлган ўзбекистонлик ёшлар билан доимий алоқа ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида «Ўзбекистон ёшлари»  умумжаҳон ассоциацияси ташкил этилди.

Умуман олганда, Ёшлар Иттифоқи ва унинг қошидаги 20дан ортиқ кенгаш ва уюшмалар ёшларнинг санъат, адабиёт, илм-фан, таълим, борингки, бизнес соҳасидаги фаоллигини таъминлаш учун ишламоқда. Ташкилот деярли ҳар ойда янги лойиҳа билан медиа ва ижтимоий тармоқларни «гумбурлатади». Ранг-баранг суратлар ва жарангдор шиорлар ҳам диққатни тортади, ҳавасни келтиргулик. 

Лекин халқ орасида «иттифоқчилар фақат тадбирбозлик ва суратга тушишни билади», «ташкилот фақатгина бир гуруҳ ёшлар билан ишлайди, барчани етарли даражада ола билмаяпти»  сингари гап-сўзлар юргани ҳам рост. Демак, Ёшлар Иттифоқи ўзига билдирилган ишончни оқлаш, масъулиятга муносиб бўлиш учун ҳали анча тер тўкиши керак.

Наманганлик ўқувчи қизнинг рўмолини ечишга ундаган иттифоқчи, келин-куёвни таксига ўтказиб юборган (агар шундай бўлса) ташкилот раиси ёхуд ҳисобот учун суратга тушишдан ортмай, ёшларнинг ҳақиқий муаммолари, ишсизлик ва ижтимоий масалаларини ўрганмаётган маҳаллий раҳбарлар Ёшлар кунини нишонлаб, бежирим ҳисоботларни ўқиб бериши учун вақт етиб келмади. 

Саодат Абдураҳмонова

Мавзуга оид